«САЛОМАТЛИК» поезди сурхондарёда

186

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­сини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида мамлакатимизнинг турли минтақаларида истиқомат қилаётган аҳоли учун «Саломатлик» поездлари ташкил этилмоқда.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди томонидан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур акция давомида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Вилоятлардаги тиббий ва ижтимоий муассасаларга, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат ҳамда тиббий кўрикдан ўтган аҳолига дори-дармонлар тарқатилмоқда.
Навбатдаги «Саломатлик» поезди учун «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан махсус вагонлар ажратилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига етиб борди.
Мазкур поезд ўз режасига биноан бориши кўзда тутилган Сариосиё, Қумқўрғон, Бойсун, Дарбанд, Оқрабод, Деҳқонобод станцияларига яқин ҳудудлардан ташқари фонднинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудий филиаллари кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари орқали марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб-интернатларига ўз ёрдамини кўрсатади.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, шунинг­дек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборатдир.

Н.УСМОНОВА,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар