Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди

330

Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш мақсадида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Рес­публика кенгаши раиси ҳамда масъул ташкилотчи томонидан Тошкент вилоятининг Бўка ҳамда Қуйи Чирчиқ туманларида қатор учрашувлар ташкил қилинди.

Уларда мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари қатнашди.
Маълумки, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига 1992 йилда аъзоликка қабул қилинган бўлиб, ҳозирга қадар мазкур ташкилотнинг 14 та Конвенцияси ратификация қилинган. Хусусан, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик тўғрисидаги қатор конвенциялар талабларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда 1 та Бош келишув, 95 та тармоқ келишуви, вилоят миқёсида 1 та минтақавий келишув, бевосита корхона ва ташкилотларда эса 23 мингтадан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.
ХМТ билан ҳамкорликда 2017 — 2020 йилларни ўз ичига олган муносиб меҳнат бўйича дастур ижроси таъминланяпти. Халқаро меҳнат мезонларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Учрашув доирасида мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашлар фаолияти, улар томонидан уюштирилаётган конференция, семинар ва давра суҳбатлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бундай мулоқотлар ҳар бир туманда ташкил этилади.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

* * *

Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида мажбурий меҳнат ва одам савдоси масалаларига бағишланган амалий семинар ташкил қилинди. Унда ҳуқуқ-тартибот органлари, савдо-саноат палатаси, вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси ҳамда касаба уюшма вакиллари иштирок этдилар.
— Мамлакатимизда демократик ислоҳотлар жадаллик билан давом этмоқда, — деди бирлашма раиси ўринбосари Камолжон Бекжонов. — Уч босқичли —давлат, парламент ва жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилгани туфайли меҳнаткашларнинг иш шароити яхшиланиб, турмуш фаровонлиги тобора ортиб бормоқда. Бироқ ушбу йўналишда айрим муаммолар ҳам йўқ эмас.
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Темур Толибоев мавзу юзасидан қуйидаги ­фикрларни билдирди:
— Иш берувчи ходимни мажбурий меҳнатга жалб қилганда касаба уюшмаси бунга йўл қўймаслик учун барча чораларни кўриши керак. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар барчага ибрат бўлиши мумкин. Хусусан, «Ишонч телефони» орқали бўлаётган мурожаатларга ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда. Ушбу тажриба Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ҳам эътироф қилиниб, бошқа давлатларга тавсия қилинди. Иш берувчи вакиллари билан олиб борилаётган музокаралар ҳам бесамар кетмаяпти.
Вилоят прокурори ёрдамчиси Гулшаной Ўрозбоева одам савдоси, унинг оғир оқибатлари, олдини олиш чоралари хусусида кенг тўхталди. Маърузачи тилга олган айрим рақамлар семинар иштирокчиларини ушбу масала юзасидан чуқурроқ ўйлашга ва тегишли хулоса чиқаришга ундади. Айтайлик, айрим фуқаролар хориждан турли юқумли касалликларни юқтириб қайтаётгани яра устига чипқон бўлаётир. Хорижда ишлаб, иш ҳақларини ололмаётгани боис ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилаётганлар қанча!
Хўш, юртдошларимиз хорижда одам савдоси қурбонларига айланмаслиги ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинмасликлари учун нималар қилиш керак? Семинар иштирокчилари ушбу савол атрофида узоқ музокара олиб бордилар. Гуруҳларга бўлинган ҳолда видео­роликда намойиш қилинган муаммоли вазият, унга ечим топиш борасида ўз таклифларини ўртага ташладилар. Аҳоли бандлигини таъминлаш, мигрантларга меҳнат муносабатларини қонуний йўлга қўйишда кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, тарғибот тадбирларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунинг­дек, ҳар бир ишга кирувчи, хоҳ хорижда, хоҳ ўзимизда бўлсин, иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномаси билан обдан танишгачгина имзолаши лозимлиги айтилди.
Иштирокчилар бундай амалий семинарларни барча меҳнат жамоаларида ташкил қилишга келишиб олдилар.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

* * *

Самарқанд шаҳридаги «Нодир Самарқанд» меҳмонхонасида меҳнатнинг мажбурийлик касб этган омилларини бартараф этиш, болалар меҳнати тартиб-қоидаларига оид семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари, касаба уюшма фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари, ўрта махсус, халқ таълими, бандлик ва меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш бошқармалари, савдо-саноат палатаси вакиллари, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари мутахассислари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.
Семинарни вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов очиб, меҳнатнинг мажбурийлик касб этган турларига барҳам беришда жамоат назоратининг таъсирчан усулларига атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, ЎзКУФК етакчи юристконсульти Гўзал Бобониёзова, Савдо-саноат палатаси вакили Фаррух Омонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги давлат меҳнат ҳуқуқи инспекцияси бошлиғи ўринбосари Шерзод Тўхтаев, ХМТ экпертлари Йоннес Аструп, Оксана Липкану ва бош­қалар мажбурий меҳнат турлари, болаларни мажбурлаб оғир юмушларга жалб этишнинг олдини олишга доир мажбуриятлар хусусида сўз юритишди.
Иштирокчилар томонидан гуруҳларга бўлинган ҳолда меҳнатнинг мажбурийлик омиллари, меҳнат муносабатлари хусусидаги ёндашувлар, меҳнатни ташкил этишда иш берувчиларнинг мажбуриятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда меҳнат соҳасини тартибга солишдаги ҳаракатлар, зарарли омиллар қонун доирасида ҳал этилаётганлигига ҳам эътибор қаратилди.
— Мамлакатимизда мажбурий меҳнат турларига қонун доирасида чоралар белгиланган, — деди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Бахтиёр Номозов. — Бюджет соҳаси ходимлари, хусусан, ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини ана шундай ишларга жалб этишдек қусур барҳам топди.
Иштирокчилар саволларига мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Улуғбек ­­ҒАНИЕВ,
Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири

 

* * *

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Сирдарё вилояти тармоқ туман ва шаҳар кенгашлари раислари, Гулистон шаҳар мактаблари ва МТМ раҳбарлари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирокидаги учрашувда ходимларнинг қўшимча ишларга жалб қилинишининг олдини олишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Бундан буён ходимларни қишлоқ хўжалиги, коммунал ободонлаштириш, қурилиш, иккиламчи хом ашё йиғиш ва бошқа ишларга мажбуран жалб этишга йўл қўймаслик чораларини кўриш фаолиятнинг бирламчи шарти сифатида белгиланди. Таъкидланганидек, бу борада бошланғич касаба уюшмалари фаол бўлиши талаб этилади. Қолаверса, туман, шаҳар кенгашлари, вилоят масъул ташкилотчиси ҳамда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик клиникаси ҳам яқин кўмакчи эканлиги қайд этилди.
Семинар қатнашчиларига аноним сўровномалар тарқатилиб, вазият ҳақида холис маълумот олинди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбири

* * *

Жиззах вилоятида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан Муносиб меҳнат дастури доирасида қишлоқ хўжалиги мавсумида ишчиларни ёллашда иш берувчилар томонидан меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги масаласига бўлган эътиборни кучайтирган ҳолда уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб беришга оид семинар ўтказилди.
ХМТ вакиллари Антон Хаузен, Анастасия Дубова ва А.Хусаиновнинг мавзуга доир чиқишлари ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, вилоят банд­лик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ва Фермерлар кенгаши масъулларига тегишли хулосалар чиқариш учун имкон яратди.

Абдуманноп АЗИМОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар