Онгдаги бўшлиқ у вақтни тўғри тақсимлаш орқали йўқолади

46

«Ҳаётни севсанг, вақтни бой берма, чунки вақтдан ҳаёт яралади», деган эди файласуфлардан бири. Дарҳақиқат, вақтнинг қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб ҳам, қиёслаб ҳам бўлмайди. Аждодларимиз қолдирган улкан моддий ва маънавий мерос баъзан кишида «улар вақтдан ўзиб кетмаганмикан?», деган иштибоҳни туғдиради. Аслида ҳам шундай. Улар қилган айрим ихтиро ва кашфиётларни инсон зоти амалга ошира олмайдигандек кўринади. Бироқ бу ҳақиқат. Ҳақиқат шундаки, улар ўзларига берилган вақт — умрдан керакли ва унумли фойдалана олишган.

Хўш, ҳозирги ёшлар «вақт» тушунчасининг туб маъносини тўғри англаб етмоқдами? ХХI аср «технологиялар асри» деб аталмоқда. Аслида эса «технологияларга қул бўлган аср» деб атасак, тўғри бўларди. Чунки инсоният бугун ўзи яратган ихтироларнинг асирига айланган. Замонавий инсон ҳаётини телефон, компьютер, iPadларсиз тасаввур қилиш жуда қийин. Уларсиз киши ҳаётида бўшлиқ юзага келади. Шу бўшлиқни қандай тўлдириш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.
Шу ўринда қуйидаги маълумотни келтириб ўтишни лозим топдик. Англиялик Стивен Ковин деган тарбиячи аудиторияда ажойиб бир машғулот ўтказган. У 5 литрли шаффоф идиш олдига муштдек-муштдек келадиган бир неча тошни қўйиб, ўтирганлардан «Нима деб ўйлайсизлар, шу тош­лардан нечтаси бу идишга сиғади?» деб сўрайди. Турли фикр­лар айтилгач, идишга бир неч­та тошни солади. Унинг «Идиш тўлдими?» деган саволига ҳамма бир овоздан «Ҳа» деб жавоб қайтаради.
Кейин у идишга сиққанича шағал тўкади. Шағал тезда тош ораларига жой бўлади. Стивен «Энди-чи?» деб сўрайди. Бу сафар улар «Шубҳасиз», деб жавоб қайтаришади. У энди идишга бир челак қум ағдаради. Қум зарралари тезда тош ва шағал ораларига жойлашади. Стивен боя­­ги саволини такрорлайди. Улар «Бу сафар аниқ тўлди, энди унга ҳеч нарса солиб бўлмайди», дейи­шади. Шундан сўнг у идишга бир литр сувни ҳам қуяди. Сув ҳам идишдан жой олади. Стивен «Хўш, буларнинг ҳаммаси нимани билдиради?» – деб сўрайди атрофидагилардан. Аудиторияда турли фикрлар айтилади. У эса «Ҳаётда доимо бўшлиқ мавжуд, уни тўлдириш учун ишлаш керак бўлади. Бу таж­рибанинг бош­­қа муҳим жиҳати ҳам борки, агар мен биринчи навбатда катта тош­ларни солмасам, идишда уларга жой қолмаган бўларди», дея хулоса билдирган.
Биз бу тажрибани бежиз эсламадик. Келажакка юксак ишонч билан интилган ҳар бир ёш ҳаётда энг аввало, муҳим вазифаларни номуҳимларидан ажрата билиши керак. Бунда улар ўзларига ажратилган вақтларини тўғри ва аниқ тақсимлай олишлари муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, фарзандларимиз вақтини шундай тақсимлайликки, токи уларнинг онгида «қум» ва «шағаллар»га ўрин қолмасин.

Гулхумор ИБРОҲИМОВА

Бошқа хабарлар