Хурмо — жаннат неъмати

265

Рамазон ойида севиб истеъмол қилинадиган мевалардан бири хурмодир.
Хурмо лотинчада «илоҳлар таоми» маъносини билдиради. Тўғри танланган хурмо меваси асалдай ширин бўлади, чунки унинг чорак қисми қанд моддасидан иборат. Эрталаб 3 дона хурмо ейилганда чанқашнинг олдини олади ҳамда юрак, жигар ва буйраклар учун фойдали хусусиятлари мавжуд.

Унинг таркибида углеводлар миқдори 60-65 фоизга тенг бўлиб, бошқа меваларга нисбатан аминокислоталарга бойлиги билан ҳам ажралиб туради.
«Аллоҳнинг элчиси пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом (Унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) рўзасини намоздан аввал хурмо меваси билан очишни одат қилган эди.» (Сунон Абу Довуд ривояти)
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг одатлари, айтган сўзлари ва етказган хабарларига асрлар оша амал қилиб келинмоқда.
Бу амаллар инсонларга нафақат маънавий-ахлоқий, шунингдек, жисмоний наф келтирмоқдаки, уларнинг соғлик ва саломатликдаги ўрни айни пайтда илм аҳли, замонамизнинг етук олимлари томонидан ҳайрат билан эътироф этилмоқда.
Қуръони Каримда ҳам тилга олинадиган бу неъматнинг шифобахшлиги борасида табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳам таъкидлаб ўтган. Таркибидаги мис, темир, марганец, рух, фосфор, натрий, калций, калий, магний каби микроэлементлар ва турли витаминлар онкологик ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Хитойлик узоқ умр кўрадиган одамлар асосан хурмо билан озиқланишар, араблар эса хурмони «саҳро нони» деб эъзозлашар ва хурмодан 100 хилдан ортиқ таом тайёрлашар экан. Хурмо антиқа мева бўлиб, кўпчилик парҳезшунослар ширинлик ўрнида хурмони тавсия қилишади. Бундан ташқари, хурмо қадим замонлардан буён даво сифатида ҳам истеъмол қилинади.
Одам организмида қондаги қанд миқдорининг камайиши натижасида очлик ҳисси пайдо бўлади, хурмо егандан сўнг бу ҳис йўқолади. Рўзадорлар хурмони ифторликдан олдин еса, организмда очлик ҳисси бартараф этилади, иштаҳа ором олади ва бунинг натижасида бирдан кўп овқат еб қўйишнинг олди олинади.
Бошқа мевалардан фарқли ўлароқ, хурмода 23 хил аминокислота мавжуд.
Олимларнинг фикрича, одам бир кунда 10 дона хурмо еса, танадаги суткалик магний, мис, олтингугурт, темир, калцийнинг ўрни қопланади. Соддароқ қилиб айтганда, фақат хурмо ва сув билан инсон бемалол бир неча йил яшаши мумкин.
Хурмонинг хусусиятлари ва организмга таъсирини ўрганиш жараёнида қуйидаги фойдали хусусиятлари аниқланган:
хавфли паразитлар, бактериялар, микроблар сақланмайди;
одам организмидаги касаллик чақирувчи зарарли бактерияларни ўлдиради;
аёлларда бачадон қисқаришини яхшилайди ва шу туфайли туғруқлар енгил кечади;
Иштаҳани меъёрига келтиради;
Мушаклар функциясини яхшилайди ва тиклайди;
Оч қоринга истеъмол қилиш организмдаги паразит­ларни ўлдиради.
Хурмо — бу таом, дори, ширинлик ва шарбатдир. Албатта, одам хурмо истеъмол қилмасдан яшаши мумкин, лекин хурмо организм учун ниҳоятда фойдали.

Зулфия Тойир қизи тайёрлади.

Бошқа хабарлар