Ўлмас жасорат

220

Кўз ўнгимдан генерал Миркомил Миршаропов ўтди.
Қалбимда аланга олиб келаётган шоён хотира пилигини азамат курашчи, Меҳнат Қаҳрамони Мирзааҳмад Мирҳодиев ёди янада равшанроқ ёритди. Ахир, улар ва улар каби яна неча-нечалар шу улуғ сафда, шу улуғ кошонада ўтиришлари, файзли дамларнинг нашидаларини суриши мумкин эди-ку! Аммо суронли, шаҳд-шиддатли, талотўпли замонлар, жанглар, омонсиз тўқнашувлар уларнинг кемаларини аёвсиз вақт қаърига суриб кетди.
Бу каби сиймолар, айниқса, машриқдан чиққан шер — Собир Раҳимов биз энди саксонга кираётганлар — болалигимиз ва ёшлигимизнинг чин қаҳрамони эди. Ҳамма нарса эсдан чиқса ҳам, болалик қаҳрамонлари асло ёддан кўтарилмайди. Уларнинг қаҳрамонлик­лари — бизнинг ҳаётимиз, борлиғимиз, одамийлигимизнинг «атом» билан ҳам йўқотиб бўлмайдиган ажралмас бўлаги, маънавий жасоратимизнинг олтин бешиги.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, темир­йўлчи поччам Раҳмат Қудратов бола чоғларимизда Собир Раҳимов ҳақида кўп антиқа гап­ларни тўлиқиб-тошиб ҳикоя қиларди. Саркардамизнинг зеҳни ўткирлиги, аскияни севиши, ҳақгўйлиги, доим камбағал бечораларга ­қайишиб, уларга ён босиши, қариндош-уруғларига меҳр-оқибати, оқсоқоллар билан гурунглашишни яхши кўриши, одампарварлигига мисоллар келтириб сўйларди.
Поччамнинг онаси Собир Раҳимовга туғишган яқин қариндош эди. Уларнинг Тахтапулда ҳовли-жойлари бўлиб, поччам шу ерга борганида Собир Раҳимов билан кўришарди.
Собир Раҳимов халқ ичидан чиққан, халққа бениҳоя яқин инсон эди. Мисоли Йўлдош ота Охунбобоев ёки Усмон ота Юсупов каби. Халқ уларни севиб, ардоқлаб, ўз келажагини улар билан чамбарчас боғлаб «Ота» деб атар эди.
Табиат унга — тегирмончининг ўғлига — тиришқоқлик, матонат, иродани қўшқўллаб ато этганди. Беш яшар чоғидан унинг барча дамлари том маънода жанг ичида ўтди. У ўзини одам сифатида жанг билан яратди. Жанг билан тарбиялади. У кураш, жанг, тоб­ланиш учун дунёга келган одам эди. Яхши касб-ҳунар эгаллади, қунт билан маълумотли саводхон бўлди. Одамийлик мақсад-матлабини курашдан, жангдан излаганлардан бири Собир Раҳимов бўлди. Унинг курашларга йўғрилган ёшлик, ўсмирлик йиллари ўлкада синфий курашлар авж олган, фуқаролар урушининг қизиган даврларга тўғри келди.
Собир 1922 — 1925 йилларда Боку ҳарбий мактабида таълим олди. Шу ерда унинг қўмондонлик лаёқати намоён бўла бошлади. Биринчи ўзбек отлиқ полкида взвод командири, 41-отлиқ полкида эскадронга қўмондонлик қилди.
Собир Раҳимов ўз устида тинимсиз ва қаттиқ ишлайдиган, адолатли, беҳад темир интизомли қўмондон эди.
Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли, ҳаёт-мамот учун кураш кетаётган жабҳаларида унинг қўмондонлик санъати, маҳорати, стратегик ақл-идроки, таланти юксак даражада намоён бўлди. Унинг қўшинлари фашистлар ва фашизмга қарши қаттол, беҳад оғир, узоқ давом этган жангларда неча марталаб ҳайратомуз ғалабаларга эришди. Уларни суйиб «Раҳимовчилар» деб атайдиган бўлдилар. «Раҳимовчилар» энг қийин шароитларда зафар қозониш рамзи бўлиб қолди. Улар Собир Раҳимов — жангчи ва қўмондонга жуда қаттиқ ишонар эди. Қўмондон эса ҳамиша фронтнинг энг хатарли жойида — фақат олдинги сафда бўлар, ўз ҳарбий стратегия­сининг фашизм ҳарбий машинаси ва стратегиясидан устунлигини намоён этарди. Бунга ­онгли суратда интиларди.
Собир Раҳимов — ўзбек халқининг асл фарзанди, халқ қаҳрамони ва озодлик ­фидойисидир. «Бир қадам ҳам чекиниш йўқ!»
Бу улуғ саркарданинг шиори эди. Унга ­доимо амал қилди. Жангу жадаллар билан тўлган замонлар Собир Раҳимовдай афсонавий одамларни ­дунёга келтирган эди. Уларни замон айланалари, гирдоблари етиштирганди.
Уларнинг инсоний ибрати — Замонлар ибрати — наслларга тарих ўгитидир.

У бир-иккита дивизия эмас — Белорусь фронти каби улкан фронтларни бош­қара оладиган, ғалабаларга элта оладиган улуғ саркарда бўлиб етилган эди. Нега унга олий қаҳрамонлик унвони 1945 йилда эмас, ҳалокатидан йигирма йил ўтиб 1965 йилда берилди? Нега унинг ҳарбий стратегик санъати шу пайтгача ўрганилмай келади? Нега у уч карра арзиса ҳам «Маршал» унвонига тақдим этилмади? Нега у ўзини оддий жангчидай ҳамиша фронтнинг олдинги сафига, ўлим хатари ёғилган жабҳаларга урди? Бундай саволларга ҳарбий архивларда жавоблар бўлса керак. Аммо ҳозирча улар саркарда тарихи учун сир бўлиб қолмоқда.

Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
санъат арбоби

Бошқа хабарлар