24-25 МАЙ КУНЛАРИ «КИТОБ БАЙРАМИ» ЎТКАЗИЛАДИ

169

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сон қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2018 йил 24-25 май кунлари «Китобхонлик маданиятини юксалтириш буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир» шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида Республика «Китоб байрами» тадбирлари ўтказилади.
Китоб байрамидан кўзланган асосий мақсад — бу китобнинг жамия­тимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг ёрқин хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини оширишда адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни интеллектуал ривожланган, жисмонан соғлом ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада юксалтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишдир.
Икки кун давомида бўлиб ўтадиган тадбир доирасида:
Пойтахтимизнинг маркази — Сайилгоҳ кўчасида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларида рес­публика нашриётлари томонидан китоб маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилади;
«Намунали китоб дўкони» танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими, турли сўровнома ва акциялар ўтказилади;
Китоб байрами кунларида, шунингдек, мушоиралар, адабий учрашувлар, шахмат ва шашка мусобақалари ҳам ташкил қилинади;
Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдод соҳиблари, шунингдек, Рес­публика ёш томошабинлар театри ва Республика қўғирчоқ театрининг ҳамда турли болалар санъат гуруҳларининг «Китобсеварларни қутлаймиз!» номли чиқишлари уюштирилади;
«Энг яхши китобхон оила», «Энг яхши китобхон», «Ёш китобхон» каби совринли викториналар ва «Китоб ўқишни ёқтирасизми?» мавзусида ижтимоий сўровлар ўтказилади;
Китоб байрами қатнашчилари ҳисобланган нашриётлар, ижодий уйлар ва матбаа корхоналари ўртасида «Энг фаол иштирокчи» ҳамда «Энг яхши стенд» номинацияларида танлов ўтказилади ва ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланади.
Сиз икки кун давомида «Китоб байрами»да бевосита иштирок этишингиз, ноширларимиз томонидан чоп этилган янги китоблар билан танишишингиз, ўзингиз ва фарзандларингиз учун турли китобларни харид қилишингиз мумкин.
Барча китобсеварларни Республика
«Китоб байрами»га таклиф этамиз!

Ташкилий қўмита

Бошқа хабарлар