Китобнинг эски, янгиси бўладими?

188

— Афсус…
— Эски китобларни энди нима ҳам қиламан, — деди у хижолатомуз.
Бу гапни эшитиб ўйланиб қолдим: Хўш, китобнинг эскиси ёки янгиси бўладими? Уни ким белгилайди? У чоп этилган, ёзилган даврига қараб белгиланадими? Унда тарихий-маънавий меросни кўр-кўрона рад этган бўламиз-ку?! Форобий, Беруний, Ибн Сино, Румий, Навоий, Махтумқули, Абай, Чингиз Айтматов, ҳатто Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов асарлари ҳам «эски» сифатида мутолаадан чиқарилмайдими? «Янги» деганда нима назарда тутилади ўзи? Агар китобларни эски ва янгига ажратиш бир-икки кишига, ақли ноқис ёшга тааллуқли бўлганида уни бундай муҳокамага олиб чиқишга ҳожат қолмас эди. Минг афсуски, айрим идоралар тазйиқи таъсирида китобларни эски ва янгига ажратиш сиёсат даражасига кўтарилмоқда.
Масалан, Олий Аттестация комиссиясининг талабига мувофиқ илмий тадқиқотлар «янги адабиётлар»га таяниши зарур. «Янги адабиётлар» дейилганда кейинги 10-15 йил ичида чоп этилган китоблар назарда тутилади. Бу талаб илм-фан ривожига ҳам, давлатимизнинг тарихий-маънавий меросни ўрганиш ва асраш сиёсатига ҳам мутлақо зид-ку?! Олий Аттестация комиссияси Ўзбекис­тондаги замонавий илм-фан ХХ асрда ­шак­лл­анганини унутиб қўйган, шекилли. Чунки айнан шу давр­­да чоп этилган асарлардан фойдаланиш тақиқланаяпти. Ҳолбуки, мустақиллик арафасида респуб­ликамизда 8 мингга яқин оммавий кутубхоналар бўлган, уларда 85,5 миллион донага яқин китоб ва журналлар сақланган. Ҳар бир туман, шаҳар, қишлоқ ва меҳнат жамоасида кутубхона мавжуд бўлиб, уларда кутубхоначилар ишлаган. Қишлоқ жойларида кутубхона ҳақиқий маданият ва маърифат ўчоғи эди. 2001 йилга келиб Маданият вазирлигидаги «мутахассислар» ва уларни қўллаб-қувватловчилар кутубхоналарни беркитишга эришишади ва китобларни тонналаб (?!) макулатурага топшириш ҳақида буйруқ беришади. Эмишки, кутубхоналар ҳам, улардаги китоб­лар ҳам «эски».
Қайсидир олим, академик вафот этганини эшитсам, дарров унинг кутубхонаси кўз олдимга келади. Газетада эълон қилинадиган таъзиянома олим хизматларига берилган давлат ва жамоатчилик баҳосидек туюлади, лекин бу етарли эмас. Олимнинг қўлёзмалари, йиққан китоблари, буюмларини асраш ҳақида қайғуриш керак. Айрим ёзувчи ва мусаввирларимизнинг уй-музейлари бор, шундай уй-музейларни олимларга ҳам яратишимиз зарур. Бундай уй-музейлар, қизиқарли учрашувлар ўтказувчи, ижод аҳлининг маърифий чиқишларини уюштирувчи аудитория вазифасини ўташи лозим. Ижодкор ва олимлар меросига, улар яшаган ва ижод қилган уйларига эътибор вилоятлардаги маданий ҳаётни жонлантириши шубҳасиз. Хива шаҳридаги Аваз Ўтар ўғли уй-музейига ёшлигимда кўп борганман. Ҳозир у хароб аҳволга келиб қолган. Ўрни келганида яна бир мисол келтирай. Бир пайтлари Хива шаҳрида Ўлкашунослик музейи бор эди. Мўъжазгина ҳовли ва пастаккина тўрт хонада 12 мингтадан зиёд экспонат — қотирилган жониворлар, скелетлар, турли тошлар, суратлар, уруғ-донлар, қўлёзмалар, китоблар сақланарди. Мактабдан ташқари бу муассаса аълочи ўқувчилар ва музей фаолларини ҳар йили таътилда турли ўлкаларга саёҳатга олиб борар, нодир бойлик­ларни йиғиб келар эди. Шундай музейлар ҳар бир туман ва шаҳарларда ташкил этилган эди. Ҳар бир меҳнат жамоаси ўзининг тарих ва шон-шуҳрат музейига эга эди. Улар тарихини тарғиб қилиш билан шуғулланарди. Уларда қанчадан-қанча этнографик ва жуғрофий атамалар билан боғлиқ манбалар сақланарди. Бундай музейлар сони 11,5 мингтадан зиёд эди. «Халқ музейи» номини олган маданият ўчоғида эса икки-уч нафар ходим ишлаган. Маданият вазирлигидаги «мутахассислар» эса ушбу маданият ва маърифат ўчоқларидаги ноёб қўлёзма, китоб ва экспонатларни талон-тарож қилиб юборишган. Улар назарида музейлар ҳам «эски» эди-да!..
Фикримча, олимларнинг уй-музейларини ташкил этишни Фанлар Академияси ўз зиммасига олиши зарур. Илмий тадқиқот ­институтлари сарф-харажатлари ва ойлик маошларнинг бир фоизини Фанлар Академияси қошида олимлар уй-музейларини сақлаш учун ташкил этиладиган махсус жамғармага ўтказишни йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, уй-музейлардаги қўлёзма, китоб ва экспонатларни инвентаризация қилиш ва Фанлар Академияси кутубхонасининг умумий фондига киритиш, уларни талон-тарож қилмаслик учун махсус қонун қабул қилиш ёки «Музейлар тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритиш керак. Ёзувчи, шоир ва мунаққидлар уй-музейларини ташкил этишни Ёзувчилар уюшмаси, мусаввирлар уй-музейларини, Бадиий академия, мусиқачилар уй-музейларини Бастакорлар уюшмаси ўз зиммасига олса бўлади. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларига уй-музейларининг маърифий-тарғибот ишларига жалб этиш, уларга зарур ёрдамлар кўрсатишни вазифа қилиб юклаш мақсадга мувофиқдир.
Яна бир муаммо шундаки, ижодкорлар, айниқса, таниқли олим ва академикларимиз меросини тўплаб, кўп жилдли китоб­лар тарзида нашр этиш лозим. Бу ишни Фанлар Академияси, «Фан» ва «Фан ва технология­лар» нашриётлари ўз зиммасига олиши мумкин. Масалан, «Мумтоз сўз» нашриёти академик Азизхон Қаюмовнинг 12 жилдлик асарлар тўпламини чоп этиб, ибратли иш қилган. Улардан ҳозир Россия ва Франциядаги университетларнинг олимлари фойдаланмоқда. Минг афсуски, нашриётнинг маблағи етарли эмаслиги сабабли асарлар жуда оз нусхада чоп этилган. Агар Фанлар Академияси ўз аъзосининг мероси билан қизиққан, уни оммалаштиришга бош-қош бўлганида устознинг китоблари кенг китобхонларга бориб етадиган нусхада чоп этилган бўлар эди.
Бу фикрга мутасаддилар қандай муносабат билдирар экан?…

Виктор   АЛИМАСОВ,
фалсафа фанлари  доктори

Бошқа хабарлар