Тешик тоғоранинг эгаси ким? ҳуқуқини билади, бурчини эса…

701

Касаба уюшма ташкилотлари мутасаддилари билан қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити билан танишаётган эдик. Бир тарафда пишқириб оқаётган канал, бир тарафда боғу-роғлар гуллаб турган мас­кандаги ғариб бир уй эътиборимизни тортди. Суриштирсак, хонадон соҳиблари эҳтиёжманд оила сифатида рўйхатда турар экан. Оилада ишга яроқли тўрт нафар инсон ҳеч қаерда ишламайди. Уйда на соғин сигир, на мол-ҳол, на товуқ бор. Каттагина томорқага экин экилмаган.

— Сув ёқасида яшар экансиз. Томорқангиз ҳам бор экан. Унга чўп суқсангиз, дарахтга айланади, — дея гап бошлаган мутасаддининг оғзига уришди.
— Болаларингизга ақл ўргатинг, неварамиз касалманд, кам таъминланганлар рўйхатидамиз, — дея шанғиллай кетди хонадон соҳибаси.
— «Қўлдан берганга қуш тўймас», дейишган. Озгина моддий ёрдам пули билан неварангизни қандай даволатасиз? — деб сўрадик аёлдан. — Томорқангизда етиштирилган сифатли сабзавотлардан витаминли таомлар тайёрлаб берсангиз, парранда боқиб, гўштидан қайнатма шўрва пишириб ичирсангиз, неварангиз соғайиб кетармиди? Айниқса, қўй боқиш учун бу ер жуда қулай экан. Канал бўйини бир-икки айлантириб келсангиз кифоя…
Гапимиз оғизда қолди.

— Бошимни қотирмасдан уйимдан чиқиб кетинглар. Уй — шахсий ҳудуд ҳисобланади…
Хонадон соҳибининг ўз ҳуқуқини яхши билишига амин бўлдик ва у билан хайр-хўшни насия қилиб, ортимизга қайтдик.
Кейинги пайтларда шунга ўхшаш воқеа­ларга тез-тез гувоҳ бўлиш мумкин. Бунинг сабаби нима? Юртдошларимиз орасида ҳуқуқини таниб, бурчини унутаётганлар кўпайиб кетмаяптими? Бу ҳақида сўз борганда беихтиёр машҳур рус шоири Александр Пушкиннинг балиқчи чол ва тилла балиқ ҳақидаги шеърий эртаги эсга тушади. Бу бежизга эмас. Чунки давлат томонидан оддий одамларга ҳеч қачон бугунгидай эътибор ва имтиёзлар берилмаган. Бундан кўпчилик хурсанд бўлса, айримлар гангиб қоляпти. Эртакдаги тилла балиқ тутиб олган чолнинг кампирига ўхшаб нафси ҳакалак отиб кетаётганлар ҳам кам эмас. Баъзи бировлар эътибор вақтинчалик бўлиши мумкин деб ўйлаганиданми, давлат бераётган пайтда олиб қолишим керак деган фикр билан турли баҳоналарни рўкач қилиб, ёрдам устига ёрдам сўрашяпти. Ваҳоланки, давлатнинг халқ олдидаги мажбуриятлари бўлганидек, фуқароларнинг ҳам давлат олдида бурч ва мажбуриятлари бор. Бироқ айрим инсонлар буни тан олгиси келмайди. Аниқроқ айтганда, «Мен давлат учун, ватаним учун нима қилдим?» деган саволга ҳамма ҳам жавоб излайвермайди. Қолаверса, давлат учун ишламаган тақдирда ҳам инсон ҳеч бўлмаганда ўзи учун ҳаракат қилиши, ўз ҳаётининг эгасига айланиб, чиройли турмуш кечиришга интилиши керак эмасми?
Гулчеҳра опа узоқ йиллар нуфузли идораларда меҳнат қилган. Нафақага чиққач, хусусий идорада фаррошлик қила бошлади. Унга баъзи бировлар «Сизга нима зарур, нафақангизни олиб ўтираверсангиз бўлмайдими, ахлат тозалашга уялмайсизми?» дея дашном беришди.
— Нега энди уялишим керак? — деди бунга жавобан Гулчеҳра опа. — Меҳнат қилишнинг нимаси ёмон? Биринчидан, соғлом бўламан, иккинчидан, уйимга бир-икки сўм пул олиб келаман. Атрофни озода, саранжом қилиб қўйиш савоб-ку!?
Афсуски, ҳамма ҳам Гулчеҳра опа каби фикрламайди. Айримлар куни бўйи кўчада ўзига ўхшаган бекорчилар билан ўтган-кетганнинг ғийбатини қилиб ўтирса-ўтирадики, бирон касб ё ҳунар этагини тутишни истамайди. Буни таклиф қилинаётган турли жамоатчилик ишларини рад қилаётганлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бундайларни тингласангиз, нуқул жамият ва ҳаётдан нолийди. Иқтисодий аҳволи танглиги, ҳеч ким кўмак бермаслиги ҳақида дийдиё қилади. Ваҳоланки, тўрт муччаси соғ бўла туриб бирон иш қилишни ўзига эп кўрмайдиган кишининг кимдандир норози бўлишга ҳаққи борми? Эрталаб соат 9-10 да базўр уйғонадиган, кун бўйи телевизордаги сериални кўриб ўтирадиган киши саломатлигидан нолиса, бунга ким айбдор? Бундайларни дори-дармон билан даволаб бўладими?
Яқинда бир йигит иш тополмай овора бўлиб юрганидан нолиб, мендан ёрдам сўради. Бу ҳақда мутасаддиларга мурожаат этганимдан сўнг унга қурилиш идорасидан иш таклиф қилишди.
— Э, бунақа иш керакмас. Менга столда ўтириб ишлайдиган даромадли иш керак, — ­дейди йигит. Ваҳоланки, касб-ҳунар коллежини тамомлаган йигитнинг ёзган хати саводи ҳаминқадарлигини кўрсатиб турибди.
— Сиз қанақа ишни хоҳлайсиз? — деб сўраймиз ундан.
— Мажбурий ижро бюроси бўлса яхши бўларди…
Тўғри, ҳамма ҳам даромадли иш истайди. Бироқ бундай ишда ишлаш учун, аввало, билим, кўникма ва масъулият зарурлигини ҳамма ҳам биладими? Аслида, катта ойлик олиб ишлайдиганларнинг аксарияти ўз фаолиятини оддий ишдан бош­лаган. Изланиб, меҳнат қилиб шу даражага эришган. Айримлар эса ўз-ўзидан сердаромад ишга эга бўлишни хоҳлайди. Бошқача айтганда, ош бўлсин-у иш бўлмасин! Баъзилар учун ундан ҳам яхшиси — ишламасдан даромад олиш.
Яқинда бир гуруҳ эҳтиёжмандларга маиший техника жиҳозларини топшириш тадбирида иштирок этдим. Аксарият юртдошларимиз ушбу эътибордан мамнун эканини кўзда ёш билан эътироф этишди. Бундай совғалар уларнинг оғирини енгил қилиши шубҳасиз. Бироқ беш бармоқ баробар эмас. Тадбирдан сўнг бир аёл туман ҳокимлиги мутасаддисининг «ёқасидан олаётгани»ни кўриб қолдим.
— Бизни овора қилиб бекорга чақиртирдинглар. Мен бу матоҳларингни қандай қилиб уйимга олиб кетаман, — дея шанғилларди аёл.
Ҳайратдан қотиб қолдим. Чунки беш дақиқа аввал шу аёлга касаба уюшма вакили «Олиб кетишда қийналиб юрманг, таксида кетинг» дея чўнтагидан пул чиқариб берганини кўрган эдим-да…
Ҳа, ҳаётда ҳар хил инсонлар учрайди. Аслида, ўз ҳалол меҳнатинг эвазига пул топиб, беминнат еган нонга нима етсин? Кимнингдир қўлига қарам бўлиш, меҳнатдан қочиб, турли баҳоналарни ўйлаб топиш танбалларга хос хусусият. Аммо «ётиб еганга тоғ чидамас», деган нақл бор. Хўш, боқимандалик ва дангасаликнинг сабаби нимада? Менимча, болаликдан тўғри тарбия берилмагани оқибатида бундай иллатлар пайдо бўлади.. Айтайлик, қишлоқда яшовчи бир аёл қудуқдан сув олиб чорвасини суғоради. Шу аёлнинг ўн-ўн икки яшар ўғли бор. Аммо аёл ўғлига молларни суғоришни топширмайди. «Ўсиб келаётган бола, бирон жойи оғримасин» деб уни аяйди. Ўзи тонг қоронғусида уйғонса-да, боласини чош­гоҳгача уйғотмайди. Оқибатда ўсмир шу тахлитда вояга етади. Иш шу даражага борадики, ҳатто онасига бир пиёла чой дамлаб беришга ҳам ақли етмайди. Қўлидан биронта юмуш келмайди. Шаҳардаги аҳвол эса ундан-да баттар. Она эшикни қулфлаб ишга кетади. «Бола кўчага чиқиб кетмасин» деган мақсадда хоҳлаган дискни олиб беради. Шу тариқа бола шуурида тайёр таомни еб, телевизор кўриб ётиш умр мазмунига айланиб қолади. У катта бўлганида эса ота-она кексайиб, куч-қувватдан қолган бўлади, фарзандининг ноқобиллигидан нолиб, кўзёш тўкади. Албатта, «Ҳамма ундай эмас», дея эътироз билдиришингиз мумкин. Аммо боқимандаликка берилган инсонлар ҳаёти билан қизиқиб кўрсангиз, юқоридаги каби манзараларга гувоҳ бўласиз. Шу ўринда яна бир мулоҳазани ўртага ташламоқчимиз. Хўш, мактабларимизда меҳнат таълими талаб даражасидами? Баъзи келинларнинг кийимдаги кичкинагина йиртиқни тикиб қўйишга уқуви йўқлиги, айрим йигитларнинг оддийгина пол ювиш ускунасини тайёрлашни билмаслигининг сабаби нимада? Мактабларда меҳнат сабоқлари талаб даражасида ўтилганда бу каби муаммолар юзага келармиди? Англашиладики, боқимандаликнинг олдини олиш учун кўплаб масалаларга эътиборни кучайтириш лозим. Асосийси эса инсоннинг ўзида чиройли турмуш кечиришга иштиёқ бўлиши керак.
Бир зиёли оила соҳибларини биламан. Оила бошлиғи университетда ўқитувчи, бекаси эса шифокор. Улар уйда оилавий корхона очишган. Ушбу корхонада турли пишириқлар тайёрланади. Ишдан қайтгач, оила аъзолари жам бўлиб турли пишириқлар пиширишади. Эрталаб барвақт уйғониб, маҳсулотни савдо шохобчаларига топшириб, ўз ишларига кетишади. Оиланинг яшаш шароитига кўпчиликнинг ҳаваси келади. Ваҳоланки, улар ҳам кўпчилик каби фақат маош билан қаноатланиб яшаши мумкин эди. Чиройли турмуш кечиришга бўлган иштиёқ оила аъзоларини бирдамликка, меҳнатсеварликка, тадбиркорликка ундади.
Академик шоир Ғафур Ғуломнинг
«Тақдирин қўл билан яратур одам,
ғойибдан келажак бахт бир афсона»
деган сатрларини кўпчилик яхши билса керак. Бу сатрлари билан шоир инсонларни ижодкорликка, интилувчанликка даъват қилмаганми? «Олма пиш, оғзимга туш» қабилидаги ёндашувлардан йироқ бўлиб, ҳаётни севишга, қадрлашга, олдинга ҳаракат қилишга ундамаяптими?

Куни кеча Андижон вилоятига ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари ҳар бир оилада тадбиркорликни йўлга қўйиш ғоясини илгари сурди. Дарҳақиқат, оила аъзолари аҳил-иноқ бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватласа, меҳнатдан қочмаса, тадбиркорликни йўлга қўйса, бундан ўзи ҳам, жамият ҳам фойда кўради.
Давлатимиз соҳа ривожига улкан ­эътибор қаратган. Тўғри, ҳамма ҳам катта бизнесни йўлга қўя олмаслиги мумкин. Бироқ тадбиркорликнинг турлари кўп. Тикувчилик, тўқувчилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, маиший техникаларни таъмирлаш, савдо-сотиқ ва ҳоказо. Бу каби соҳаларда муваффақиятга эришаётган юртдош­ларимиздан ибрат олсак, ҳаракат қилсак, шунинг ўзи кифоя. Ахир, кўпни кўрган инсонлар бежизга «Инсон қилган ишни инсон қилади» демайди-ку? Кимнингдир қўлидан келган иш бош­қаникидан ҳам келади. Дангасаликни бироз четга суриб қўйсак, орзуларимиз албатта ушалади. Эртакдаги сингари тилла балиқчадан нажот кутиб ўтираверсак, кунимиз тешик тоғорага қолиб кетиши мумкин. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар