Чирой очаётган «Cарҳад»

570

Музработ — Сурхондарё вилоятининг қўшни Афғонис­тон ва Туркманистон давлатлари билан чегарадош чекка туманларидан бири. Ҳозир мазкур тумандаги «Сарҳад» массиви ҳудудида жойлашган «Янги диёр», «Юртим жамоли», «Ат-Термизий» маҳаллаларида «Обод ­қишлоқ» дас­тури асосида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари ­бошланиб кетди. Хонадонлар, кўча ва кўп қаватли уйлар, йўл ва пиёдалар йўлакчаларида иш қизғин.
— Давлатимиз раҳбари ташаб­буси билан қабул қилинган «Обод қиш­лоқ» дас­тури асосида бизнинг туманимизда 3 та маҳаллани ободонлаштириш мўлжалланган. Туманимизда вилоятдаги 3 та жамоатчилик назорати гуруҳи фаолият юритмоқда. Хотин-қизлар, ҳаттоки кексалар ҳам қишлоғимиз обод бўлишини эшитиб, имконияти даражасида беғараз ёрдам бермоқда, — дей­ди меҳнат фахрийси Қурбон Амирқулов.

«Янги диёр» маҳалласи Халқобод қўрғонидан Хушмон қишлоғигача бўлган катта ҳудудни ўз ичига олган.
— Маҳалламизда 725 та хонадон, 1098 та оила, 4315 нафар аҳоли яшайди, — дейди МФЙ раиси Юсуф Шойматов. — Ҳозирда 365 ўринли умумтаълим ўрта мактаби ва 2 та мактабгача таълим муассасаси замон талаблари даражасида таъмирланмоқда. Ҳудудимиз катта бўлса-да, ҳамма кўчаларимиз «Намунали» деган ягона ном билан атаб келинаётган эди. Эндиликда ҳар бир кўчани янгидан номлаяпмиз. Бу ердаги 2 та икки қаватли уйда салкам 30 йилдан буён одамлар ноқонуний яшаб келмоқда. Жамоатчилик гуруҳи аъзоларининг кўмагида 38 та оиланинг уй-жой ҳужжатлари қонуний расмийлаштирилди. Туман бандликка кўмаклашиш маркази билан биргаликда ишсиз юрган фуқароларнинг 25 нафарини жамоатчилик асосида ишга қабул қилдик. Яна фуқаролик паспорти бўлмаган 20 нафар фуқарога паспорт олиши учун амалий ёрдам бердик. Ҳудуддаги бозор, ҳар хил савдо дўконлари, маиший хизмат шохобчалари ўрнига замонавий савдо ­мажмуаси барпо этилади.
4164 нафар аҳоли истиқомат қилувчи «Юртим жамоли» маҳалласида эса ўзбошимчалик билан қурилган қинғир-қийшиқ девор ва иморатлар жуда кўп эди. Бу ердаги 4 та 2 қаватли турар жой биносининг ҳеч қаерда ҳисобда йўқлиги шу вақтга қадар ҳеч кимни қизиқтирмаган. Ҳозир 3 та қурилиш ташкилоти таъмирталаб аҳволга келган биноларнинг томини шиферламоқда. Муҳими, бинолар атрофида ноқонуний қурилган девор ва иморатларнинг олиб ташлангани туфайли ҳудуд ораста кўриниш касб этган.
Жартепа қишлоғида ҳам 2 та икки қаватли уйда таъмирлаш ишлари авжида. Кўчалардаги ноқонуний девор ва дўконларни бузиш, тўсиқларни олиб ташлаш, тозалаш ишлари билан юзлаб одамлар шуғулланмоқда. Симёғоч ўрнига темир-бетон устунлар ўрнатилиб, уларга изоляцияланган сим тортиляпти. Кўчанинг охирида жойлашган икки қаватли иккита бино атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузиб ташланган. Қурувчилар таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан банд.
— Илгари хонадонимизга шамол тегмасди. Ортиқча даҳмазалар олиб ташлангач, уйимиз баҳаво бўлиб қолди, — дейди шу ерлик А.Темиров.
«Ат-Термизий» маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳам бундан кам эмас. Ноқонуний қурилган уйлар, девор ва дўконларни бузишга аҳолининг ўзи кўмаклашмоқда. Бу ишлар эл ободлиги, юрт равнақи, болалар келажаги учун қилинаётганини англаб етган фуқаролар ҳашардан ўзини четга тортгани йўқ. Қолаверса, 491 та хонадон, 710 та оила, 3017 нафар аҳоли яшовчи маҳаллада 19 та кам таъминланган оила бўлиб, уларга маҳалла аҳли ва туман ҳокимлиги томонидан ҳар томонлама кўмак бериб келинмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, массивдаги ободончилик ишларини жадаллаштириш учун бошқарув штаби ташкил этилган ва кўчма тиббиёт хонаси, газ ва сув таъминоти, энергетика, давлат хизматлари агентлиги, архитектура ва кадастр хизматлари йўлга қўйилган бўлиб, навбатчилик асосида туну кун фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда.
Аҳолининг уй-жойини таъмирлаш, қуриш учун имтиёзли нархда 50 тоннадан ортиқ цемент, 1000 дона шифер, 10 тоннадан ортиқ кўмир ва етарлича бўёқ ажратилди. Аҳолига блок ғишт, 200 кубдан ортиқ шағал ва қум бепул тарқатилди. Чиқиндиларни ташиш учун махсус техникалар жалб қилинган. Штабда ташкил этилган тиббиёт хонасида аҳоли тўлиқ бепул тиббий кўрикдан ўтказилаётир. УТТ, ЭКГ, флюрография, лаборатория текшируви натижасига кўра фуқароларга даволаниш учун йўлланма ва зарурий маслаҳатлар берилмоқда. Бу ерда 14 нафар шифокор, 30 нафардан ортиқ ҳамшира халқ хизматида.
«Обод қишлоқ» дастурига биноан ҳар учала маҳалладаги аҳоли суюлтирилган газ баллонлари билан тўлиқ таъминланди. «Юртим жамоли» маҳалласидаги сув миноралари қайта таъмирланди. «Янги диёр» маҳалласидаги 4 та кўп қаватли уйнинг электр кабеллари ва сув қувурлари янгиланди. «Юртим жамоли» ва «Ат-Термизий» маҳаллаларидаги эски симёғочлар янгисига алмаштирилди. 1,2 километрлик очиқ симлар ўрнига ёпиқ кабеллар тортилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, «Обод қишлоқ» дастури бўйича «Сарҳад» массивида жойлашган 3 та маҳаллада 32 километр­лик ички йўллар, 25 километрлик ичимлик сув қувури, 55 километрлик очиқ кабель ва симёғочлар алмаштирилмоқда. Бундан ташқари, 4 та умумтаълим мактаби, 4 та мактабгача таълим муассасаси, касб-ҳунар коллежи, қишлоқ оилавий поликлиникаси, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бозор қурилишлари жадал суръатда амалга оширилмоқда. Тез орада ушбу маҳаллалардаги аҳоли турмуш шароити, ободлик, замонавий иморатлар, кенг ва равон кўчаларни кўрган киши ҳудудни таниёлмай қолиши тайин.

Рустам ДАВЛАТОВ,
Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар