ЖАСОРАТ ЎЛМАЙДИ

37

1941 йил. Декабр. Уруш ўчоғи. Икки поезд одам. Бири Лелинградга, иккинчиси Сталинградга йўл олди. Биз Олмотанинг ҳарбий университетини тугатмасдан туриб жўнатилдик. Мен Лелинградга тушдим, у ҳар тарафдан ўраб олинган, биргина Ладога кўли очиқ эди. 

Инсон ҳаётининг охир-ниҳоясига етаётгани сари ўтмиш ҳақида, босиб ўтган йўли хусусида жуда кўп ўйлайди. Ўз умрининг яхши ва ёмон кунини ўз тарозисида сарҳисоб қилади. Биз излаб борган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Оразимбетов Ширинбек бува ҳам ўз хаёллари, ўтмишнинг азобли хотиралари ва бугунги куннинг дунёси билан яшаб келмоқдалар. Гўзал табиат оламига термулиб турган бува бизни очиқ чеҳра, хурсандчилик билан кутиб олдилар. Ширинбек бува хонадонларига кирар эканмиз, у кишининг оддий, содда инсон эканликларига, биздек ёшларга келажак учқунлари сифатида қарашларига гувоҳи бўлдик.

Оразимбетов Ширинбек бува 1923 йил 15 январда Қозоғистоннинг Шимкент (ҳозирги Чимкент) шаҳрида туғилганлар. Ўсмирликнинг шўхликларида яшаш ўрнига 10-синфни битириб урушга жалб қилинган. Баъзан фронт ортида, баъзан уруш ичида яшашга кўникиб, қийинчиликларга бардош бериб, бугунги кунгача етиб келдилар.

Ҳаётининг кўп қисмини машаққат оғушида ўтказган инсоннинг хотирасида ўша даврнинг “темир ўқлари” маҳкам муҳрланиб қолади.

— Лелинградни немислар ўраб олган эди. Бир ой мобайнида овқат еқ, сув еқ.  Беш этажлик бинолар бор. У ерда оилалар яшайди. Шу тарафга борамиз. Эшикларни аста тақиллатамиз, ҳеч ким гапирмайди, очмайди… эшикни бузиб кирамиз. Оппоқ ўралган одамлар каравотда, ерда ётибди. Очлик ўз кучини кўрсатди. Ўша йилларни, чорасиз даврларни тинглаб туриб, буванинг оғир хўрсинганларини кузатамиз. Ҳа, уруш қанчадан-қанча инсонларнинг бевақт ўлимига, одамларнинг одамга қурол ўқталишига, жонини сақлаш учун ҳам жанг қилишига мажбур этди. Ўша пайтда 20та одам қолгандик. Бизга топшириқ берилди. Остроумов оролини немислардан қайтариб олишимиз керак эди. Яна жанг бўлди. Байроғимиз қўлимизда. Аввал немисларни қочирдик. Кейин улар бизни. Шу ерда бир кеча-кундуз сув ичида бутун танамиз билан қолиб кетдик. Совуқ, октябр ойи эди.  Ката-катта тошлар ортига бекинганмиз. Душман келиб қолгудек бўлса,  нафас олишимиз учун чиқиб турган бошимизни ҳам сув остига оламиз. Овоз чиқармай, қимирламай, кетгунча жим турамиз… Байроқ тутқичини олиб ташлаб, кийимимиз остидан боғлаб олганмиз. Кейин Лелинграддагилар ўқ отишни бошлашган. Бизни ҳам билмай отиб қўйишидан қўрққанмиз. Охири шу оролни олганмиз, — дейди бува маюс кулиб.

— Ўзбекларнинг йигитлари урушда бўлсада, аёллари фронт ортида барча озиқ-овқат, кийим-кечак маҳсулотларини, ўқлар ва порох учун ишлатиладиган пахтани етказиб туришган. Ўша даврда пахта, дока қанчалик уруш учун асқотарди. Усмон Юсупов каби бир қанча одамлар болаларни асраб олишди, тарбиялашди. Ўз фарзандларидек қабул қилишди.

Ширинбек буванинг 3 йил: 1942 — 1944 йилгача урушда бўлганликларини тинглар эканмиз, бундай кўплаб воқеаларнинг шоҳиди эканликларини англаймиз. Гумбурлаш, портлаш садоси, кўз олдида одамларнинг йиқилаётгани, қўл-оёқларнинг ҳар ёққа сачраб кетаётганини кўриш юрагимизни бир лаҳзада уришдан тўхтатади. Қулоқларимиз битиб, бошқаларнинг ҳаётига ёрдам бериш у ёқда турсин, ўзимиз ҳам тик ёғочга айланамиз. Мана шундай машаққатларнинг аччиқ заҳматини чеккан бува урушдан сўнг, Тошкентга Ўрта Осиё давлат университетига ўқишга киради. Буванинг кейинги ҳаёти ушбу университет билан боғланади. 40 йил мобайнида шу университетда ишлайди. Квартира қидира туриб, бир умрлик ҳамроҳи — Назира аяни учратади. Ҳозирда буванинг тўрт нафар фарзанди бор.

Ширинбек  бува ҳозирда Тошкент вилоятининг “Беруний” маҳалласида истиқомат қилади. Ушбу ҳудуддан чиқиб кетар эканмиз, йил бўйи буванинг мустаҳкам хотираларига, бугунги кундаги ҳар бир воқеага бефарқ қараб тура олмасликларига, янгиликлардан хабардор бўлиб, замон билан ҳамнафас яшаб келаётганлигига ҳайрон қолдик…

 Муҳаббат УБАЙДОВА

Бошқа хабарлар