Некбин ва тушкун

173

Оилада эгизаклар вояга етарди. Улардан бири жуда некбин эди. «Ҳаммаси яхшиликка бўлади», дейишни канда қилмас, бирор нарсадан норози бўлмасди. Иккинчи бола тушкун бўлиб, ҳеч нарса уни хурсанд қилолмасди. Эгизакларнинг икки хил ҳолатидан хавотирланган ота-онаси уларни руҳшуносга олиб борибди.
Болаларнинг дунёқарашини ўрганган руҳшунос шундай дебди:
— Уларнинг туғилган кунида бир режа уюштиринг. Иккисига аталган совғани алоҳида-алоҳида топширинг. Некбин болага энг яхши туҳфани, тушкунга эса жирканч бир нарса совға қилинг. Балки шунда уларнинг феъл-атворида ўзгариш юз берар…
Ота-она маслаҳатга амал қилиб, туғилган кунни интиқ кутишибди. Ўша кун келгач эса иккисини алоҳида хонага чақириб, совға солинган қутиларни узатишибди. Сўнг эса…
— Бу компьютернинг ранги менга ёқмади, — дебди тушкун бола. — Аниқ биламанки, кўпга етмай бузилади. ­Ўйинлари ҳам йўқ экан… Эгизагим ҳойнаҳой мендан яхшироқ совға олган бўлса керак-а?!
Шу пайт некбин боланинг хонасидан қаҳ-қаҳа эшитилибди:
— Қандай яхши! Тезак тўла қути! Демак, қаердадир тулпорим ҳам бор!

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА
таржимаси

Бошқа хабарлар