«Сўнгги бекат»…

128

Бекатдан «тез юрар уловда» сафарга чиқдим. Сафардан кўзланган мақсад, «Ёшлик бекати»га тушиб қолишим керак эди. У ер мен учун сирли ва мафтункор бўлиб туюларди… Сафар давомида атрофни иштиёқ билан кузатиб борар эканман, ширин орзуларга берилиб, кўзим уйқуга кетибди… Бир маҳал уйғонсам, нотаниш бекатдаман… Сергакланган кўйи ўрнимдан қўзғалдим. Негадир, ўзимни бошқача ҳис қилдим. Ахир, нима бўлди, мен «Ёшлик бекати» га тушиб қолишим керак эди-ку?! Бу ер қайси бекат? Қандайдир сирли овоз жавоб қайтарди: «Сиз «Кексалик бекати»га етиб келдингиз! «Ёшлик бекати» эса аллақачон ортда қолган!». Бу ер қайси бекат, тавба, дедим саволимни такрорлаган кўйи қалбим ўкиниб… Ҳалиги овоз эса хотиржамлик билан: «Кексалик бекати»га хуш келибсиз!», — дея яна хитоб қилди…

Саросимада уловдан югуриб тушдим. Улов эса учқур отдек кўздан ғойиб бўлди. Шу лаҳзада буткул ҳайратлар гирдобида қолиб кетдим. Ахир, мен сафарга чиқаётганимда яшнаган баҳорнинг илк палласи эди-ку!!! Бу ерда бўлса, хазонрез фасл ҳукмронлик қиларди… Атроф рутубатли… Қарасам, бу ердаги ҳамма одам ­ниманидир хотиржамлик ва, айни пайтда, қандайдир илинж билан кутарди…

Улар, негадир, тез-тез атрофга теран разм солиб, фалакка ҳам термулиб қўйишарди. Энг ажабланарлиси, уларнинг деярли ҳаммаси ёшликни аллақачон тарк этган бўлиб, сочлари оқарган, қадам ташлашлари ҳам оҳиста. Қадлари ҳам бир оз эгилган. Кўзларида чақнаш сезилмайди. Айримларининг қадди эгикроқ. Айримларининг эса қўллари қадоқ. Тавба, бу нимаси бўлди?!

Бу бекатда бирорта ҳам ёш одам кўринмасди. Булар ҳам менга ўхшаб бекатдан адашганми, ёки ўзлари сергаклик билан онгли равишда шу бекатда тушиб қолишдимикин?! Назаримда, улар адашганга ўхшамасди. Кўзларида донишмандларга хос сокинлик акс этиб турарди. Бирданига юрагим шув… этиб кетди. Наҳот, мен ҳам шуларнинг бириман? Ахир, ёшлик бекатини ўтказиб юбордим-ку! Негадир, йиғлагим келди… Энди ортга қайтишнинг асло иложи йўқ эди. Нима қилишни билмай чуқур ўйга толдим.

Атрофга ҳайрат билан назар солган кўйи, шу ердаги бир эскироқ ўриндиққа ўтириб, бу ердаги одамларни кузатдим. Негадир, уларни кузатиб қалбим изтиробга тушди. Қувонишимга эса бирорта сабаб йўқ эди. Одамлар кўзимга ночор ва ғанимат кўриниб кетди. Уларнинг ҳар бири билан суҳбат қилиб, кўнгилларини кўтаргим келди. Бироқ уларнинг теран нигоҳлари бунга муҳтож эмасликларини айтиб турарди. Шундай бўлса-да,  оппоқ либосдаги соч-соқоли оқарган, бир қарияни сўроққа тутдим: — Бу ердаги одамлар қайси бекат учун улов кутишяпти, отахон? У менга бир оз разм соларкан, хотиржамлик билан «Биз «Кексалик бекати»да узоқ қолиб кетдик. Қиладиган ишимиз қолмади… Энди «Сўнг­­ги бекат» учун улов кутаяпмиз. Бироқ, улов қайси дақиқада етиб келади, билмаймиз… Аммо бизни «Сўнгги манзил»га олиб кетадиган уловнинг келиши аниқ… Шунинг учун хавотир олмасак ҳам бўлади», — деди…

«У ер қанақа бекат?.. Бу ердан яхшими, ахир?», — дедим, йиғлагудек бўлиб… «Албатта-да, — деди у. — Ахир, у ерда кутиш ва шошилишга ҳожат йўқ. Еб-ичиш, ур-йиқит ҳам бўлмайди»… Кейин у узоқ ўйга толиб, яна фикрини давом эттирди: «Балки, у ерда бизни азоб ёки аксинча, ҳузур-ҳаловатли манзил қарши олар! Кейинги қисматимиз ҳақида сенга бирор нарса дейишга ожизман. У ёғи энди Унга боғлиқ».  Қария кўрсаткич бармоғи билан тепага ишора қилди-да, жим бўлиб қолди…

Мен нима қилишни билмай «наҳотки, «Кексалик бекати»да бир ўзим қолиб кетаман?», деган ўй билан ҳалиги кекса кишига илтижоли тикилдим… Кекса эса худди кўнглимдан кечганларни сезгандек, «Хавотир олма! Биз ҳам худди сенга ўхшаб уйқу туфайли «Ёшлик бекати»ни ўтказиб юбориб, ўзимиз кексайиб қолганимизни мана шу ерга келганда сезиб қолганмиз», — деди.

«Сўнгги улов»… Унинг қайси дақиқада етиб келиши ва «Сўнг­­ги бекат»га қайси дақиқада олиб кетиши номаълум бўлса-да, унинг қачондир учқур отдек етиб келиши аниқ эди… Шу лаҳзада ўзимни худди туш кўраётгандек сархуш кайфиятга тушиб қолганимни ҳис қилдим…

Сайёра ШОДИЕВА, 

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар