Ҳудудлараро ҳамкорлик қандай омиллар асосида белгиланади?

227

Ҳар қандай мамлакат тараққиётида минтақалараро ҳамкорлик муҳим йўналишга эга. Чунки ҳудудларнинг амалий ва ташкилий жиҳатдан алоқаларини мустаҳкамловчи савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам бирдек фойдали.

Ҳудудлараро ҳамкорликни ўрнатиш, аксарият ҳолларда давлат раҳбарларининг сиёсий иродасига боғлиқ бўлади. Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ҳамкор давлатлар ўртасида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун восита (йўналиш) сифатида ҳам хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг фаол саъй-ҳаракати туфайли Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикаси билан ҳудудлараро ҳамкорлигига янги саҳифа очилди. Икки давлатнинг географик жиҳатдан яқин жойлашгани ва чегарадош экани ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва ривожлантиришда ҳал қилувчи омилдир.
Шу маънода, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масалаларининг ҳал этилиши ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши ҳам ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда янада ривожлантиришга хизмат қилади. Икки давлат ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ ҳозирга қадар умумий чегараларнинг 85 фоиз қисми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаб олинди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, давлатлар ўртасида чегараларнинг халқаро-ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича шартноманинг мавжудлиги ҳудудда узоқ муддатли барқарорликнинг кафолати ҳисобланади.
Ҳудудлараро ҳамкорлик муносабатларини белгилаб берувчи географик омиллардан яна бири ҳудудлардаги ландшафтнинг умумийлигидир. Томонларнинг жойлашган ландшафтини фақат сиёсий жиҳатдан чегара чизиғи ажратиб турибди. Ушбу ҳудудлар Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, географик жиҳатдан 7 та маъмурий ҳудудни қамраб олган.
Бундан ташқари, ҳудудда табиий ресурслар, хусусан, сув ресурсларидан фойдаланиш манфаатларининг мавжудлиги ҳам ҳамкорликка ундовчи куч бўлиб хизмат қилади. Мазкур ҳудудлардан оқиб ўтувчи ва Марказий Осиёнинг энг узун трансчегаравий дарёси ҳисобланган Сирдарё 20 дан ортиқ катта ва кичик дарёлар, каналлар, гидроэнергетик иншоотлардан таркиб топган ягона сув-энергетик тизимини ташкил этади. У Фарғона водийси субминтақасида жойлашган маъмурий-ҳудудий бирликларнинг деҳқончилик фаолиятининг муҳим манбаидир. Сув ресурслари омили бошқа иқтисодий хусусиятларни ҳам юзага келтиради. Хусусан, икки томонлама энергетик ҳамкорлик ўзбек томони учун манфаатли ҳисобланади.
Ўзаро боғланган транспорт-коммуникация инфратузилмасининг мавжудлиги, хизмат кўрсатиш, хўжалик юритувчи ва ишлаб чиқарувчи субъектларнинг ўзаро ҳамкорлик фаолияти, шунингдек, тайёр маҳсулотлар учун истеъмол ҳудуди қолаверса, географик ландшафт ягона бўлинмас транспорт тизимини ташкил этган. Фарғона водийсида жойлашган ҳудудларда давлатларнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган 4 та автомобиль ва 2 та темир йўл мавжуд. Бу эса катта имкониятларга эшик демакдир.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзбек-қирғиз чегара ҳудудларида аҳолининг маданий-маиший, ахборот-коммуникацион алоқалари ҳамда миграция, демографик муносабатлари азалдан шаклланиб келган.
Аҳолининг ўзаро қариндошлик алоқалари ва маданиятлар алмашинуви ҳамда урф-одат, маданият ва қадриятларнинг яқинлиги ҳам ҳамкорлик муносабатларининг объектив асосини ташкил этади.
Ҳозирги пайтда бу тарихий ҳамкорлик икки томонлама янада кенг миқёсда ривожланмоқда.

Фазлиддин НОДИРОВ,
мустақил тадқиқотчи

Бошқа хабарлар