Овчи йигит ва бўри

19

Бир куни овчи йигит милтиғини елкасига илиб, бўрибосар итини етаклаб тоққа чиқибди. Бир нечта бедана ва каклик отибди. Ови бароридан келиб, хуш кайфиятда қайтаётиб, кўзи бир ғорга тушибди. Не кўз билан кўрсинки, ичкарида урғочи бўри иккита боласини эмизиб ётганмиш. Фавқулодда учрашувдан жунбушга келган она бўри тишларини кўрсатиб ириллабди. Йигит шоша-пиша урғочи бўрига ўқ узибди. Бўрибосар эса унинг болаларини ғажиб ташлабди. Овчи йигит оқшомда дўстларини чақириб зиёфат берибди.
Тонгда у ҳовлидаги шовқиндан уйғонибди. Югуриб ташқарига чиқса… не кўз билан кўрсинки, ҳовлининг ўртасида бузоқдек келадиган баҳайбат эркак бўри турар, ёнида эса… 5 ёшли қизи бўрининг думидан тортар ва:
— Дада, қаранг, кучук, каатта кучук! — деб ўзида йўқ қувониб бақирарди! Йигитнинг вужуди музлаб қолибди! У кеча тоғда ўзи ўлдирган бўри болаларининг отаси эди! Шуурида «Тамом! Қизимдан айрилдим! Бўри қасос олгани келди!» деган фикр ярқ этибди.
Шу пайт бўри қизалоқнинг юзини искабди ва йигитга қараб мунгли овозда увлабди. Масофа қанчалик узоқ бўлмасин, йигит бўрининг кўзларидан оққан ёшни кўрибди! Ё қудратингдан, бу не мўъжиза?! Бўри ҳеч кутилмаганда чақмоқ тезлигида югуриб девордан сакрабди ва кўздан ғойиб бўлибди. Овчи йигитнинг ранги оқариб кетган, бўлиши муқаррар бўлган мудҳиш воқеадан қўрққанидан бутун вужудидан тер қуйилар, оёқлари қалтирар, тили калимага келмасди. Аранг қадам босиб бориб, қизчасини қучоқлаб, ҳўнг­раб йиғлаб юборибди! Ҳа, бўри унинг фарзандини аяган эди! Ҳатто шу тилсиз, онгсиз, энг ваҳший жонзот ҳам болага раҳм қилганди! Ваҳоланки, у инсон бўла туриб, бўри болаларига ачинмаганди… Йигит милтиғини тош­­га уриб синдириб ташлабди ва қайтиб ов қилмасликка қасам ичибди.

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ,
Юнусобод тумани «Кулол-Қўрғон»
жоме масжиди имом-ноиби

Бошқа хабарлар