Барчамизга қадрли сиймо

238

Чингиз Айтматов таваллудининг  90 йиллиги олдидан

 

Президентимизнинг «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қўшни қардош халқнинг улуғ сиймосига халқимизнинг улкан меҳр-муҳаббати, эҳтироми, давлатлараро муносабатларда янги давр бошланганининг амалий ифодаси бўлди.

Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайт­­да бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди. У минтақамиз тинчлиги ва осойиш­талиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият юритди. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган «ўзбеклар иши», «пахта иши» каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айт­матовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Бетакрор ижодкорнинг давлатимиз томонидан «Дўстлик» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради.
2000 — 2007 йилларда Қирғиз Миллий Маданий марказининг Жиззах вилоят бўлими раиси сифатидаги фаолиятим даврида Чингиз Айтматов билан бир неча бор учрашиб, суҳбатлашганимни бугун ўзгача фахр ва ғурур ҳисси билан хотирлайман.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, кўҳна Жиззах воҳасига ўз вақтида Искандар Зулқарнайн, Чингизхон, Амир Темур, Улуғбек, Бобур Мирзо, сингари буюк шахсларнинг табаррук қадами теккан.
1996 йилнинг 16 сентябр­и­­­­­­ни жиззахликлар жуда яхши эслашади. Шу куни воҳамизга машҳур адиб Чингиз оға Айтматовнинг ташрифи катта тантанага айланиб кетди. Вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида ҳокимлик раҳбарияти, кенг жамоатчилик вакиллари, китобхонлар (зал тўлган, оёқда турганлар ҳам анчагина эди) буюк адибни очиқ ва самимий кутиб олишди.
Учрашувда сўзга чиққан адиб мухлислари самимий дил сўзларини баён этишди. Бутун дунёда Чингиз оғанинг китоблари кириб бормаган хонадон қолмаган. Ўз вақтида АҚШ Президенти Ж.Картер Чингиз Айтматовнинг мамлакатга ташрифини эшитиб, шахсан ўзи Оқ уйда учрашув ташкил қилган. Буюк адиб билан эсдалик учун суратга тушган. Бунинг сабабини сиёсатчи келгусида улкан тарихий лаҳза бўлиб қолади, дея изоҳлаган эди. Дарҳақиқат, шундай бўлди.
Чингиз оғага сўз берилганида буюк адиб дастлаб шу юртнинг суюкли фарзанди Шароф Рашидовни чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга оларкан, атоқли давлат арбоби билан ҳеч бир таржимонсиз соф ўзбек тилида қизғин мулоқот қилганини, бахт ва шодлик, севги-вафо куйчилари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодлари ҳамиша қалбига яқинлигини таъкидлади. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари «Правда» газетасининг Марказий Осиё бўйича мухбири вазифасида ишлаган кезлари Жиззах чўлқуварлари ҳаётидан ёзилган «Оқ олтиннинг ойдин йўллари» очерки тарихини сўзлаб берди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Чингиз оғанинг публицис­тикаси ҳам китоблари сингари ўзига хослиги, таъсирчанлиги билан ўқувчини дарҳол ўзига жалб этади. Мазкур очерк­­да ёзувчи Мирзачўлнинг жаҳон пахтачилигидаги муҳим ўрнига алоҳида эътибор қаратиб, Ер билан Ой оралиғидаги масофа 384 минг километр бўлса, ўзбек пахтасининг карвонлари узунлиги ундан бир неча марта узун эканини таъкидлаган. Мирзачўл шароитида ғўзаларга сув сарфини тежаб ишлатиш масаласини ҳам кўтариб чиққан.
Кечагидек ёдимда: 1999 йилнинг 27-29 май кунлари Бишкек шаҳрида Чингиз оғанинг 70 йиллик юбилейи бўлиб ўтди. Тантанада иштирок этган юртимиз делегацияси таркибида мен ҳам бор эдим. Анжуманда мамлакатимизнинг «Дўстлик» ордени тантанали равишда топширилди. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Чингиз оғага бағишланган шеърини ўқиб берди.
Бишкек консерваторияси биносидаги учрашувда Чингиз оға мендан «қаерликсиз?», дея сўраб қолди.
— Мен Жиззахданман, исмим — Тўлибой.
— Ҳа-я, Чингизхоннинг тўртинчи ўғли Тўлибой бўлган. Билгичи ҳам Тўлибой саналади.
Фурсатни бой бермасдан адибга адабиёт ихлосманди эканимни, унинг барча асарларини ўқиб чиққанимни билдирдим.
— Ундай бўлса, ёзиб кўр! — дея далда берди менга адиб.
Шундан сўнг ёзишга астойдил киришдим. Шукурки, кам бўлмадим. Қатор китобларим босмадан чиқди.
Бутун умрини Ер юзида тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик, меҳр-оқибат, иноқлик каби инсоний фазилатларни ўз асарлари орқали тарғиб этишга бағишлаган сиймо барчамиз учун ибрат бўлиб қолиши шубҳасиз.

Тўлибой ТЎЙЧИЕВ,
Жиззах вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши масъул ходими

Бошқа хабарлар