Яна бир қулайлик

251

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият сифатида эъзоз­ланиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш каби йўналишлардаги ишлар янги сифат босқичига кўтарилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аҳоли саломатлигини яхшилашда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар алоҳида ўрин тутади. Хусусан, тизимдаги санаторийларда ҳар йили 122 минг нафардан ортиқ киши дам олиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлайди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, уларнинг 51 минг нафардан ортиғи имтиёзли ва бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилади.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан давр талаби ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тизимдаги санаторийларда ўринлар сонини кўпайтириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, сиҳатгоҳларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, уларни сўнг­­ги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда «Оқ тош» санаторийсида 60 ўринли янги ётоқ ҳамда даволаш бинолари барпо этилиб, Наврўз байрами кунлари халқимизга муносиб туҳфа сифатида фойдаланишга топширилди. Натижада, санаторий жойлашган ҳудуд аҳолиси учун 12 та янги иш ўрни яратилди.
Худди шундай бунёдкорлик ишлари «Термиз марвариди» санаторийсида ҳам амалга оширилди. Жумладан, «Термиз марвариди» санаторийсида 3 қаватли янги ётоқ ва даволаш биноси, тиббий лаборатория, бальнеология бўлими, маъмурий ҳамда хўжалик бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида «Термиз марвариди» санаторийси сифатли санатор-курорт хизмати кўрсатиш ва дам олувчиларнинг мароқли ҳордиғини таъминлаш имкониятига эга бўлди. Шу билан бирга ушбу масканда 11 та янги иш ўрни яратилиб, санаторий жойлашган ҳудуд аҳолиси иш билан таъминланди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, «Оқ тош» ва «Термиз марвариди» санаторийларидаги янги бўлимларнинг илк дам олувчилари ушбу сиҳатгоҳлар жойлашган ҳудудларда яшаётган эҳтиёжманд оилаларнинг вакиллари бўлди.
Аҳолининг сиҳатгоҳларда дам олиб, даволанишга бўлган талаб ва эҳтиёжлари ортиб бораётганини эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимдаги «Зомин» санаторийсида ўринлар сонини кўпайтириш ва хизматлар сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларни ҳам таъкидлаб ўтиш зарур. Хусусан, кейинги йилларда амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари натижасида санаторийда дам олувчилар учун жаҳон мезонлари даражасидаги қулайликлар кўлами кенгайтирилди. Уларнинг маданий дам олишини таъминлаш мақсадида кутубхона, маданият саройи, болалар учун ўйин аттракционлари, болалар ва спорт майдончалари барпо этилди. Санаторий ҳудуди ландшафти ободонлаштирилиб, турфа гул ва кўчатлар билан кўкаламзорлаштирилди. Дам олувчилар бўш вақтининг сермазмун ўтиши учун ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатларини юқори савияда ўтказиш, бу орқали уларга бугунги кунда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур етказиш мақсадида барпо этилган «Маданият саройи» ҳам доимо гавжум. Болалар ва спорт майдончалари она-болаларнинг биргаликдаги ҳордиғи учун қулайликларни янада кенгайтириш имконини берди. Ушбу ­саъй-ҳаракатлар натижасида санаторийда табиий шифобахш омиллар самарасини янада оширишга эришилиши билан бирга мазкур санаторийга нафақат юртдошларимиз, балки хорижий давлатлар фуқароларининг ҳам қизиқишлари ортиб, чет эллик дам олувчилар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётганини ҳам таъкидлаш зарур. Бу орқали Касаба уюшмалари Федерацияси мамлакатимизда тиббий туризм ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Мана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, жорий йилда санаторийда 132 ўринли янги «Она ва бола» бўлими барпо этилди. Мазкур янги бўлимда оналар ва болаларнинг биргаликда дам олиб, соғломлаштирилиши учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Бўлим замонавий ётоқ хоналари билан бирга даволаш муолажалари учун мўлжалланган хоналар ҳамда шинам ошхонага ҳам эга. Даволаш муолажа хоналари жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ҳар бир ётоқ хоналари сўнгги русумдаги маиший техника жиҳозлари, хусусан, телевизор, музлатгич ҳамда замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. Янги бўлимдаги мазкур қулайликлар дам олувчилар ҳордиғининг янада самарали бўлишини таъминлайди.
Жорий йилнинг 12 май куни «Зомин» санаторийсида барпо этилган янги «Она ва бола» бўлимининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган «Обод қишлоқ» дас­тури бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган 20 нафар эҳтиёжманд оила ҳамда кекса авлод вакилларининг «Зомин» санаторийсида қурилиб, фойдаланишга топширилган янги «Она ва бола» бўлимида бепул соғломлаштирилиши ташкил этилди. Яъни, янги бўлимнинг илк дам олувчилари вилоятдаги оналар ва болалар, отахон ва онахонлар бўлди.
Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, «Зомин» санаторийсида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида хизмат кўрсатиш сифати янада оширилиши билан бир қаторда 14 та янги иш ўрни ҳам яратилиб, санаторий жойлашган ҳудуд аҳолиси иш билан таъминланди.
Бугунги кунда «Зомин» санаторийси ташхислаш тадбирларини ўтказиш учун энг янги даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланган замонавий санаторий мажмуи ҳисобланади. Туркистон тоғ тизмасининг шимолий ёнбағирларидаги Зомин қўриқхонасининг энг хушманзара ҳудудида жойлашган ва иқлимий курорт ҳисобланмиш мазкур санаторий нафас олиш аъзолари касалликлари бронхиал астма, аллергик, асаб тизими ва таянч-ҳаракат аъзолари касалликлари мавжуд бўлган дам олувчилар учун ихтисослаштирилган. Сиҳатгоҳдаги игнабаргли дарахтларнинг муаттар ҳидига бурканган мусаффо тоғ ҳавоси, гўзал табиат манзаралари, юқори ультра-бинафша нурлари нафас олиш ­аъзолари касалликлари мавжуд бўлган инсонлар саломатлигига ижобий таъсир ўтказади ва иқлимий-профилактик ҳамда даволаш муолажаларини ўтказиш учун кенг имкониятларга эга. Асосий даволаш омили тоғ иқлими ҳисобланади. Санаторийда бронхиал астма касаллиги бор беморларни даволаш учун туз ғори, шунингдек, сув билан даволаш муолажалари, болалар ва катта ёшдагилар учун мўлжалланган иккита сунъий ҳовуз, физио­терапия, шифобахш лой (балчиқ) билан даволаш, жисмоний тарбия билан даволаш, терренкур, яъни пиё­­да юриш орқали даволаш, уқалаш муолажалари кенг қўлланилади.
Дам олувчилар учун тиббий муолажалар билан бирга бўш вақтларини сермазмун ўтказиш мақсадида Зомин қўриқхонаси ва Самарқанд шаҳрига экскурсиялар ташкил этилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Матбуот хизмати

Бошқа хабарлар