ЎЗБЕК ЎЗГАРАДИМИ? ёхуд эски одатлардан қачон қутиламиз?

227

УРФ-ОДАТ ВА ЗАМОН

Ўзбек халқининг қадимий урф-одатлари жуда кўп. Урф-одатлар эса маданиятнинг бир қисми ҳисобланади. Одатда юксак маданиятли халқ деганда замон ўзгариши билан эски, ўз вазифасини ўтаган ва янги даврга мос келмайдиган урф-одатларни тарк этиб, бошқалар ҳавас қиладиган расм-русумларни жорий қилган халқ тушунилади. Масалан, ўрта асрларда давлат арбоблари, йирик ер эгалари ва руҳонийлар вафот этса, ҳафта-ўн кун, баъзан қирқ кун ва ундан ортиқроқ муддатда туя, буқа, қўйлар сўйилиб, етим-есир, мусофир ва гадоларга овқат тарқатилган. Бундай эҳсон ўз вақтида ўзини оқлар эди. Чунки аҳолининг деярли аксарият қисми ишсиз, тинимсиз ўзаро урушлар ҳукм сурар, тож-у-тахт эгаллаш ниятида ота билан бола, мерос талашган шаҳзодалар низо-жанжаллари натижасида тинч­лик йўқ эди. Юрт вайрон, деҳқоннинг экин-текини пайҳон бўлган, унинг устига тинимсиз босқинчилик юришлари оқибатида лашкарнинг озиқ-овқати, қурол-яроғлари учун олинадиган солиқ ошиб кетган, аҳолининг тинкаси қуриб қолган эди.
Булар энди бурунги гаплар, албатта.

УРФ-ОДАТ ҚУЛИ

Афсуски, эски одатлардан бирданига қутилиш мушкул. Бунга жуда кўп мисол келтириш мумкин. Ҳозир ҳам киши вафот этганда дош­қозонларда ош дамлаб, 300-500 нафар одам чақириб, эҳсон оши тарқатиш урфи амалда. Дастурхонлар эса ноз-неъмат кўплигидан лорсиллайди. Турфа мевалар, қанд-қурс, ширмой нон ва ширинликларни кўрган киши «бу таъзиями ёки тўй?» дея ўйланиб қолиши аниқ.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Хўш, шунча ноз-неъмат кимга аталган? Қўли калта ва бева-бечорагами? Таассуфки, бунга ижобий жавоб бериш қийин. Чунки тўйхона атрофи қимматбаҳо машиналар билан тўлиб кетади. Бу ерга келган одамларнинг олифталарча кийиниб олганини эса айтиб ўтиш ортиқча. Уларнинг кўпчилиги ғижинганча, «Оббо, яна ошми? Одамни тинчгина дам олишга ҳам қўймайди» дея тонг саҳарлаб уйқудан туради. Баъзида шаҳарнинг нариги чеккасидан бу четигача 30-40 км. йўл босиб келишади. Бир луқма ош ейдими-емайдими, камида 5-6 минг, кўпи 50-100 минг пул сарфлаб ошга келиб-кетади. Улар очлигидан эмас, урф-­одатларнинг қули бўлгани учун шундай қилишади.
Қолаверса, бу «шунча одамларга ош бердим», деб сохта обрў орттиришнинг бир йўли, холос. Бу қачонлардир ижтимоий-иқтисодий танглик шароитида юзага келган урф-одатнинг сарқити эканини ҳамма ҳам бирдек тушуниб етгани йўқ.

ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ

Шу ўринда бир воқеани баён этишни лозим топдик. Бир гуруҳ ўзбекистонлик олим ва зиёлилар билан Эронда ўтказилган китоб ярмаркасига бордик. Китоб кўргазмасининг саҳни шунчалик улканки, бир бошидан иккинчи боши кўринмайди. Етти ёшдан-етмиш ёшгача бўлган кишилар худди умумхалқ сайлига келгандай бу ерга ошиқишган. Эндигина мактаб ёшига етган-етмаган ўғил-қизлар қўлида бир даста пул, бир халта-бир халта китоб сотиб олиб, зўрға орқалаб кетаётган ҳолатни ­кўплаб кўриш мумкин. Бу ерда китоб ўқишга қизиқиш фавқулодда зўр экан. Ҳавас қилса арзигулик.
Эронда тўй маросими ҳам жуда ихчам ўтар экан. Бу ерда ёшлар махсус салон ёки ресторанда энг яқин қариндош, дўст-ёронларини чақириб, 50-100 нафар кишилик тўй маросимини ўтказишади. Тўй, одатда, соат 19:00 га тайинланади. Дастурхонга ҳўл мева, ширинлик ва чой қўйилади. Миллий мусиқа чалинади, ёш қизалоқлар ўйинга тушади, катталар келин-куёвга бир даста гул бериб табриклайди, кейин ўтириб суҳбат қуришади. Соат 22:00 да кечки овқат тортилади. Кечки овқат одатда сувга пиширилган гуруч билан кабоб ёки товуқ бўлади. Шу билан соат 23:00 да тўй тугайди.
Саудия Арабистони Эрон, Афғонистон ва бошқа мусулмон давлатларининг кўпчилигида оилада кимдир вафот этса, унинг фотиҳасини уч кун масжидда ўтказишади. Юз-икки юз килолик ош дамлаб, одамларга тарқатиш уёқда турсин, ҳатто келганларга чой ҳам таклиф қилишмайди. Бу дунёдан ўтганларни эслаб ўтказиладиган барча маросимлар уйда, ўз яқинлари даврасида бўлиб ўтади. Биздаги исрофгарчиликлар, хўжакўрсинга «мен сендан камманми?» қабилидаги ким­ўзарга ош тарқатишлар бу мамлакатларда умуман йўқ.

БИЗДА…

Биздаги келин узатиш дабдабаси унча-мунча миллиардернинг ҳам хаёлига келмаса керак. Келин сарпоси, мебели, баъзи хонадонлардаги катта участкани қуриб қўйиб, келин томонга ҳамма жиҳозларини юклаши, телевизор, кир машина, ҳатто куёв болага янги машинагача олиб бериш… Бу рўйхатни яна давом эттирса бўлади. Ҳозир ёш келин-куёвлар аксарият ҳолларда бирор олий ўқув юртида ўқийди. Уларнинг ўқиш харажатлари, кийим-кечаги, ейиш-­ичиши эса ота-онанинг зиммасига тушади. Ота-онаси буларни таъминлашга қодир бўлса-ку, олам гулистон. Агар акси бўлса-чи? Зеро, ҳамма оила ҳам иқтисодий жиҳатдан бақувват эмаску?!
Тўй ўтказиш борасида кўпчиликда тақлид ҳисси кучли. Кимдир дабдабали тўй ўтказса, уни кўрган бош­қалар ҳам қўлидан келса-келмаса унга тақлид қилади. Бундай тақлидлар оқибати уруш-жанжал, оила бузилиши каби турли кўнгилхираликларга олиб келади. «Кўрпангга қараб оёқ узат» деган доно нақлга амал қиладиганлар ниҳоятда оз.
Бундай тақлид ёшларни боқимандалик, текинхўрлик, молпарастлик ва маънавий қашшоқликка ундаши билан янада ташвишланарли.
Тўқликка шўхлик, тақлидчилик билан қаёққа қараб кетяпмиз? Наҳот, қилаётган ишларимизни ақл тарозисига солиб, ўйлаб кўролмасак? Ҳамма учун маъқул бўлган, ҳамма кўриб ҳавас қиладиган урф-одатларни жорий қилишга халқимизнинг куч-қудрати етмайдими? Бу каби саволларга тезроқ жавоб топишимиз керак.

ХУЛОСА

Алишер Навоий ҳазратлари бир ўринда «Табиатға ҳар неки одат ўлур, чу вақт ўтғай одат табиат ўлур», дея таъкидлаган. Инчинун, ҳамма урф-одатларни ҳам юксак миллий қад­рият деб ҳисоб­лаш жоиз эмас. Чунки вақт ўтиши билан баъзи одатлар эскиради, замон талабларига жавоб бермай қолади. Бу табиий ҳол аслида. Шу маънода турли маросимларни ихчамлаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори жуда тўғри ва айни вақтида қабул қилинди. Зеро, қачонлардир бу замонга мос келмайдиган урф-одатларимизни ўзгартиришимиз керак-ку?! Ана шунда сарлавҳадаги саволга ҳам жавоб топилади.

Аҳмаджон ҚУРОНБЕКОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик
институти профессори

Бошқа хабарлар