Эзгу ниятларга туташ анъаналар

128

Навоийда 30-31 май кунлари «Нурли наволар» халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида Хатирчи туманида ўтказилган йиғилишдаги кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида Нурота тумани ва Навоий шаҳрида мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган фольклор жамоалари иштирокида «Нурли наволар» халқаро фольклор фестивалини ўтказиш режалаштирилган эди. Шу асосда Маданият вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида 30-31 май кунлари халқаро фольклор фестивали ташкил этилди.
Нурота туманидаги қадимий «Нур чашмаси» мажмуасида фольклор жамоалари ва бахшиларнинг «Нурли наволар» халқаро фольклор фестивали кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Байрамона ташкил этилган сайилда маҳаллий ва хорижий фольклор жамоалари қатнашди. Миллий либослар ва миллий чолғу асбоблари садоси иштирокчиларда қувноқ кайфиятни юзага келтирган бўлса, юртимиз табиати ва қадимий осори-атиқалари хорижлик сайёҳларни ўзига ром этди.

— Бу анжуман ҳаётимдаги энг ширин хотиралардан бири сифатида бир умр юрагимда қолади, — ­дейди франциялик сайёҳ Шонтал Парис. — Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Дастлаб Хивада бўлдим. Нуротанинг қадимий тарихи ва чашма балиқлари менинг эътиборимни тортди. Халқаро фес­тивалда иштирок этаётганимдан хурсандман. Халқингизнинг бир-бирига бўлган меҳри мени ўзига жуда мафтун этди. Қадимий қўшиқлар эса чиндан ҳам ёқимли ва ҳузурбахш.
Тадбирда «Сайқал», «Мейрас», «Ойпари», «Уйчи тонги», «Бешқарсак», «Сайхун йигитлари», «Бойсун», «Қурама» каби бадиий жамоаларнинг чиқиш­лари байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
— Четдан кузатсангиз, манзаралар эртакона, анвойи ранг­лар жилоси чашма мажмуасида мужассамлигига гувоҳ бўласиз. Бу анжуман ҳақиқатан ҳам ўзбек халқининг қадимий қадриятлари сифатида қайтадан сайқал топмоқда, — дейди Навоий вилоят маданият бошқармаси бош­лиғи Р. Эгамов. — Қадимий фольклор санъати билан ўтмиш маданий ёдгорликларимиз тарихининг ўзаро боғлиқлиги, узвийлиги ва улуғворлиги ҳамда уларнинг буюк маънавия­тимизнинг ҳақиқий сарчашмалари эканини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган байрам нафақат халқимиз, балки бутун дунё анъаналарининг туташлигини ҳам намоён қилди. Фес­тиваль иштирокчиларининг ҳар бири ўзига хослиги, ижрочилик маҳоратининг ­такрорланмаслиги билан ажралиб турди.
Анжуманнинг Нурота заминида бўлиб ўтгани ҳам бежиз эмас. Бу ердаги бой маданият, Эргаш Жуманбулбулдек бахшилар, игна билан дунёга чиққан каштадўзлар санъати фахр-ифтихоримиздир. Халқ қалбидан отилиб чиққан наволар тилдан-тилга кўчиб, авлодлар қалбига нур каби оқиб кирмоқда.
— Ушбу анжуман орқали юртимизнинг барча ҳудудлари ҳамда Тожикистон, Туркманис­тон, Афғонистон, Қозоғистон каби хорижий давлатларнинг ҳам ўзига хос урф-одатларидан баҳраманд бўлдим, — дейди наманганлик Ёқутхон Жўрабоева. — Қадимий қўшиқларимиз қайтадан сайқалланиб, янги-янги қирраларини намоён этмоқда. Бундай фестиваллар халқимиз, айниқса, ёшларимизни янада ҳамжиҳатликка ундайди.
— Санъатда энг қадимий, ўзига хос йўналишлардан бири саналган фольклор, аввало, инсонларни куй-қўшиқ воситасида бир-бирига яқинлаштирган, — дейди жиззахлик Фаррухбек Ўразбоев. — Ундаги яна бир асосий жиҳат — ёш хусусияти ҳисоб­ланади. Масалан, бир жамоада ҳам жажжи болакай, ҳам нуроний онахонни, хуллас, оила аталмиш даргоҳ эгаларининг барча-барчасини кўрасиз, улар бирга куйлашади, рақсга тушишади. Бу жараён эса инсонга ўзгача завқ бағишлайди.
«Нурли наволар» халқаро фестивали доирасида тасвирий ва амалий санъатга қизиқувчи ёшлар кўргазмалари, каштачиликнинг энг гўзал намуналари намойиши, китобхонлик тарғиботи ва олимлар билан мулоқотлар, халқ ўйинлари ва анъанавий майдон томошалари санъати намояндаларининг дас­турлари ҳам тадбирга ўзгача кўрк бағишлади.
Фестивалда ўз ҳудуди қадрият­ларини кўз-кўз қилиб, ғурурланиб намойиш этаётган жамоа­лар чиқишларини кузатар экансиз, уларга қўшилиб куйлагингиз келади. Ушбу фестивалда томошабин сифатида қатнашган, қачонлардир урушнинг оғир кунларини бошидан кечирган отахон-у онахонларнинг кўзларида севинч ёшлари, дилларида ­шукрона туйғулари жўш урди.
Бир сўз билан айтганда, қалбларимиз, ҳар бир кунимиз нурга, ёруғ мақсадларга тўла бугунги фаровон ҳаётимизга байрамлар ярашади. Ана шу нурафшонлик куй-қўшиқларимизга ҳам кўчяпти. Қадимий оҳанглар тараннум этиладиган халқаро фес­тиваль янгидан-янги истеъдод эгаларини кашф этиб, ёшларимизни қадимий санъатимизга бўлган қизиқишини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Дилафрўз ЎРОЗОВА

Бошқа хабарлар