Ўзбекнинг ори баланд, садоқати тенгсиз

121

Муҳаммадисмоил эшикдан ўзгача ҳаяжон билан кириб келди.
— Отажон, бугун коллежимизда ҳарбийлар билан учрашдик. Суҳбат чоғида мени ҳарбий хизматчи бўлишга таклиф қилишди…
Фарзандининг кўзидаги қувонч ва шижоатни кўриб ўзининг ёшлик даври ёдига тушди.
Ҳарбий хизмат бурчини бажариш давомида алоқачи-сержант унвонини олгач, Афғонистонда тинчликпарварлик миссиясида иштирок этгани кўз ўнгидан ўтди. Ватан хизматига шайланган фарзанди учинчи авлод вакили эди.
Бобоси Туроб бобо айни навқирон ёшида ёлғиз онаси, аёли ва икки нафар фарзандини қолдириб, Ватан ҳимоясига отланди. Душманга нисбатан нафрат ва оиласига бўлган муҳаббат унга куч бағишлади.

Собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан жамулжам бўлган аскарлар қаторида хушчақчақ феълли ўзбек йигити Туроб Муслимов ҳам ватан ҳимояси йўлида қонли жангга киришди. Унинг асосий вазифаси душманни пулемётдан ўққа тутиб, пиёда аскарларга йўл очиш эди. У биринчи марта 1942 йили ёнгинасида портлаган снаряддан жароҳатланиб, госпиталга тушди. Икки ойга яқин даволангач яна сафга қайтди.
Иккинчи бор елкасидан яраланди. Тез муддат ичида даволаниб сафдошлари қаторига қўшилди.
Курск яқинидаги жангда у учинчи бор яраланди. Буниси анча жиддий эди. Ҳарбий дала госпиталида уни операция қилиб қайта жангга киролмаслигини айтишди. У «мен фарзандимга урушни тугатиб қайтаман», — деб ваъда берганман. Уруш тугамай туриб уйга бориб унинг кўзларига қандай қарайман, мен сафга қайтаман», дея ўз сўзида қатъий туриб олди ва яна жангга қайтди.

«Душманни ер тишлатмагунча тинчиш йўқ», дерди у ўзига-ўзи. Ана шундай жангларнинг бирида оёғидан яраланди. Душман отган ўқ суякка қадалган, уни олиш учун оёқни кесиб ташлаш лозим эди. Бироқ Туроб Муслимов бир оёқсиз у жангга кира олмаслигини такрор-такрор айтиб, бунга йўл қўймади. «Яна жангга қайтаман, душманни йўқ қилмагунча қўймайман», дея ўз қарорида қатъий туриб олди.

Шундай кунларнинг бирида оиласига «қора хат» келди. Хонадонда қайғу ҳукм сурди, аммо қўни-қўшни, қариндош-­уруғлар аза очиш лозимлигини айтишса-да, аёли Зуҳрахон «менинг эрим тирик» дея оёқ тираб олди.
Ойлар ўтди. Кунларнинг бирида хонадонга яна хат келди. Унда Туробнинг икки оёғи, бир қўли кесиб ташланган, мажруҳ танаси қутичага солиб қўйилганлиги айтилганди. Агар яқинлари ундан воз кечса, давлат уни ўз қарамоғига олиши ёзилган эди. Зуҳрахон бу гапларга ҳам ишонмади. Турмуш ўртоғига бўлган муҳаббати устун келди. «Оёқлари кесилган бўлса унга оёқ бўламан, қўллари кесилган бўлса, қўл бўламан. Фарзандларимнинг отасидан воз кечмайман», деган жавоб хат ёзди.

Зуҳрахон ая бир неча ой давомида онаси ва икки нафар фарзанди билан эрини интиқлик билан кутди. Шундай кунларнинг бирида узоқдан қўлтиқтаёққа таянган бўйчан аскар йигит кўринди. Аввалига кўзларига ишонмаган аёл қайнонасига юзланди. «Онажон, қаранг, анави биз томонга қараб келаётган ҳасса таянган аскар ўғлингиз эмасми?». Ҳа, у ўша Ватан ҳимояси йўлида қондан, керак бўлса жондан кечишга тайёр, орияти ҳар нарсадан устун бўлган ўзбек йигити, турмуш ўртоғи Туробжон Муслимов эди.

Муҳаммадисмоилнинг отаси ана шуларни гапириб берар экан, ҳар бир йигит, айниқса, ҳарбий хизматчининг Ватани олдидаги бурчи муқаддаслиги, қалбидаги ори ҳар нарсадан устунлигини айтиб, бобоси ва отасига муносиб фарзанд бўлиш йўлида ўғлига оқ фотиҳа берди.

Муқаддас  РАЗЗОҚОВА

Бошқа хабарлар