Орзулар оламига саёҳат ёхуд оромгоҳлар бунга шайми?

206

Абдулазиз 11 ёшда. У ёзги таътилни интиқлик билан кутаяпти. Қани эди шу кунлар келса-ю тоғ бағрига отланса, сўлим оромгоҳда турли ҳудудлардан келган тенгдошлари билан дўстлашса, аввал дўст тутинганлари билан яна кўришса, тўгаракларда ўзи қизиққан соҳа — расм чизиш мусобақаларида ғолиб бўлса, кутубхонада қизиққан асарларини ўқиб, ҳовузда чўмилиб, турли мусобақаларда фаоллик кўрсатса… Эҳ-ҳе, унинг орзулари бисёр. Интиқлик билан кутаётгани севимли фасли тезроқ келса, мақсади амалга ошади.

Оролбўйи минтақасидан 4,5 минг нафар кам таъминланган оила фарзанди ёки ота-она қаровисиз қолган болалар энг яхши оромгоҳларда бепул дам олдирилади. 700 нафар кам таъминланган оила фарзандлари ва ота-онасиз болалар «Маҳалла» жамоат фонди ҳисобидан бепул соғломлаштирилади. Навоий кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда вилоятдаги Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларидаги 500 нафар, «Жиззах аккумулятор заводи» АЖ томонидан 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари ҳам бепул ҳордиқ чиқаришади.
Касаба уюшмалари томонидан 40 минг нафар кам таъминланган оила фарзанд­ларини жамоа шартномалари ҳамда келишувлари орқали бепул ва имтиёзли, шунингдек, 1950 нафар «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиси ва имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланади. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда эса 2,5 минг нафар она-бола дам олдирилади.
«Билимлар беллашуви» ғолиблари учун Тошкент вилоятидаги «Қуёшли» оромгоҳида «Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи» ташкил этилади.
Болаларнинг қизиқишини инобатга олган ҳолда жорий йилда 206 та ихтисос­лаштирилган оромгоҳ ташкил этилади.
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан масъулларга хавфсизлик масаласига эътибор қаратиш, оромгоҳларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, уларни тегишли мутахассислар билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва таълим-тарбия жараёнларини мазмунан бойитиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Бундан ташқари, мавсумда сифатли тиббий хизмат ва санитария-гигиена талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунга зарур дори-дармон воситалари билан таъминланган тиббиёт ходимлари бириктирилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидалари, жалб этилаётган ходимлар, қабул қилинаётган ҳар бир бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга малакали тиббий-хизмат кўрсатиш ишлари доимий назоратга олинади. Педагог ходимлар жалб этилиб, ўқув-услубий қўлланмалар етказиб берилади, кутубхоналар адабиётлар билан ­бойитилади.
Маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш учун ҳар бир оромгоҳни қамраб олган манзилли Дастур доирасида қизиқарли тадбирлар, учрашувлар ташкил этилади. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан болаларга мўлжалланган 34 номдаги ҳужжатли ва бадиий фильмлар, мультфильмлар тайёрланди. Кино, театр томошалари, турли концерт дастурлари, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, спортчилар, Зулфия, «Ниҳол» мукофотлари совриндорлари билан учрашувлар ташкил этилади. Спорт мусобақалари ўтказилиб, чет тилини ўргатиш ва болаларнинг қизиқиш­ларига қараб бошқа тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.
«Гуруч курмаксиз бўлмайди» деганларидек, Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари жойларга чиқиб ўрганиш жараёнида амалга оширилаётган ижобий ишлар қаторида камчилик ва муаммолар борлигини ҳам аниқлашди. Хусусан, айрим ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар оромгоҳларни мавсумга тайёрлашга етарли эътибор бермаётгани кўзга ташланди. Масалан, Андижон («Боғбон», «Истиқлол қалдирғочлари»), Жиззах («Коинот», «Мирзачўл», «Табассум»), Хоразм («Шунқор») вилоятларидаги оромгоҳларда таъмирлаш ишлари талаб даражасида эмас. Ётоқхона ва бош­­қа бинолар ҳудуди қаровсиз аҳволда.
Болажонлар бағрига боришни орзиқиб кутадиган баъзи масканларнинг моддий-техник базаси талабга жавоб бермайди. Қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар эскирган ёки яроқсиз аҳволга келиб қолган. Бундай ҳолатни Наманган («Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод»), Сирдарё («Гулис­тон»), Сурхондарё («Чашма-Тош­пўлатбой»), Хоразм («Нурли замин ёшлари», «Ғайрат-Энергиячи») вилоятларида кузатиш мумкин.
2012 йилдан буён қабул қилинаётган Манзилли дастурлар асосида бугунги кунгача 100 дан ортиқ оромгоҳлар таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга келтирилди, 17 та оромгоҳ янгидан қурилди. Жорий йилда ҳам 34 та оромгоҳ таъмирланиб, барча қулайлик­­ларга эга бўлган дам олиш масканларига айлантирилади. Лекин шу йилги Манзилли дастурга киритилган Андижон («Боғбон»), Хоразм («Ғайрат-Энергиячи») вилоятларидаги оромгоҳларда қурилиш-таъмирлаш ишларида сусткашликка йўл қўйилаётир. «Боғбон» оромгоҳида 100 ўринли ётоқ биноси, кутубхона ва маънавият хоналарини қуриш режалаштирилган бўлса-да, шу кунга қадар ишлар амалга оширилмаган. Бу тегишли мутасаддилар томонидан назоратга олинмагани ачинарли ҳол, албатта. Айрим ҳудудларда йилдан-йилга бу каби мас­канлар сони камайиб кетмоқда. «Ўзагротехсаноатхолдинг» компаниясининг «Билдирсой» оромгоҳи 2015 йилда Манзилли дас­турга киритилиб, унинг ўрнида янги оромгоҳ барпо этилиши ва ўтган йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган эди. Аммо, афсуски, бу режа амалга ошмади. Поп туманидаги Халқ таълими вазирлигига қарашли «Офтобча» оромгоҳи ҳам бир неча йилдан буён фаолият юритмаяпти.
Ҳокимликлар томонидан ҳар йили оромгоҳлар фаолияти учун ҳомийлик маб­лағлари жалб этилади. Аммо айрим ҳудудларда ушбу маблағлар ўз вақтида тўпланмагани сабабли бир неча йиллардан буён корхона, ташкилотларнинг оромгоҳлардан ёки оромгоҳларнинг ҳам турли тўловлардан, сотиб олинган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ходимларнинг иш ҳақидан қарздорликлари мавжуд.
Соғломлаштириш масканларига олиб борадиган йўллар масаласида ҳам муаммолар етарли. Масалан, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси («Лочин», «Жас аулад», «Арал»), Андижон («Боғбон», «Уч кўза», «Машъал», «Навбаҳор», «Қуёшча»), Жиззах («Камолот», «Табассум», «Матлуботчи», «Жилғача», «Зангори олов», «Мирзачўл», «Коинот»), Наманган («Баркамол авлод», «Олмазор», «Ширин», «Шодлик»), Самарқанд («Баҳора», «Чорчинор», «Гўзалкент», «Учқун», «Соғлом авлод», «Қўшчинор», «Шифокор гулшани», «Нарпай», «Ибн Сино», «Фарҳод»), Сурхондарё («Хонжизъа») вилоятларидаги оромгоҳлар йўллари таъмирталаб аҳволда, ­кўприкларнинг ёни темир панжаралар ва муҳофазаловчи бетон тўсиқлар билан тўсилмаган.
Андижон («Истиқлол қалдирғочлари»), Жиззах («Коинот», «Камолот», «Мирзачўл»), Самарқанд («Баҳора», «Хумор», «Қалдирғоч», «Амир Темур», «Учқун», «Соғлом авлод», «Гўзалкент», «Қўшчинор», «Нарпай», «Ибн Сино», «Фарҳод») вилоятларидаги оромгоҳлар атрофини ўраш бўйи­­ча ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин.
Баъзи оромгоҳлар (Қорақалпоғис­тон Республикаси барча стационар оромгоҳлари, Фарғона вилоятидаги «Кимёгар», «Хумо») ёнғинни зудлик билан сезувчи ва хабар берувчи мосламалар, ўчириш анжомлари билан тўлиқ жиҳозланмаган. Бу каби камчиликлар ўз ўрнида барҳам топса, нур устига нур бўлар, Абдулазиз каби не-не болажонлар хаёлидаги орзулар оламига саёҳат қилиб, таътилни мароқли ўтказар эди.
Мавсумни сифатли ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва ташкилотлар ходимларидан иборат Ишчи гуруҳлари томонидан ҳар навбатда оромгоҳлар фаолияти ўрганилиб, мавжуд муаммолар бартараф этиб борилади. Касаба уюшмалари Федерациясида Республика штаби фаолият юритиб, ҳудудлардаги ҳамда Ишчи гуруҳлар томонидан бажарилаётган ишлар доимий мониторинг қилинади.

Салим АБДУРАҲМОНОВ

Бошқа хабарлар