Очилган яра

285

Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят! Газетангизнинг шу йил 26 май кунги 26-сонида чоп қилинган «Илмсизликдан ким манфаатдор?» номли мақолани зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унинг муаллифи, профессор Абдураҳим Эркаевга каттадан-катта раҳмат. Муаллифнинг барча фикрларига қўшиламан. Чунки олий ўқув юртларида аҳвол чиндан ҳам ислоҳотга муҳтож. Мен ­институтни 1978 йилда битирганман. Ўша вақтларда ўқитувчи-домлаларнинг талаблари жуда қаттиқ эди.

Яхши эслайман: талабанинг дафтар-китоби бўлмаса ёки тегишли фанни конспект қилмаса, дарсдан чиқариб юборилар эди. Имтиҳон пайтида барча дарс­ларнинг конспекти бирма-бир кўриб чиқилиб, уларни талабанинг шахсан ўзи ёзганига ишонч ҳосил қилингандан сўнггина курс иши, синов ёки имтиҳон баҳоси қўйиларди. Энг муҳими, ўқитувчилар томонидан дарслар виждонан ўтилар, талабаларнинг билим олишларига катта эътибор бериларди. Ҳозир-чи? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бериш анчайин мушкул.
Эътибор берилса, кейинги 10-15 йил мобайнида олий ўқув юртига ўқишга бораётган кўпчилик талабаларнинг қўлида на дафтар, на китоб, на конспект бор. Ҳақли савол туғилади: улар қандай қилиб билим олмоқда? Ҳеч нарса ёзмаса, конспект қилмаса, китоб ўқимаса, «рефератлар»ни кўчадаги интернет-кафеларда тайёрласа — келгусида улардан қандай мутахассис чиқади?! Инсонда эслаб қолиш қобилияти ўзгаргани йўқ-ку! Бундай билим савияси паст, ўз устида ишламайдиган «мутахассис»лар мактабга боргудек бўлса, ўсиб келаётган авлодга қандай билим беради, ишлаб чиқаришни қандай ­бошқаради, янги технологиялар, инновацион ғоялар, янги маҳсулотларни қандай ўзлаштиради, касалларни қандай даволайди, иқтисодиётимизни яхшилашга салоҳияти етадими? Бундай саволларнинг саноғи йўқ.
Келажакда билимли, кучли ва етук мутахассисларга эга бўлишни хоҳласак, таълим-тарбия, айниқса, таълим соҳасида туб ислоҳотларни амалга оширишимиз зарур. Бундай ўзгартиришлар мактаблар учун ҳам тўлалигича тегишли.
Яна бир нарса мени ҳайрон қолдиради. Ўша олий ўқув даргоҳлари, коллеж ва мактаб­ларда ҳукумат ва бошқа бош­қарув идораларида, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида ишлаётган амалдорларнинг фарзандлари ёки неваралари ҳам ўқийди-ку, ахир! Улар юзага келган салбий ҳолатлардан хабардор эмасми? Шу тариқа юзага келган аянчли ҳолатда айбдор кимлиги ва уларга нисбатан қандай чора кўрилаётгани сирлигича қолмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсам, хатолар дастлаб аниқланиши, сўнгра тузатилиши лозим. Шу маънода бу каби мақолаларнинг чоп этилиши хато ва камчиликларимизни аниқлашга хизмат қилади. Тиббиётда «Ташҳис аниқ бўлса, касалликни даволаш қийин эмас», деган қоида бор. Камчиликлар рўй-рост айтилган жойда тез орада ечим ҳам топилади. Бунга шубҳа йўқ.

Олтинжон ТИЛЛАЕВ,
Наманган шаҳри

Бошқа хабарлар