Жавоб излаётган саволлар

240

«Ўзавтосаноат» АЖга

 

Алдагани… харидор яхшими?

Бир ой аввал автосалондан янги «Nexia» русумли енгил машина сотиб олган эдим. Энди камида 3-4 йил мазза қилиб минаман, деб ўйласам, чучварани хом санаган эканман.

Чунки «эл қатори» ҳали «оёғи қизимасдан» шиналарини алмаштиришга тўғри келди. Машина юрганида қаттиқ уриларкан, танишларим зудлик билан алмаштириш «урф» эканини айтишди. Ростдан ҳам, машинага қўйилган баллонларни ҳали янгилигида 500 минг сўмга зўрға олишди. Янгиси эса менга бир миллион беш юз минг сўмга айланди. Кейин салон тўшамаси, яна қўшимча жиҳозлар сотиб олишга тўғри келди.
Хўш, буни нима деб аташ керак? Бундай сифати аъло бўлмаган шиналарни қўйишнинг сабаби нимада? Балки «Ўзавтосаноат» бу ҳолни изоҳлаб берар…?
Бизнинг автозаводимиз ҳам мардларча у ёки бу камчилик учун автомашиналарни қайтариб олишдек ҳалол ­ўйинга ўйнайдиган вақтлар келармикан?

Исроил Шукуров,
Наманган вилояти

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига!

 

Талабаларга туғиш  таътили бериладими?

 

Олий ўқув юртида таҳсил олаётган хотин-қиз талабаларга бола туғиш (126 кунлик) таътили ва нафақаси бериладими? Таътил ва нафақа берилса, нафақа миқдори қанча ва қай тартибда, ким томонидан тўланади?
Шунингдек, таътилга чиққан талаба қолдирган соатларини қайта ўзлаштириш шарти билан ўқишини давом эттириши мумкинми?

Файзиддин ТИЛОВАТОВ,
Қарши шаҳри

 

 Ички ишлар вазирлигига!

 

Юракёрар ваҳимага ҳожат борми?

Кўп қаватли уйда яшайман. Сурункали касалликка чалинганман. Кечки пайт уйимиз олдига «замонавий сигир» — сут маҳсулотлари сотувчи машина келади. У махсус овозкучайтиргич мослама — мегафон билан харидорларни ўзига чорлайди. Аҳён-аҳёнда эса пост-патруль хизмат машинаси ҳам ваҳима билан махсус овозли мосламасини варанглатиб уй атрофларини айланиб қолади. Хўш, уларнинг бу хатти-ҳаракати қонунга қанчалик мос? Ахир, мен сингари беморлар, ёш болалар — қўйингки, одамлар бундан азият чекаяпти-ку?

Ойдин Мирзаева,
Тошкент шаҳри

 

Ички ишлар вазирлиги  Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига!

 

«BLUETOOTH»да гаплашсам бўладими?..

— Транспорт воситасини бошқаришда уяли телефонлардан фойдаланиш тақиқланганини биламан. Лекин уяли телефонимдаги «Bluetooth» қурилмасидан фойдаланган ҳолда машинамни бошқарсам бўладими?

Ойбек Омонов,
Навоий шаҳри

 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига!

Авиачипта нархида  имтиёз борми?

 

Фарзандларим хорижда таҳсил олишади. Тез орада улар ёзги таътилга чиқишади. Хорижда ўқиётган талабаларга авиачипта сотиб олишда бирор-бир имтиёз борми? Қолаверса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси чипталар нархини арзонлатиш борасида қандай ишларни амалга оширмоқда?

Нилуфар Эшмуродова,
Тошкент вилояти

 Ички ишлар вазирлигига!

«Ички виза» ҳам бўладими?

Қишлоғимиз қўшни Туркманис­тон билан чегарадош ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда соғлик учун ниҳоятда фойдали бўлган маъданли сув ва шифобахш балчиқ бор. Шу сабабли қишлоғимизга, айниқса, ёз мавсумида турли жойлардан кўплаб дам олувчилар келади. Бироқ уларни қишлоқ кираверишидаги чегараолди назорат пунктидаги аскарларнинг талаби ранжитмоқда.
Гап шундаки, улар бу ерга келган одамлардан туман марказига қайтиб бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидан махсус рухсатнома олиб келишни талаб қилишмоқда. Оралиқ масофа 60 км бўлгач, ортиқча сарсонгарчиликни тасаввур этиш қийин эмас. Боз устига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мутасаддилари ҳам бу ишдан ҳайрон. Ахир, дам олувчилар чегарани кесиб ўтмаётган бўлса, у ҳолда бундай «ички виза»га ҳожат борми?
Буни бор-йўғи махсус журналга қайд қилиш билан ҳал этса бўлмайдими? Бунга мутасаддилар нима дейди?

Ўрол Ҳамроев,
Деҳқонобод тумани, Хўжаипок қишлоғи

 

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Адлия вазирлигига!

Тиланчилардан қутулиш мумкинми?

Шаҳримиз кун сай­ин обод ва гўзал бўлиб бормоқда. Юртимизга қадам ранжида қилаётган сайёҳларнинг сони тобора ортаётгани ҳам айни ҳақиқат. Шундай экан, пойтахтимиз ҳуснига доғ бўлиб тушаётган тиланчилар, чорраҳадаги мурғак гўдакни кечаси алламаҳалгача кўтариб олиб турадиган гадойлар фаолиятини қандай тугатса бўлади? Бу ҳақда қонунчиликда нима дейилган? Улар фаолиятини бутунлай таъқиқлаш имкони йўқми?
Умуман, бу борада кимдир нимадир қилаяптими? Шуни билишни истар эдим…

Дурдона Содиқова,
Тошкент шаҳри

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Адлия вазирлигига!

 

Тафовутни ким аниқлайди?

Самарқанд педагогика техникумини бошланғич таълим йўналиши бўйича ўқишни тамомлаб, 1988 йилдан буён умумтаълим мактабларида ишлаб келаяпман. Энг аввало, касбимга бўлган меҳр, қолаверса, изланиш, интилишим самараси ўлароқ биринчи тоифали ўқитувчи бўлдим. Тоифани уч карра ҳимоя қилиб, ўзимда сақлаб қолдим.
2014 йили тоифани ҳимоя қилганим тўғрисида берилган ҳужжат бекор қилинди. Ўрта-махсус маълумотли бўлганим учун 2016 йилда менга устамалар бериш ҳам тўхтатилди.
Бу мен каби ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни камситиш, йиллар давомида мисқоллаб йиғилган обрў-эътиборга беписандлик муносабати эмасми?
Наҳотки, техникум маълумоти билан касб-ҳунар коллежи ўртасидаги тафовут ­сезилмаётган бўлса!

Зуҳра ИБРОҲИМОВА,
Дўстлик туманидаги 2-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.

 

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги,
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш давлат қўмитасига!

Ҳаво нега бузиляпти?

Биз Сергели туманининг 3-мавзесидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшаймиз. Мана бир неча ойдирки, бир муаммо нафақат мени, балки бутун туман аҳолисини қийнаб келаётган бўлса, ажаб эмас. Муаммо шундаки, кеч соат 22:00 дан кейин биз яшаётган ҳудуд ҳавоси бутунлай ўзгаради. Қаердандир шу даражада ёқимсиз ҳид тарқаладики, нафас олишга ҳам қийналасиз гоҳида. Кечалари деразани ёпиб ухлашга мажбур бўляпмиз.
Авваллари бундай ҳолатни ҳеч кузатмагандик. Баъзилар Сергели туманидаги саноат зонасида (промзонада) қандайдир янги завод ишга тушганмиш дейишса, яна кимдир янги салқин ичимликлар ишлаб чиқарадиган корхона ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлаётганини айтишмоқда.
Нима бўланда ҳам бу муаммо бизни хавотирга солмоқда. Бу борада мутасаддиларнинг фикри қандай?

Раъно ШУКУРОВА,
Сергели тумани

 

 Молия вазирлигига!

Қонун талаблари нега бажарилмаяпти?

Юртимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётир. Ўз навбатида, соҳа ходимларининг меҳнат шароити ҳам яхшиланиб бормоқда. Аммо бу муаммо йўқ дегани эмас.
Маълумки, Меҳнат кодексида жамоа келишув ва шартномалари орқали ходимларнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш харажатларини иш берувчи ҳисобидан қоп­лаш кўрсатилган. Бироқ молия идоралари ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши учун маб­лағ ажратмаётгани оқибатида иш берувчи ушбу талабни бажара олмаяпти. Бу эса, айниқса, ҳар олти ойда мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар ходимларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Шу ўринда Молия вазирлиги мутасаддиларига шундай савол бермоқчиман: Нима учун бюджет муассасаларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиш­лари учун маблағ ажратиш пайсалга солиб келинмоқда? Ушбу масала қачон ва қай тартибда қонуний ечим топади?

Гулноз АННАҲАСАНОВА,
Урганч шаҳри

 

 Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Unitel» МЧЖга!

«Beeline» қонундан ташқаридами?

Яқинда «Beeline» мобил алоқа компанияси «Status Gold +» тарифи нархларини бирданига ошириб юборди. Компания бу ҳолни турли қўшимча хизмат турлари очилгани билан изоҳлади. Лекин истеъмолчига бу қўшимчалар керакми? Бу ҳеч кимдан сўралгани йўқ. Яқинда компания қандайдир қонунбузилиши сабаб катта миқдорда жарима тўлагани тўғрисида хабар эшитгандим. Ўйлаб қолдим, бу нархларнинг ошиши ўша жаримани компенсация қилиш учунми?
Энг қизиғи, компания хизматлари сифати ёмонлашса ёмонлашяптики, яхшилангани йўқ, иккинчидан юртимизда эркин валюта конвертацияси йўлга қўйилганидан буён АҚШ доллари нархи ­тушаяпти… Унда компаниянинг ўз нархларини оширишини қандай изоҳлаш мумкин?
Бу монополияга қарши курашишга мутасаддиларнинг ҳам асосли жавобини олишда ёрдам берсангизлар. Ахир, нарх-навони белгилашда, аввало, мижознинг талаби инобатга олиниши керак эмасми? Қолаверса, мамлакатимизда бу каби монопол ҳаракатларга чек қўйилган-ку? Ёки ушбу хорижий қўшма корхонага қонунларимиз тааллуқли эмасми?

Эргаш Оқбоев,
Сурхондарё вилояти

 

Тошкент шаҳар ҳокимлигига!

Гап фақат сотиш ва пул топишдами

Яқинда «Пойтахт» савдо маркази олдидаги ер ости автотураргоҳининг 7,5 млрд. сўмлик ­бошланғич нарх билан «ким ошди» савдосига қўйилгани ҳақида хабар тарқатилди.

Эълонда айтилишича, ер ости тураргоҳи Матбуотчилар ва Нуронийлар кўчалари кесишмасида, «Капиталбанк» офиси ва «Пойтахт» савдо маркази қаршисида, ер усти тураргоҳи тагида жойлашган.Объектнинг умумий майдони — 2,8 минг квадрат метр. Бошланғич нархи — 7,5 миллиард сўм.
Автотураргоҳ «Шарқ» нашриёт уйининг 22 майдаги буюртма хатига асосан, савдога қўйилган.
Айни ушбу ҳудудда илгари ёпиб қўйилган бир қатор кўчалар очилиб, транспорт ҳаракати йўлга қўйилди. Бу эса ҳайдовчиларга қулайликлар туғдириш билан бирга ҳаракат хавфсизлиги бўйича бир қанча муаммоларни келтириб чиқарди ҳам. Чунки шаҳар ҳокимлиги, банклар, савдо мажмуаси ва бошқа қатор ташкилотлар жойлашган ушбу ҳудудда автомобилларни вақтинчалик қўйиш учун жой масаласи жуда долзарблигича қолмоқда. Сотувга қўйилаётган ер ости автотураргоҳини қайси тадбиркор бундай катта маблағ сарфлаб олади-ю, яна ундан кўпроқ маблағ сарфлаб нимадир қуради? Ахир, бу жой бир замонлар шаҳардаги ер усти автотураргоҳлар қуриладиган жойлардан бири сифатида белгиланган эмасмиди? Ҳозирда шаҳарнинг айни марказидаги автомобилларни сақлашга бўлган ўта долзарб муаммонинг ечимини ҳақиқатдан ҳам истар эканмиз, бу объектни сотувга қўйиш эмас, балки бу жойда кўп қаватли автотураргоҳ қураман, деган довюрак тадбиркорга кредитдан кўмак бериш лозим эмасми? Ёки мен тушунмаётган яна нимадир борми?

Холмурод Нориев,
журналист

 

 

Бошқа хабарлар