Сурхондарё ўриги хорижда

82

Кўплаб витаминларга бой ўрик меваси инсон организмида гемоглабин миқдорини кўтарувчи ва ундан холестирин ҳамда заҳарли моддаларни ҳайдовчи хусусиятга эга. Ҳаво иқлимининг ўзига хослиги сабабли ўрикнинг эртапишар навлари биринчи бўлиб Сурхондарё вилоятида пишиб етилади.
Айни дамда воҳанинг Термиз туманида етиштирилаётган ўрик четга экспорт қилинмоқда. Мазкур тумандаги «Саловот» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларнинг томорқа ва боғларида етиштирилган ўрикнинг дастлабки харидори Россия Федерация­сининг Новосибирск шаҳри бўлди. Куни кеча бу ердан 18 тонна ўрик ортилган илк юк автотранспорти Россияга қараб йўл олди. Бу ердаги аҳоли ўзлари етиштирган ўрик­ларнинг ҳар бир килограммини 7000 сўмдан экспортёрларга топширмоқда. Энди ўригимиздан хорижликлар ҳам баҳраманд бўлишади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўрикнинг экспортида божхона расмийлаштируви тадбиркорларга қулай бўлган вақтда, 24 соат мобайнида ташкил этилган бўлиб, ушбу жараён қисқа муддатларда, сифатли давлат хизматини кўрсатиш асносида амалга оширилмоқда. Айни шу йўналишда фаолият юритаётган «Термиз» ва «Жарқўрғон» ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда юзага келадиган муаммоларни тадбиркорлар билан биргаликда ижобий ҳал қилишмоқда. Бу эса тадбиркорларни мамнун этаётир.

Сардор ОМОНОВ,
Сурхондарё вилояти божхона
бошқармаси инспектор-эксперти

Бошқа хабарлар