Муқаддас қўрғон

186

Оила ва никоҳ муаммоларига қаратилган илк тардқиқотлар дунё миқёсида Ғарбда 1889 йилдан бошланган эди. Ўтган вақт мобайнида маълум бўлдики, ҳар бир оила ўзига хос қўрғон, ўзаро муносабатлар макони бўлиб, унинг хусусиятлари, таназзул ва ривожланиш анъаналари мавжуд экан.
Олинган илмий натижаларнинг аҳамиятидан келиб чиқиб, орадан 100 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, оила муаммоси бугун яна долзарб тус олди. Чунки инсоният тараққиётининг кейинги босқичида, айниқса, айрим Ғарб давлатларида оилалар чуқур таназзулни бошдан кечирган. Жумладан, ўтган асрнинг 70-йилларида АҚШ матбуоти, яъни «Нью-Йорк пост» газетаси «Муқаддас никоҳ чуқур зилзилани бошдан кечирмоқда», деб ёзган. Италияда чиқадиган «Эпока» журнали эса журналист П.Дзуллинонинг «Фожиали ёлғизлик» мақоласи орқали Данияда оилалар барбод бўлаётгани тўғрисида хабар берган.
Аммо… Таассуфлар бўлсинким, бугунга келиб мултақо тутуриқсиз фикрларни илгари суришмоқда. Жумладан АҚШ психоанализ ассоциациясининг Президенти Гаролд Гринвалд ҳуқуқий расмийлаштирилган никоҳ ўрнига вақтинчалик никоҳни таклиф қилмоқда. Айримлар эса бу таклифга «тузатиш» киритиб, «никоҳ юридик жиҳатдан майли расмийлаштирилсин, аммо муддати 5 йилдан ошмагани маъқул», деган таклифни билдирмоқдалар.

Мазкур мамлакатда чиқадиган «Футурист» журналида босилган «Шимолий Америка ­оиласи 1990 йилда» мақоласи кишини янада таажжублантириши табиий. Мақолада баён қилинишича, ХХ аср охирига бориб романтик севги мутлақо йўқолди. Йигит ва қизлар эндиликда бир-бирлари тўғрисида электрон машина берган маълумотлар билан «никоҳ» бозорида танишади. Энди улар 3-5 йилга никоҳ иттифоқи тузади, холос. Оилаларнинг учдан икки қисмида фарзанд бўлмайди. Уларнинг фикрларидан келиб чиқадиган бўлсак, афтидан Ғарб оилаларининг бундай нохуш аҳволдан сабри тугаб, бардоши етмаётганга ўхшайди. Энди улар никоҳни мутлақо йўқ қилишни ёқламоқда. Чунончи, даниялик руҳшунос Инге Хечелер ҳар 100 никоҳдан 90 таси эр-хотин истамайдиган никоҳ эканини таъкид­лаётир. Унинг айтишича, «одам умри бўйи бир киши билан никоҳда туриши тўғри эмас».
Албатта, ғарбликларнинг бу фикрлари шарқона менталитетимизга мутлақо ёт бўлиб, бундан таассуфланамиз, холос. Энг ачинарлиси бундайин ахлоқсиз, инсоний туйғуларга мутлақо зид фикр ва ғояларга ишонадиганлар ҳам пайдо бўлганидир. Аслида, бу ғоя­лар ёшларнинг ахлоқий ҳаётида тузатиб бўлмас муаммоларни юзага келтириб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли оила масаласи сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамиятининг диққат-­эътиборида тургани бежиз эмас. Чунки оила барча даврларда давлат ва жамият ғамхўрлигига муҳтож бўлган.
Буни эътиборга олган ҳолда, 1993 йилнинг 20 сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Халқаро оила куни ҳар йили 15 майда бутун жаҳон миқёсида кенг нишонланади.
Бундан кўзланган мақсад, инсоният ­эътиборини одамларнинг ўз орзу-умидлари, бахт-саодати ҳамда тинчлигини боғлайдиган маскан — оиланинг мустаҳкам бўлишига қаратишдан иборат. Бу ташаббус доирасида ўтказилган барча тадбирлар оиланинг давлат ва жамият ғамхўрлигига муҳтож эканини исботлади.
Ўзбекистонда ҳам ўтган даврда оила инс­титутида айрим нохушликлар кузатилганидан кўз юма олмаймиз. Масалан, 1970 йилда Ўзбекистонда оилавий ажрашишлар сони 13 мингта деб қайд қилинган бўлса, 1980 йилда 22,5 мингта, 1990 йилда 30 мингта, 1992 йилда 33 мингтани ташкил этган. Бундай дилхираликларнинг олдини олиш, оила мус­таҳкамлиги ва боқийлигини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганига барчамиз гувоҳмиз. Хусусан, оила мус­таҳкамлиги масаласига давлат миқёсида эътибор қаратилмоқда. Миллий қонунчилигимизни ­шакллантириш жараёнида оиланинг ҳуқуқий асос­ларини яратишга алоҳида аҳамият берилди. Бош Қомусимиз бўлган Конс­титуциянинг XIV боби «Оила» деб номланиб, 63-моддаси «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга», дея белгилаб қўйилди. Оила муносабатларини тартибга солувчи нормалар маж­муи сифатида Оила кодекси қабул қилинди.
Бироқ оила ва ундаги муносабатларни мус­таҳкамлашга қанчалик ҳаракат қилинмасин, ҳануз оилавий ажримлар юз бераётгани кузатилмоқда.
Жумладан, Давлат статистика қўмитаси ахборотига кўра, ўтган 2017 йилда ФҲДЁ органларида 306 мингта никоҳ қайд қилинган.
Сурхондарё вилоятида 2016 йилга нисбатан 26,6 фоиз кўп никоҳ рўйхатдан ўтказилган. Ўсиш суръатлари бўйича кейинги ўринлар Жиззах ва Наманган (15,9 %), Самарқанд (12,3 %) ҳамда Қашқадарё (11,2%) вилоятларига тўғри келган.
Бироқ бу кўрсаткичлар билан бир қаторда 2017 йилда 31,9 мингта никоҳдан ажралиш ҳолатлари ҳам қайд қилинган. Бир йил аввалги кўрсаткичлар билан таққослаганда энг юқори ўсиш Сурхондарёда қайд этилди — 28,6 фоизга тўғри келган. Шунингдек, Жиззах ва Сирдарё (22,2 %), Самарқанд (21,2%), Наманган (19 %) вилоятлари ва Қорақалпоғис­тонда (18,2%) ҳам ажримлар сони ошган.
Бундан таш­қари, юртимизда 2017 йилда 715,5 минг бола туғилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 22,1 промиллени ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 0,7 промиллега камайди.
Қолаверса, 2017 йил давомида турмуш қурган қизларнинг 21,6 фоизи 20 ёшгача, 70,2 фоизи 20-29 ёшгача, 8,2 фоизи эса 30 ва ундан юқори ёшда бўлган. Эркаклар орасида 0,9 фоизи 20 ёшгача уйланган бўлса, 83,5 фоизи 20-29 ёш, 15,6 фоизи эса 30 ва ундан юқори ёшдагилардан иборат бўлди.

Тараққиёт оила барқарорлигига таъсир этадими?

Хўш, эр-хотин қачон ажрашади? Фуқаролар никоҳ, оила муқаддаслиги, ажрашиш ва бошқа оилавий муносабатларга нега енгил-елпи муносабатда бўлишяпти?
Ўтган йилларда юртимизда оилавий ажримлар камайганига қарамасдан турмуши бузилаётган оилалар ҳали ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолатлар оқибатида бир қатор муаммолар келиб чиқиб, биринчи навбатда аёллар ва болалар азият чекса, қолаверса, жамиятнинг маънавий ривожига путур етади.
Шу ўринда айтиш лозимки, техника тараққий этган бугунги кунимизда ривожланган мамлакатларда инсоний қадриятлар, жумладан, оила тушунчасининг ўта ғариблашиб бораётгани ғоят ачинарлидир.
Айниқса, шахснинг озодлиги, эркинлик даражаси, имкониятлари ортгани маълум. Бугунги кун кишисини 100 йил олдинги одам билан қиёслаб бўлмайди. Чунки ёшларнинг енгил-елпи ҳаётга берилиб, оила қуриш, фарзанд кўришга иштиёқи сўниб бораётгани, ажрашишлар оддий ҳолга айлангани, бир жинслар ўртасидаги никоҳнинг тобора кўпайгани бугунги кунда сиёсатчиларни ҳам ташвишга солмоқда. Бироқ Ғарб­­га хос бундай салбий «анъаналар» «оммавий маданият», «замонавий турмуш тарзи», «шахс эркинлиги» сингари ниқоблар остида юртимизга кириб келмайди, дея ишонч билан айта олмаймиз. Турли хорижий сериаллар, бемаъни томошалар, интернет, йўлдош каналлар миллий қарашларимизга ёт бўлган ана шундай тушунчаларни сингдиришда катта ўрин тутади. Демак, аввало, оилаларимизни бундай ножўя тўлқинлардан ҳимоя қилиш муҳим вазифага айланди.
Шуни таъкидлаш зарурки, оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бош­қаришни, рўзғорни моддий таъминлашни, фарзандларни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари деб билмаслиги, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги жанжаллар туфайли юзага келаётгани маълум бўлди. Ўзаро келишмовчиликлар эса жамият ва оилага ҳам иқтисодий, ҳам маънавий зарар келтириши табиийлигини унутмаслик зарур. Чунки ажралишлар сабаб эр ва хотин аксарият ҳолларда никоҳни бекор қилиш, алимент олиш, уй-жой, мол-мулк бўйи­­ча суд идораларига мурожаат қилишади. Энг ёмони, барбод бўлган оилаларда вояга етмаган фарзандлар бўлиб, уларнинг маънавий тарбияси жамиятнинг оғриқли муаммосига айланиб қолади.

Тиббий кўрикнинг  афзаллиги

Азал-азалдан мустаҳкам оила қуриш, фарзанд­лар камолини кўриш, маънан етук авлодни тарбиялаб вояга етказиш халқимизнинг эзгу орзу­си бўлиб келган. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги Низомда бўлғуси келин-куёвнинг турмуш қуришдан олдин тиббий текширувдан ўтиши мажбурийлиги белгиланган.
Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан мақсад соғлом оилани ­шакллантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликка чалинган болалар туғилишининг олдини олишдан иборат.
Шу сабабли оила қуриш истагини билдирган ёшлар даставвал ФҲДЁ идоралари томонидан берилган йўлланма асосида тиббий кўрикнинг бешта йўналиши, яъни руҳий, наркологик, захм, сил, ОИВ/ОИТС касаллик­лари бўйича бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Никоҳланувчи шахслар никоҳ қайд этилгунга қадар бир-бирининг соғлиғи ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишиб, агарда улардан бири ёки иккисида ҳам касаллик аломатлари аниқланса, уларнинг текширув натижаларидан хабардорлиги тасдиқлангач, никоҳ қайд этилади. Шунингдек, никоҳ гувоҳномаси ёки тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақида маълумотнома тақдим этилгач, шаърий никоҳ ўқишга рухсат берилади. Бундай мажбурий тиббий текширувнинг замирида, аввало, икки ёшнинг бир-бирига мослигини аниқлаш, қиз боланинг барвақт турмушга бериш, эрта фарзанд кўриш ва қариндош-­уруғлар ўртасидаги никоҳдан келиб чиқувчи салбий оқибатларнинг олдини олиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини барпо этиш каби эзгу мақсадлар ҳам мужассам.

Хулоса ўрнида

Мухтасар айтганда, диний ва ­дунёвий ҳаёт тарзимизда оила эзгулик, ­эътиқод, бахт ва боқийлик масканидир. Уни асраб-авайлаш, ўз навбатида, никоҳ ва оилани муқаддас билиш, тоза насл, соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш, оила мустаҳкамлиги ва барқарорлигини таъминлаш муқаддас қўрғоннинг эгаларига боғлиқ. Зеро, ҳар бир оилага тааллуқли масала эса бутун бир миллат, халқ тақдири билан чамбарчас боғлангани билан аҳамиятлидир.

Гулсум ШОДИЕВА,
журналист

 

Бошқа хабарлар