Яширин имкониятлар эшиги

138

Ҳаётнинг йўллари ўнқир-чўнқир дейишади. Бирда тўқчилик, баъзан йўқчиликка ҳам дуч келиш табиий ҳолдир. Энг муҳими, барча синовларни ўз кучинг билан енгиш ва олға интилишдир. Секторлар фаолияти шарофати билан кўп­лаб хонадонларда бўлиш, одамларнинг ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Аксарият давлатдан моддий ёрдам олишни истовчилар, ҳаёти ҳаминқадар ўтаётганларнинг кўпчилигида меҳнатга бўйни ёр бермасликни кўрдик. Аммо шундай оилалар борки, бир кафт ерининг ҳар қаричини чаман қилиб, ҳаётини гўзал тарзда ўтказмоқда.

Уларнинг омилкорлиги, меҳнатсеварлигини ҳар қанча таърифласанг, ўзгаларга ибрат қилсанг оз. Зеро, таёқ суқсанг, мева бергулик серҳосил заминимиз бор. Бундай шароитдан фойдаланмаслик, кўкдан чалпак ёғишини кутиш бориб турган нодонликдир.
— Қишлоғимиз азал-азалдан уста деҳқонлар, миришкор боғбонлар юрти бўлган, — дей­ди Чуст туманининг Олмос қишлоғида яшовчи пенсионер Зумрадхон ая Рухсатова. — Ердан фойдаланиш, даромад топишнинг хўп ҳадисини олганмиз. Ҳар баҳорда оила-оила бўлиб, мавсумий деҳқончилик қилиш учун юртимизнинг турли ҳудудларига кўчиб кетишади. Қишлоқда асосан кексалар қолади. Ҳар ким қўлдан келганча, тирикчилик учун ҳаракат қилади. Мен ҳам олти сотихли томорқамизга қиш сўнгида картошка экаман, март ойининг сўнгида картошканинг пуштасига икки ёнлама қилиб ловия уруғини қадайман. Қарабсизки, картошка билан ловия ҳам пишиб етилади. Картошкани рўзғорга ишлатамиз, ловия эса қўшимча даромад. Иккинчи экин сифатида битта пуштага сабзи, қолган жойга маккажўхори, турп, шолғом уруғини сепаман, помидор-у қалампир ҳам жуда серҳосил бўлади. Токсўрига тирмаштириб бодринг ва ошқовоқ экамиз. Ҳовлимда мевали дарахтнинг барча тури бор. Қишга захира сифатида компот-у мураббо, туршак тайёрлашдан ортганини сотамиз. Йилига тўрт сотихлик томорқамдан 10-12 млн. сўм ҳосил оламиз. Шу даромадимиз бор эканки, бирор марта киши юзига сарғаймадик, «Нексия», «Дамас», ҳатто тракторгача олдик. Беш қиз-у бир ўғлим бор. Уларга ҳам ҳамиша «бирор кишидан ёрдам сўраб зориққандан кўра ерга меҳр бер, меҳнатни сев, элнинг олди бўласан», деб уқтираман.
— Туманимиздаги кўплаб ишсиз, кам даромадли оилаларга Зумрад ая сингари ишнинг кўзини билган томорқа эгаларини ибрат қилиб кўрсатамиз, — дейди АСМ ходимлари касаба уюшмаси Чуст тумани кенгаши раиси Дилшод Зокиров. — Давлат «экин эк, фойдалан, рўзғорингга барака кирит» деб ер бериб қўйибди, бундан фойдаланиш керак. Шундай юртлар борки, ер камлигидан дарё-ю денгизлар устига махсус мосламалар ўрнатиб, унга тупроқ солиб, деҳқончилик қилишади, дея кўп тушунтирамиз. Тарғибот туфайли ҳам кўпчилик оилалар ўз даромадига эга бўлмоқда. Ҳозирда вилоятимизда томорқада кўчатчилик (помидор, бодринг, булғор қалампири, тарвуз, қовун) яхши ривож­ланмоқда. Бир сотихлик ердан шу йўл билан 5 млн. дан 10 млн. сўмгача даромад қилиш мумкин. Бу 40 кун ичидаги кўрсаткич. Унинг ўрнига яна 3 марта экин экилишини инобатга олсак, боболаримиз айтган «иш билганга минг танга» аталган кунлар етиб келганини англаймиз.
— Томорқа юзасидан касаба уюшмалари кўп­лаб тарғибот тадбирларини ўтказмоқда. Мақсад — одамлар ҳаётини фаровон қилиш, — дейди ИТИЧС ва ХКТХ касаба уюшмаси Чуст тумани кенгаши раиси Манзура Ҳакимова. — тан олиш керакки, бу ишлар бошида силлиқ кечмади. Тушунтиришлардан сўнг ҳозир одамларнинг ўзи ҳаракатга тушиб қолди. Биргина мисол: уйида барзангидек икки ўғли бор бир хонадонга кирдик. Ҳовлининг пахса девори тўкилиш арафасида. Яшаш шароити ҳақида сўрасак, «Маҳалла ёрдам бермайди, қийналяпмиз», дейиш­ди. Олти сотихли ҳовлига қачон кетмон урилганини ўзлари ҳам эслашолмади. Катта келинга «эркакларни яхши гап билан секин йўлга солинг, бировдан ёрдам кутиш уларга ор эканини тушунтиринг, ҳовлингиз олти сотих экан-ку, икки сотих ердан миллионлаб даромад олаётганлар бор. Кейин томорқангизга кўчат ўтқазинг, икки-уч йилда ҳосилга кириб, болаларингиз оғзи мевага тегади, ортганини бозорга чиқариб, даромад топасиз. Ҳовлига навбати билан қишда кўкат, ундан кейин картошка-пиёзми, дуккаклилардан экинг. Қарабсизки, рўзғор камини томорқанинг ўзи тўлдириб туради. Бугун нимаики қилсангиз, фарзандингиз сиздан ўрганади, ишларингизни келажакда такрорлайди. Шундай экан, ҳамма ҳавас қиладиган оила бўлишингиз йўлида биздан нима ёрдам керак бўлса, тайёрмиз», дедик. Келин уятдан қизариб: «Ўзимиз эплаймиз, опажон», деб жавоб берди. Орадан бироз фурсат ўтиб, яна шу хонадонга қирдик. Бутунлай ўзгача манзарани кўриб, жуда қувондик. «Берсанг ейман…» қабилидаги боқимандалик кайфиятидан асар қолмаган. Тўғри, ҳовли данғиллама эмас, аммо эркак қўли теккани сезилиб турарди. Чиройли жўяк тортилиб, картошка экилган, бир қаторни эса плёнка билан ўраб қўйишибди. «Яхши отга бир қамчи», деган нақл бор. Фойдасини кўзлаб айтган маслаҳатимизга амал қилган бу оила ўзини тиклаб олишига ишондик.
Дарҳақиқат, юртимизда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар меҳнатнинг ботиний ­қудратини англаган инсонлар ҳаракати сабаб юз очади. Бу эса янги иш ўринлари, фаровон ҳаёт, мўл-кўлчилик деганидир.

Дилдора РАҲМОНОВА

 

Бошқа хабарлар