Ваҳимага асос йўқ

119

Шу йил 27-28 май кунлари мамлакатимизнинг шимолий-ғарбий тарафидан эсган совуқ ҳаво оқими таъсирида шамолнинг тезлиги ўртача 10-15 метрдан секундига 22-27 метргача кўтарилди. Ҳавога учган чанг булути қуёшни тўсиб, ноқулай экологик вазиятни юзага келтирди.

Гидрометеорология бошқармасининг космик станциядан олган маълумотлари кўрсатадики, ноқулай об-ҳаво келтириб чиқарган туз аралаш чангли бўрон маркази Устюрт текислигининг Каспий денгизига яқин ҳудудидан бошланган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини қамраб олган экологик ҳодиса туфайли аҳоли ўртасида ҳар хил асоссиз, хавотир уйғотувчи гаплар пайдо бўлаётир. Айниқса, интернет тармоғида айрим ваҳимачи шахслар воқеликнинг моҳиятига етмасдан (балки ғаразли мақсадда) исботланмаган, жиловсиз фикрлари билан одамлар юрагига ғулғула солмоқда.
Шу муносабат билан мухбиримиз мамлакатимизнинг шимолий-ғарбий ҳудудларида юзага келган ушбу экологик жараён ҳақида тўлиқ маълумот олиш мақсадида тегишли идоралар вакилларига мурожаат қилди.

— Табиат ўзининг қандай мўъжизакор кучга эга эканини яна бир карра намоён этди. Чанг бўрони келтирган тузнинг таркиби лаборатория­мизда ўрганилиб, тегишли хулоса чиқарилди. Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, жуда майда (1-100 нм) ўлчамдаги чанг заррачаларидан ташкил топган тузлар ҳавога тез ва осон кўтарилган. Чангда мавжуд сувда эрувчан минерал тузларнинг миқдори 16,62 фоизга тенг. Тузларнинг таркибида ўсимликларга зарарсиз таъсир кўрсатувчи кальций гидрокарбонат ва кальций сульфат 18,57, ўртача таъсир кўрсатувчи натрий сульфат ва натрий хлорид 66,19 та зарарли таъсир кўрсатувчи магний сульфат ва натрий карбонат миқдори 15,24 фоиздир. Ўсимликлар дунёсига ва тупроқ қатламига аэрозоль шаклида тушган тузларнинг токсик таъсирини ўрганиш жараёни давом этмоқда.

Шарибой Туремуратов,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Қорақалпоғистон бўлими Бош илмий котиби:

 

— Воҳада носоғлом экологик ҳолат юзага келган кунлари туманлар экин майдонларидаги маданий ўсимликлар, тупроқ ва аэрозоль тузли чанг чўкмаларидан намуналар олинди. Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси лабораторияларида тузларнинг кимёвий таркиби ўрганилди.
Туман ва шаҳарлардаги ДСЭНМларда белгиланган тартибда аҳоли яшаш ҳудудлари, атмосфера ҳавоси ва тупроқ, очиқ сув ҳавзаларидан намуналар олиниб текширилмоқда. Зарур жиҳозлар ва реактивлар билан тўлиқ таъминланган лабораторияларда махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар фаолият кўрсатиб, жойларда навбатчиликлар ташкил этилаётир.
Чанг-тўзон таъсиридан аҳоли орасида аллергик ва сурункали нафас йўллари касалликлари кучайишининг олдини олиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 27-31 май оралиғида ДСЭНМлардаги «Ишонч телефон»лари орқали аҳолидан биронта ҳам шикоят ёки мурожаат келиб тушмади.

Баҳодир Қутлимуратов,
Қорақалпоғистон Республикаси бош санитар шифокори:

 

— Май ойи охирида бўлиб ўтган кучли шамол ва туз бўрони оқибатида қишлоқ хўжалиги экинларига етказилган талафот кўлами ўрганиб чиқилмоқда. Зарар кўрган пахта, бошоқли дон, сабзавот, полиз экинларини жадал парваришлаш бўйича фермерларга тавсиялар берилаяпти. Картошка, кунжут, соя ва дуккакли экинларнинг ўсиб ривожланишини мутахассислар ўз назоратига олган.
Кузги буғдой далалари туз бўронидан деярли зарар кўрмади. Аччиқ қалампир экилган майдонларда туз таъсирида қовжираб қуриган кўчатлар ўрнига янги кўчат ўтқазиш ишлари тезкорлик билан бажарилаяпти.

Жузбой Инятов,
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг пахтачилик ва техник экинларни ривожлантириш бўлими бошлиғи:

 

— 2018 йилнинг 27-28 май кунлари бўлиб ўтган туз бўрони натижасида қишлоқ хўжалиги экинларига келтирилган зарарни аниқлаш мақсадида Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ишчи гуруҳ тузилган эди. Ишчи гуруҳ ўз навбатида кичик гуруҳларга бўлиниб, тезкорлик билан барча туманларда бўлди ва фермер хўжаликларидаги экин майдонлари ҳолатини ўрганиб чиқди. Тузли чангнинг ўсимликларга кўрсатган зарарли таъсири мониторинги ўтказилганида ғўза баргларининг чет қисмларида қуруқлашган, қўнғир рангли ўзгаришлар кузатилди. Пахта далалари четларига экилган қовоқ ўсимликларининг баргларига чангли тузлар кўпроқ таъсир ўтказган. Ёввойи ем-хашаклардан қамиш, ширинмия ва бошқа ўсимликларга нисбатан тузнинг зарарли таъсири кам экани маълум бўлди.
27-31 май кунлари оралиғида Қорақалпоғистон ҳудудида классификация бўйича экологик тусдаги фавқулодда вазият ҳамда эпидемиологик, эпизоотик ва эпифитотик вазиятлар бўйича бирор ҳолат рўйхатга олинмади. Аҳолига шундай ҳолат яна такрорланганда бир марталик қўлланиладиган тиббий ниқоблардан фойдаланиш, ўсимлик баргларини сув билан ювиб ташлаш ва уй ҳайвонларини озиқлантирганда чанг­лардан тозаланган ем-хашаклар бериш тавсия этилди.

Парахатдин Танирбергенов,
Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда
вазиятлар бошқармаси бошлиғи, подполковник:

 

— Жорий йилнинг 26 май куни энг юқори ҳарорат +37, +39 даражани кўрсатди. Беш кун давом этган иссиқ об-ҳаво туфайли Устюрт текислигида ернинг устки 10-15 см. қатламида намликнинг тўлиқ буғланиши кузатилди. 27 май куни шимолий-ғарбий тарафдан келган совуқ ҳаво оқими шамолнинг тезлигини 10-15 м/сек.дан 22-27 м/сек.га кўтариб юборди. Кучли шамол ер бетидаги қуруқ қатламли тупроқни атмосферага олиб чиқди. Шу куни йўлларда кўриш масофаси 100-500 метрни ташкил этди. 27 май куни Нукус шаҳрида ҳаводаги чангнинг миқдори 0,50 ПДК (нормал меъёрий коэффициент) ни кўрсатди. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ҳаводаги чанг­нинг миқдори меъёридан 3 ҳисса кўп бўлгани аниқланди.
Бундай экологик ҳолатни кузатиб ваҳимага тушиш нотўғри. Чунки ушбу жараён ҳар йили камида икки маротаба кузатилади. Масалан, жорий йилнинг 14 апрель куни кечаси рўй берган экологик ҳолатни кўпчилик сезмай ҳам қолди. Шу йил сентябрь ойи иккинчи ярмида ушбу жараённинг қайталаниши кутилмоқда. Одатда, бундай ҳолатдан кейин ёмғир ёғиши кузатилади ва пировард натижада табиат инжиқлиги сезилмай қолади.
Ҳозирги даврда об-ҳаво ўзгаришини олдиндан башорат қилиш имкони бор. Шундай экан, қатор ташкилотлар ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, аҳоли учун экологик тавсиянома ва методик қўлланмалар ишлаб чиқилса, одамлар ўртасида турли ваҳимали миш-мишлар тарқалиб кетишининг олди олинарди. Бу билан халқимизнинг экологик саводхонлигини ошириб, табиатга бўлган муомала маданиятининг чуқурроқ шаклланишига кўмаклашган бўлардик.

Айбосин Қидирниязов,
Қорақалпоғистон Гидрометеорология
бошқармаси бошлиғи:

P.S. Афсуски, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасидан ушбу ҳолат бўйича маълумот олишга уриниб қилган ҳаракатларимиз натижасиз қолди. Қўмитанинг бўлим бошлиғи Махсет Аметов билан учрашганимизда, у экологик ҳодиса оқибатлари ҳақида ёзма тарзда маълумот тайёрлаб беришни ваъда қилган бўлса-да, айтилган муддатда ҳам, кейинчалик ҳам сўзининг устидан чиқмади. Бир неча бор қилган телефон қўнғироқларимизга жавоб ҳам бермади. Қўмитага қайта мурожаат қилганимизда эса идора ходимлари масалани ҳал этишни пайсалга солишди. Хуллас, фаолияти айнан шу соҳага тегиш­ли бўлган идорадан ҳафсаламиз пир бўлди. Аслида, ўзи ташаб­бус билан чиқиб, юзага келган экологик ҳолатдан аҳолини, қолаверса, ОАВни хабардор қилиш мазкур қўмита мутасаддиларининг вазифаси эмасми? Ёки улар бу ҳақда бошқача фикрдами?

Суҳбатни «Ishonch» мухбири
Ортиқбой Мамутов ёзиб олди.

Бошқа хабарлар