«Жиноятчи…» — китоб! ёхуд муқовасига мос «ажабтовур» матоҳ ҳақида масал

220

Биз томонларда отасининг акасини «катта ота» ҳам дейишади. Умр оқар дарё экан — кечагина «катта ота»лар ортидан эргашиб, эркаланиб юрган бола эдим. Бугун эса ўзим катта отаман. Бахти бутун бўлгур набираларимнинг китобга меҳри баланд. Улар йилда бир-икки бор меҳмонга келишади ва ҳар сафар кутубхонамнинг тит-питини чиқариб кетишади. Мен эса «қуш уясида кўрганини қилаётгани»дан хурсанд бўламан.

Тўғриси, имкон бўлганда набираларимни китоб билан сийлаб тураман, лекин кунлардан бир куни улар ўз совғам билан ўзимни саволларга кўмиб, асабим бузилишига сабабчи бўлишади, деб ҳечам ўйламаган эдим. Ҳаммаси «баҳри байт»дан бошланди…
Яқинда қишлоққа борган эдим. Баҳона-ю сабаб билан ҳамма қариндош-уруғ катта ҳовлига тўпланди. Кечқурун болалар (набира ва жиянлар) икки гуруҳга бўлиниб, баҳри байтни бошлаб юборишди. Вақтни ҳисоблаб турувчи ҳамишаги ҳакам — камина.
Шундай қилиб, аввал шеърлар ўқилди, сўнг исмлар «элак»дан ўтказилди. Ким кўп топишга топишмоқлар ҳам айтилди. ­Навбат пойтахт шаҳарлар ва мамлакатларнинг номига келди-ю, ўйиннинг шу шарти билағон Бобурнинг «бебош»лиги боис ­бошланмасдан «барбод бўлди».
— И-е, тўхтанглар-да, — деди у. — ­Ўйиннинг шу жойига келганда нуқул, меники тўғри, сеники нотўғри, деб ўрлашиб қоламиз. Келинглар, катта отамдан сўраймиз. Кўрамиз, кимники тўғри чиқаркан?
Бобурнинг гапи ҳаммага маъқул келди ва бирин-кетин саволлар ёғила бошлади.
— Қатар тўғрими — Катар?
— Қоҳира бўладими Коҳира?
— Қувайт Кувейт дейиладими?
— Қозоғистон деб ёзиладими ёки Қозоқистон?
Аввалига, бундай «қизиқ» саволларга жавоб бера туриб, «ҳа, энди, Японияни «Йипония» дейдиган, «Қ» товушини «К» деб талаффуз қиладиган «маданиятли саводли»лар кўп, «олим»лар ҳам бор. Бу болалар ҳам ўшаларнинг касрига қолиб, чалғиб-чалкашиб юрган экан-да» деган хаёлга бордим ва кейинги саволларни кутдим.
Кейинги саволлар эса «Впетнам», «Франтсия», «Мўқулистон», «Қирқизис­тон», «Полпша»… тарзида «қуюшқондан чиқиб кетди». Ортиқ чидаб туролмадим — овозим баландроқ чиқди: ўқиган китобларинг қани?
Китобни келтиришди. «Ўзингиз совға қилувдингиз», дейишди. Эсладим: бу китобни ўзим сотиб олган эдим. Бир қарашда эътиборни тортадиган китобни ўшанда шунчаки варақлаб кўргандим, холос. Энди эса…
Ўзимни мажбурлаб, китобни ўқиб чиқдим ва ҳайратдан ёқамни ушладим. Нега десангиз, унда имловий хатолар ғиж-ғиж, жумлаларнинг «оёғи осмонда». Камига савол-жавоблар такрорланган. Мисоллар дейсизми? Марҳамат…
Муқовани шундоқ очишингиз билан илк хато сизга «пешвоз» чиқади: «ажабтовур» сўзи «ажабтобур» деб ёзилган. Бундай ғализликлар матнда, давлат ва пойтахт шаҳарларнинг номларида жуда кўп учрайди. Уларни кўриб, «Имло ўзгармаганми?» деган хаёлга ҳам бордим. Қўшни Афғонистоннинг «Афқонистон», пойтахти «Кобул», пул бирлиги эса «афқон» эканлигини шу китобдан «билдим». Рубль, песо, юан, фунт-стерлинг, манат каби пул бирлик­ларидан хабарим бор эди. Аммо «рублп», «ппесо», «юанп», «фунт-стрелин», «манта»…ларни эшитмаган эканман.
Ажабо, ажаб… «П» ҳарфи китобга «пашшадай ёпишган», аниқроғи, «ёпиштирилган». Оқибатда бутун бошли давлатлар ва пойтахт шаҳарларнинг номи ҳамда улуғвор, нурли сўзлар китобга «сочиб ташланган» «п»нинг дастидан «йиғлаб турибди». Мисоллар шунчалик кўпки, айримларини келтириб ўтсам, қолганлари «хафа бўлади».
Келинг, футбол ҳақида гаплашамиз. Бундан 10-15 йил бурун «Манчестер Юнайтед»да Дуайт Йорк деган ҳужумчи ўйнарди. Унга терма жамоадаги ватандош­лари билан бирга жаҳон чемпионатида тўп тепиш насиб қилган. Агар Ўзбекистон 2005 йил кузда Баҳрайн билан (китобда Баҳрейн) Тошкентда 1:1, меҳмонда 0:0 ўйнамаганида эди, кейинги босқичда Дуайт Йорк юртимизга келарди, бизникилар эса Тринидад ва Тобагога боришарди.
Тринидад ва Тобаго Шимолий Америкада жойлашган. «Антиқа» китобда Шимолий Америка давлатлари ҳақида ҳам маълумотлар берилган, бироқ рўйхатда Дуайт Йорк ватани йўқ-да!
Энди шу «ўзимиз»нинг Осиёдаги ­Фаластин давлати ҳақида қисқача сўз юритсак. Нима демоқчилигимни дарров фаҳмладингиз чоғи. Халқаро ҳаётда тез-тез тилга олинадиган Фаластин «ажойиб» китобда «қитъадошлари» қаторидан «тушиб қолган». «Хорижий Европа»… Йўғ-е? Ол-а, агар китобда айтилганидек, Европа «хорижий Европа» бўлса, у ҳолда қолган қитъаларга ҳам шу мақомни бериб, қора қитъани «хорижий Африка», Осиёни эса «маҳаллий Осиё» дейиш керак экан-да-а?!.
Бир пайтлар «хорижий Европа»да Югославия деган давлат бўларди. Ўтган асрнинг 90-йилларидан пароканда бўла бошлаган Югославия 2003 йилга келиб бутунлай бўлиниб кетди. Ундан Хорватия, Сербия, Словения, Македония, Черногория, Босния ва Герцоговина давлатлари ажралиб чиқди. Бу давлатлар «ёшлиги» учунми, негадир китобнинг «Европа давлатлари» қисмига киритилмаган. Аммо… ҳозирда дунё харитасида йўқ Югославия «йўқдан бор» қилинган. У европадаги 40- давлат экан. Ана маълумот, ана савия, ана…
Хуллас, 128 бетли китобда аянчли хатолар «ачиб ётибди».
«Бир киши — ҳамма учун, ҳамма — бир киши учун». Мазмунан ёмон эмас, лекин «мода»дан, аниқроғи, собиқ тузумдан қолган шиор. Шундай эмасми?
Китобда айрим географик номларнинг луғавий маъноси берилган ва яна «кашфиёт» қилинган: бинокл — «икки кўз», титан — «ўлмас худо», нептун — «дарё худоси», эхолот — «эхо худоси» … «Бинокл» ва «худо»ларнинг географик номга нима алоқаси борлигини кўп ўйласам-да, барибир тушунмадим. «Бинокл»нинг ўзбекча дурбин бўлишини ёш бола ҳам билади, шекилли.
Расм ва Сурат. Китобда уларнинг фарқига борилмаган. Суратдаги… расм, расмдаги… сурат. Эслатма: расм чизилади, сурат олинади.
Кўчадаги реклама ва эълонларда «ер» сўзининг «эр» деб ёзилиши кўп учрайди. Бундай чаласаводлик китобда ҳам кузатилса, айтинг-чи, нима қилиш керак?
Китоб муаллифини топиш мақсадида ижтимоий тармоққа кирдим. Гарчи муаллиф билан боғланиб, савол-жавоб қилишнинг имконини тополмаган бўлсам-да, «қизиқарли» маълумотларга дуч келдим. Маълум бўлдики, «шундай» китоб бир эмас, икки марта нашр қилинган экан. «Тирик сайёра» деб номланувчи бу китоб «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан 2009 ва 2013 йилларда 10000 нусхада чиқарилган. Камига, ҳар иккала вариант бугун Интернетда сотувда турибди. Аслида эса ҳар икки вариант битта нарса. Ўша хатолар… ўша масъуллар…
Қўл учида чиқарилган китоб бешта қўлдан ўтиб, «дунёга келган». Демак, муал­лиф Аҳмаджон Маматкаримов. У кишининг китобга ўта «масъулият» билан ёндашгани «…бу борада олиб борилган ўз тажрибаларни келтириб ўтмоқчиман» дейишидан маълум. Афсуски, китобда ­«тажрибаларни» каби ­«тажрибалар» кўп ўтказилган.
Тақризчилар — Исомиддин Абдуғаниев, география фанлари номзоди, доцент. Муборакхон Пайзиева, Фарғона ўқитувчилар малакасини ошириш институтининг география кафедраси мудираси. Бу илмий даражали тақризчиларнинг китоб­­га «муносабати» янада тушунарли. Улар муаллифга, ҳойнаҳой, «зўр китоб бўларкан, ­табриклайман» дейишган-у, қўлёзмани ўқиб ҳам кўришмаган. Ўқишса, бундай хатоларга йўл қўйилмасди. Энг қизиғи, нимагадир улар 2013 йилги нашрдан «бадарға қилинган».
Ҳар икки сафар ҳам китобга муҳаррирлик қилган Улуғбек Раҳимов ва мусаҳҳиҳ Инобат Турсунова ҳам ўз вазифасига «ўта жиддий» ёндашган. Уларнинг китобни «диққат билан ўқишгани» шундоққина кўриниб турибди.
Мен балким, жудаям катта мутахассис эмасдирман, лекин битта нарсани аниқ айта оламан: китоб жиддий тузатиш ва таҳрирга муҳтож. Мутахассис ва муҳаррирлар бу китобни, албатта, «хатм» қилишлари керак. Агар шундай қилинмаса, буям бир жиноят… Ахборот технологиялари, чет тили ва лотин алифбосини билиш, ўзлаштириш борасида болалар ҳам биз — катталардан анча илгарилаб кетган. Буни асло унутмаслик лозим. Унутсак, билағон болалар олдида ким деган одам бўламиз?
Шу ўринда бир мулоҳаза: агар ҳаётда бирор киши жиноят қилса, у қонун олдида жавоб беради. Лекин «жиноятчи» китоб бўлса-чи? Уни ким жазолайди? Албатта, бу беўхшов ўхшатишга эътироз билдиришингиз мумкин. Аммо «ажабтобур» китоб қанчадан-қанча болаларни чалғитиб, нотўғри билим олишига сабабчи бўлса, бу жиноят эмасми? Масаланинг маънавий томонларини ҳам ҳисобга олсак, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси янада ортади. Жиноятга жазо муқаррар экан, китоб ҳам, унинг муаллифи-ю ноширлари ҳам ўз «қилмишлари»га жавоб бериши керак эмасми?
Ҳа айтганча, ҳар иккала вариантда ҳам ер аҳолиси 6,5 миллиард киши (2008 йилги маълумот) деб ёзилган китобни Интернетдан (сотувдан) олиб ташлаш шарт.
Хуллас, болаларни «бола» билмайлик, уларни бемаъни ва бўш китоблардан асрайлик!

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
журналист

Бошқа хабарлар