Оромгоҳлар болажонларни кутмоқда

208

Болажонлар орзиқиб кутган дамларга ҳам оз фурсат қолди. Уларнинг ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида мароқли ҳордиқ чиқариши учун Фарғона вилоятида мавсумга пухта ва уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилиб, ҳар бир оромгоҳда кенг кўламли таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари бажарилди.

Жорий йил ёз мавсумида вилоятда 138 та оромгоҳда 32 минг 100 нафар, жумладан, 19 та шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларда 12 минг нафар, 118 та таълим муассасалари қошида фаолият юритадиган кундузги оромгоҳларда 20 минг 100 нафар ўқувчи таътил кунларини сермазмун ўтказиши режалаштирилган.
— Оромгоҳларда ўғил-қизларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, саломатлигини ­мустаҳкамлаши, овқатланиши ва яшаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, — дей­ди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркин Нуралиев. — Шунингдек, оромгоҳларда зарур дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираси яратилди. Бундан ташқари, барча оромгоҳларга «Тез ёрдам» тиббий хизмат кўрсатиш машиналари бириктирилган. Дам олиш масканларини электр энергияси, газ ва зарур алоқа воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мавсум давомида «Маҳалла» хайрия жамғармаси томонидан 50 нафар кам таъминланган болани ҳамда жамоа шартномаларига асосан 3 минг нафардан зиёд болаларни имтиёзли соғломлаштириш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, 120 нафар иқтидорли ўқувчилар учун интеллектуал йўналишда, техник ижодкорлик йўналишида 120 нафар болани «Коинот» болалар оромгоҳи ўз бағрига олади. Ўлкашунослик, экологик-биологик йўналишда 120 нафар бола «Тонг» болалар оромгоҳида, бадиий ижодиёт йўналишида 120 нафар бола «Оқ олтин» оромгоҳида, ижтимоий мослашув йўналишда 220 нафар бола «Меҳнат-роҳат» ва «Нафосат» оромгоҳларида, ички ишлар рўйхатида турган тарбияси оғир 100 нафар вояга етмаганларни «Чимён» болалар оромгоҳида дам олдириш режалаштирилган.
Оромгоҳларда ташкил этиладиган кутубхоналарни болалар учун мўжалланган газета ва журналлар, адабиётлар билан таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, 19 та стационар оромгоҳ 13 минг 346 та бадиий адабиёт, 2 минг 96 та ижтимоий мавзулардаги, 1 минг 328 та илмий оммабоп китоблар билан тўлдирилади.
Оромгоҳларда мавсум давомида ўтказиладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ маънавий-маърифий тадбирлар, турли мавзуларда давра суҳбатлари, спорт мусобақалари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, таниқли ёзувчи, шоирлар, санъат арбоблари, спортчилар ва истеъдодли ёшлар билан учрашувлар ташкил этилади.
Болаларни жисмонан чиниқтириш мақсадида вилоятдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари томонидан оммавий спорт турлари бўйича оромгоҳ биринчиликлари, «Қув­ноқ стартлар», «Ким эпчил-у, ким чаққон?», «Спорт — соғлик гарови», «Балли йигитлар», «Балли қизлар» каби спорт тадбирлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Ҳар бир оромгоҳда хавфсизлик, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш мақсадида Фарғона вилоят ИИБ томонидан 2 нафардан ички ишлар ходимлари бириктирилиб, кеча-ю кундуз қўриқлаш ташкил этилади ва уларнинг хизмат фаолиятлари вилоят ИИБ томонидан назоратга олиниши белгиланган.
Фарғона вилоятида Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2018 йилги Манзилли дас­турда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Хонқиз қишлоғида жойлашган «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» унитар корхонаси тасарруфидаги «Тонг» болалар оромгоҳининг ётоқхона бинолари, ошхона, ювиниш хонасида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Ғанишер Пайзиев,
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири

Бошқа хабарлар