ҲАҚ ГАП КЎНГИЛ МАЁҒИДИР ёхуд халқ назаридаги инсон

190

Қўшиқнинг кўнгил торларини чертиб, руҳиятни аллаловчи сеҳрли кучи борлиги азалий гап. Яхши куй янграб, ширали овоз эшитилганда киши ўзгача ҳолга тушади, қалб озиқ олади. Гўё у дилни мафтун айлаб, бир зум бўлса-да, дунё ташвишларидан сизни нари қилади. Яхши ижро санъаткор маҳоратини кўрсатиш билан бирга тингловчига битмас-туганмас маънавий озуқа беради. Қолаверса, санъат миллатнинг ўзлигини, кечмиши-ю келажагини тараннум этувчи восита ўлароқ барча даврларда қадрланиб келинган. Ботир Зокиров номидаги эстрада ва симфоник оркестри бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Мансур ТОШМАТОВ билан суҳбатимиз санъатнинг сирли-синоатли олами ҳақида бўлди.

— Санъаткор бўлишингизга нима туртки бўлган?

— Санъаткорлар оиласида туғилганман. Бу соҳага қизиқиш пайдо бўлишида отам — ўзбек мумтоз мусиқа ва қўшиқчилик санъати ривожига улкан ҳисса қўшган таниқли санъаткор Ғанижон Тошматовнинг ўрни беқиёс. Уйимизда ўтказиладиган турли тадбирлар мусиқа ва қўшиқсиз ўтмас эди. Кўплаб санъаткорлар келишар, куй-қўшиқ авжига чиқарди. Шу сабаб санъатга меҳр қўйдим. Бора-бора улар сафида қўшиқ айта бош­­ладим. Илк марта ўша вақтлар эл орасида жуда машҳур бўлган «Куйгай», «Эй сабо» ва «Фарғона тонг отгунча» каби мумтоз қўшиқларни ижро этиб, отамнинг оқ фотиҳасини олганман.
Тошкент давлат театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)нинг мусиқали драма факультетини тамомладим. Ботир Зокиров, Эсон Қандов, Юнус Тўраев каби санъатимиз дарғалари билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Узоқ йиллар турли даргоҳларда фаолият юритдим. Кўплаб қўшиқлар яратдим. Ўз санъатим билан элимиз орасида танилдим. Инг­лиз, француз, рус, грузин, турк, форс ва болгар тилларини мукаммал билишим, ушбу тилларда ҳам бемалол қўшиқ куйлашим сабабли чет мамлакатларда мени яхши билишади деб ўйлайман. Ҳозирда ўзим ҳам устозман. Севара Назархон, Сабина Турсунова, Серижон Жанаҳмедов каби шогирдларим билан ҳамиша фахрланаман.

— Президентимизнинг «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан «Ўзбекнаво» бирлашмаси негизида батамом янги — «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ташкил қилинди. Мусиқа, хореография ва эстрада санъатини ривожлантириш бўйи­­ча чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, халқимизнинг қадим санъати, ўзига хос маданиятини асраб-авайлаш, ўсиб келаётган ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, юксак бадиий ва сара асарлар яратиш ушбу ташкилот фаолиятининг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Давлат муассасаси бугун бу вазифалар устида изланмоқда. Ўз мактабини яратган санъаткор, ёшларнинг севимли устози сифатида соҳани ривож­лантириш учун яна нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз? Қўшиқчилигимизнинг бугунги муаммолари ва уларни бартараф қилиш йўлларига тўхталсангиз.

— Ёшимиз бир жойга бориб қолганигами ёки азбаройи санъатдаги хизматларимиз ҳурмати учунми, кейинги пайтларда менга шунга ўхшаш саволларни кўп беришади. Бунга жавоб бериш ҳам осон, ҳам қийин. Лекин энг мантиқли жавоб — соҳага масъул кишилар, аввало, ўз касбининг эгаси бўлиши керак. Дейлик, бир чолғучи ёки хонандани бирдан катта амалга ўтказиб қўйса, у дабдурустдан ўзини йўқотиб қўйиши табиий. Чунки йўналишни билмайди. Қолаверса, бадиий дид, савия, ташкилотчилик қобилияти керак бўлади. Афсуски, бундай иқтидор ҳаммадаям бўлавермайди. Биз эса кўпчилик ҳолларда «бу туғма истеъдод», дея ишонч билдириб юборамиз. Унинг қобилияти, савиясига эътибор бермаймиз. Касбини суриштирсангиз, бири рубобчи, бири хонанда бўлиб чиқади… Бундай ҳолатлар вазиятни чигаллаштиради.
Энди эстрадамиз ҳақида бир-икки оғиз гапирсак. Неча йиллар мобайнида бу санъат тури атрофида турли хил фикр-мунозаралар бўлди. «Фонограммада ижро этилаяпти, жонли ижрога ўтиш керак», деган талаб қўйилди. «Халқни алдамайлик» каби баландпарвоз ҳайқириқлар янг­ради, лекин ҳеч нарса ўзгармади, ишимиз ҳамон бир жойда депсиниб турибди. Фонограмма аслида собиқ совет телевидениясининг «ихтироси». Уларга тайёр ёзиб олинган, тоза маҳсулот керак бўлган… У даврларда тадбирларда санъаткор ортиқча гап-сўзлар гапириб юбормаслиги учун ҳам шу ишга қўл урилган. Лекин афсуски, биз ҳамон ўша эскича қарашлардан оёқ ололмаяпмиз. Бироқ бугунга келиб бу усул уқувсизликни бекитадиган бир ёпинчиққа айланди. Истеъдоди борми — йўқми, барча бирдек компютерда ашула ёзиб, экранда оғиз жуфтлаш билан овора. Шунинг учун ҳам бугун саҳнани ёмғирдан кейинги қўзиқориндек ашулачи босиб кетди. Шу ўринда айтиш жоизки, қатор йиллар мобайнида шаклланиб, пойдевори мустаҳкам тортган фонограммадан аста-секин воз кечиш лозим.
Ўзбекистон давлат консерваторияси эстрада факультети давлат аттестация имтиҳонларида раис ёки мустақил эксперт сифатида қатнашганимда битирувчи хонандалар маҳоратининг ўртамиёналигига жуда кўп марта гувоҳ бўлганман. Ҳатто магистратурага мусиқа асбобини чала олмаётган талабалар кираяпти. Қўнғироқлар орқали кимнингдир таниш-билишлари қабул қилинган ҳолатлар ҳам, афсуски, йўқ эмас.
Давлат санъат ва маданият институтида методика ўзгарган. Ҳозирда талабаларга учинчи курсдан вокал ўтилмаётир?! Бир мутахассис сифатида уларни тинглаб, тўғри нафас олмаслигини сездим. Бу ўқув юртида мутахассислик йўналиши нотўғри йўлга солиб қўйилганини кўрсатади. Мусиқа лицейларининг юқори босқич ўқувчилари эса юқори ноталарни ёйиқ олиши ортидан нотани ололмайди. Чунки нафас олиш нотўғри ўргатилган. Куйни ижро этиш маҳорати фикрлашга ҳам боғлиқ. Умуман, санъатда уйғунлик жуда муҳим. Майда жиҳатлардан катта воқелик пайдо бўлади. Овоз нафасга таянади, тўғри нафас олинганда у паст ноталарни ҳам баланд ноталарни ҳам бирдек олади, санъаткорга узоқ йиллар давомида хизмат қилади. Мисол қилиб айтадиган бўлсам, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов каби хонандаларимиз катта ашулани тўғри нафас билангина айтишган.

— Мумтоз қўшиқчилик санъатига ­ҳозирги замонавий дунёқараш билан қандай мурожаат этиш мумкин?

— Авваламбор, бу ишга қўл урмоқчи бўлган мусиқачи мумтоз асарларнинг асл шаклини пухта билиши керак. Қўшиқ матни ва куйига путур етказмасдан жўр чолғуларига аҳамият бериб, бойитиб куйласа, нур устига нур. Йўқса…
Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келевермайди, аслида. Ҳақ гап — кўнгил маёғи. Демоқчиманки, билим, салоҳият ва, энг муҳими, Аллоҳ инъом этган истеъдод бўлмаса, бу борада ўйлаб кўриш ҳам тўғри эмас. Кишига бажарган аъмолига қараб баҳо беришади. Ишинг одамларга ёқмадими, демак, уни тўғри амалга оширмагансан… Кейин эса ажойиб ишлар қилиб охирида биттаси ёмон бўлса, аввалгилари ҳам пучга чиқади. Шу сабабли, фақатгина соҳанинг ҳақиқий эгаси бўлган киши бу йўл билан ҳам халққа нимадир бера оламан деб ҳаракат қилса, яхши натижа беради.

— Санъаткор маънавияти ҳақидаги ­фикрларингиз?

— Санъаткор — халқ назаридаги инсон. Айниқса, ёшлар уларга эргашади, тақлид қилади. Шунинг учун у ўзининг ҳар бир айтаётган сўзи, куйлаётган қўшиқ матни, юриш-туришига эътибор қаратиши лозим.
Хорижлик меҳмонларга бағишланган концерт дастурларида инглизлар учун инглизча, руслар учун русча қўшиқлар ижро этилиши каби ҳолатларни кўплаб учратамиз. Авваламбор, биз ўз миллийлигимизни тарғиб қилишимиз керак. Чет элдан келган меҳмонга унинг тилида ўхшатиб-ўхшатмай ёмон ижро этишнинг кераги йўқ. Айримларнинг фонограмма ёрдамида ижро этган қўшиғи сўзларига тушуниб бўлмайди, талаффузи нотўғри. Бу ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам ҳурматсизлик. Санъаткор бу билан ўз маънавий даражаси нечоғлик эканини кўрсатиб, кулгига қолаяпти, холос.
Маънавият, аввало, киши ўзини, ўзлигини англаши, ҳурмат қилишидан бошланади. Ўзини билган ижодкор эса қадамини ўйлаб ташлайди. Ана шундагина ҳурмат, эъзоз топади. Маънавияти ҳам шу ерда кўринади. Маънавиятли санъаткор асло бўлар-бўлмас қўшиқни куйламайди.
Сўзим сўнггида бир гапни айтишим жоиз. Санъатнинг нони қаттиқ бўлади, дейишади. Топиб айтишган. Ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ берган истеъдод бўлмаса, бу соҳага қўл урмаслиги, ҳар ким ўз ишини билиб қилиши мақсадга мувофиқдир. Шунда санъатимиз янада гуллаб-яшнайди…

— Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

«Ishonch» мухбири
Салим АБДУРАҲМОНОВ
суҳбатлашди

Бошқа хабарлар