Китоблар оламига саёҳат

102

«Мутолаа қилишдан тўхтаган инсон фикрлашдан ҳам тўхтайди», дейди француз ёзувчиси Дени Дидро. Инсон китоб дунёсига қанчалик кириб борса, шунчалик маънавий хазиналардан тўйиниб бораверади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дас­тури тўғрисида»ги қарори айни шу жиҳатлар назарда тутилгани билан эътиборга молик. Халқимиз ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида жорий йил 24-25 май кунлари пойтахтимиз ва барча вилоятлар марказларида «Китоб бизни бирлаштиради» номли китобхонлар фестивали ташкил этилди.

«Китобхонлик маданиятини юксалтириш — буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир» шиори остида бўлиб ўтган тадбирда 100 дан зиёд нашриёт, китоб савдоси ташкилотлари, матбаа корхоналари томонидан турли номдаги адабиётлар намойиши бўлиб ўтди. Шунингдек, нашриётлар томонидан янги чиққан китоблар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
— 320 дан ортиқ турдаги китоб билан қатнашяпмиз, — дейди «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи маркетинг бўлими менежери Мавлон Холиқов. — Нашриётимизда ижтимоий, тарихий, сиё­сий йўналишдаги 550 дан ортиқ номдаги китоб мавжуд.
Турли асарлар тақдимоти, ижодий учрашувлар, алоҳида сценарий асосидаги тадбирлар фестивалга кўтаринкилик бахш этди. Шунинг­дек, рес­публика ёш томошабинлар театри ва республика қўғирчоқ теат­рининг чиқишлари, Ёшлар симфоник оркестри концерт дастури иштирокчиларда ўзгача таассурот қолдирди.
— Маърифатга ошно бўлиш, маънавиятга ташналик китобдан бошланади, — дейди филология фанлари номзоди Раҳимбой Жуманиёзов. — Оламни, одамни англаш китобга жо бўлган экан, ташкил этилаётган бундай тадбирлар ёш-у қарини китобхонликка даъват этиш, оммада ҳамжиҳатлик руҳини уйғотишга замин яратади.
Дарҳақиқат, китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг ёрқин хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини оширишда адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳисобланади. Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал ривожланган, жисмонан соғлом ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада юксалтириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда бу каби тадбирларнинг ўрни катта.
Фестиваль якунида «Энг фаол иштирокчи», «Энг яхши стенд» номинациялари, «Энг яхши китобхон оила», «Энг яхши китобхон», «Ёш китобхон» совринли викторина ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Озода РЎЗИҚУЛОВА,
«Ishonch» мухбири.
Икром ҲАСАНОВ олган суратлар

Бошқа хабарлар