Инсонларнинг дард-у ташвишлари билан қизиқиб…

223
ЎзА ҳамда «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарининг қўшма лойиҳаси

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизнинг ҳар бир гўшасини обод этиш, одамларнинг яшаш шароитини яхшилашга устувор аҳамият қаратишдек эзгу мақсад бизни ушбу
лойиҳага руҳантирди.
Жойларда амалга оширилаётган ишлар ҳамда аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиш
истаги билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие»
газеталари ҳамкорликда мазкур  лойиҳага қўл урди.

Тараққиёт сари дадил қадам ташлаётган Жиззах

Жиззах вилояти қулай географик жойлашуви билангина эмас, балки мамлакатимиз иқтисодий, маданий ҳаётидаги муҳим ўрни билан бошқа ҳудудлардан алоҳида ажралиб туради. Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларини боғловчи автомобиль ва темир йўлларнинг шу ердан ўтгани ҳам ҳудуднинг катта имкониятларидан биридир.
Жиззахда бунёд этилган «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» автомобиль заводи, «Mega invest industrial» МЧЖ шаклидаги композит арматуралар ишлаб чиқариш заводи, «SILK EXPERT prcessing» хом ипак етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси нафақат вилоят, балки мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга табиқ этилаётган «Обод қишлоқ» дастури Жиззахда амалий натижасини кўрсатди. Дўстлик туманидаги Манас қишлоғининг довруғи етти иқлимга етди. Бу ерда ҳамма нарса янгиланибгина қолмай, ­кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Қишлоқ гўё қайтадан дунёга келди.
Йўлда шулар ҳақида суҳбатлашиб, манзилга етиб келганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Заминга оқшом чўкканда Жиззах вилояти марказига кириб келарканмиз, ўзимизни эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этдик. Турфа чироқларга безанган замонавий бинолар одамнинг ҳавасини келтиради.
Буни чинакам ўзгариш, ривожланиш, деса бўлади. Ажойиб таассуротлар билан меҳмонхонага жойлашдик. Эрта тонгдан шаҳар ҳаёти, аҳолининг турмуш даражасини яқиндан билиш учун маҳаллалар сари йўл олдик. Шаҳар маркази кундузи ҳам оқшомдаги каби гўзал ва бетакрор. Ён-­атрофда кўзга ташланаётган қурилиш ишлари жиззахликларнинг бунёдкорлик йўлидаги фидойилигидан сўзлаб турибди.
Ана шундай таассуротлар билан борар эканмиз, йўл четидаги кўп қаватли уй эътиборимизни тортди.

Аҳолининг эътирозларини эшитувчи борми?

Бор-йўғи икки йўлакдан иборат уйни кўздан кечирарканмиз, бу ерда анча муаммолар йиғилиб қолганига гувоҳ бўлдик. Биринчи йўлакка кириб, унинг таъмирталаб бўлиб қолганини кўрдик. Лифт орқали юқорига кўтарилмоқчи бўлдик.
Лифтни чақириш учун тугмачасини босамиз. Афсуски, садо йўқ. Демак, ишламайди. Юқорига кўтариларканмиз, ўғли билан пиёда тушиб келаётган отахонга кўзимиз тушди. Афтидан кўзи ожиз.
Тахминимиз тўғри чиқди. 75 ёшли Олим бобо Мирзаев кўзи кўрмай қолган, биринчи гуруҳ ногирони экан. Мана шу 64-уйнинг 9-қаватидаги 26-хонадонда истиқомат қилар экан.

Бобо билан суҳбатлашдик. Журналист эканимизни билиб, муаммоларини тўкиб солди, кўзига ёш олди. Минг азобда 9-қаватдан пастга тушиши, уйига сув чиқмаслиги, кўзини даволатай деса, маб­лағи етишмаслигини айтди.
Шу уйнинг 13-хонадонида истиқомат қилувчи 77 ёшли Нортожи буви 5-қаватдаги уйига ҳар куни кўчадан сув ташир экан. Белидаги чурраси азоб берса-да, шунга мажбур эканини, оилавий шароити ҳам оғирлигидан ёзғирди.

Биринчи қаватда яшовчи Ҳалима Эшбекова эса ёмғир ёғса, уйи сувга тўлишини айтди. Бунга уйнинг йўлагидан ўтган тарновнинг носозлиги сабаб бўлаётган экан.
54 та хонадондан иборат бу уйда шунча муаммо. Жиззах шаҳрининг қоқ марказидан нари борса бир қадам четроқдаги кўпқаватли бу уйдаги муаммолардан, аҳолининг ҳолидан хабар олгувчи бормикин, деб ўйлаб қоласан киши.
Бу саволга жавоб топиш учун «Иттифоқ» маҳалла фуқаролар йиғинига йўл олдик.
— Бу уй яқинда таъмирдан чиққан, дейди маҳалла раиси Абдулла Ёриев. — 26-хонадонда яшовчи фуқарога келсак, унинг ўзи шикоятчи одам.
— Ким бўлишидан қатъи назар, ёши улуғ, кўзи ожиз отахоннинг юқори қаватдан пиёда тушишининг ўзи…
— Лифт масаласи пулга бориб тақалади. Буни ширкат ҳам, маҳалла ҳам ҳал қилолмайди.
— Маҳалла одамларга ёрдам бериш учун бу ишларга аралашмаса, ким аралашади?
— Биз ҳаракат қиляпмиз. Ширкатлар фаолияти энди ривожлантирилади.
Маҳалла раиси шу каби умумий гаплардан нарига ўтмади.
Жиззах шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига юзланамиз. Шаҳар ҳокимининг ўринбосари Сойибжон Ортиқов 64-уйда ҳақиқатан муаммолар борлиги, улар босқичма-босқич ҳал қилинаётганини айтди.
Биз шу уйдаги ёши улуғ инсонларнинг азият чекаётгани, уларга ёрдам қўлини чўзиш имкони бормикин, деган савол билан мурожаат қилдик. Ҳоким ўринбосари буни ўз назоратига олишини маълум қилди.
Кошкийди, шундай бўлса. Шаҳар ҳуснидаги бир доғ ювилса, ўксик кўнгиллар кўтарилса…

Музейлар ҳимояга муҳтож! Эътиборсизлик оқибатида Жиззахдаги музейларнинг сони тўрттага камайди

Навбатдаги манзил Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи бўлди. Уни излаб йўлга чиққанимизда тополмай анча сарсон бўлишимизни хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Одамлардан сўрасак, ҳеч ким айтиб бера олмади.
Ниҳоят, ҳовлисига гуллар экилган, шоир Ҳамид Олимжон ҳайкали ўрнатилган кичик ҳовли ёнида тўхтадик. Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи шу ерда жойлашган экан.

Унинг ўлкашунослик қисмида жой камлиги учун мавжуд 2700 экспонатнинг 167 тасигина кўргазмага қўйилган, холос. Уларнинг асосий қисми «Қизил китоб»­га киритилган қушлар ва ҳайвонлар. Қолганига эса жой йўқ…

— Бизни шаҳардан чеккароққа кўчиришганига икки йилча бўлди, — дейди музей бўлими бошлиғи Рустам Тўхтамишев. — Чеккада бўлгани учун ҳеч ким келмайди. Қачонки, ўзимиз мактабларга бориб, саёҳат уюштирсак, ўқувчилар, келади. Бўлмаса йўқ.
Ғаллаорол ва Бахмал туманларида ҳам музейнинг филиа­­ли бор эмасми, деган саволимизга муассаса ходимлари улар аллақачон ёпилгани, қаровсиз қолгани ва талабга жавоб бермаганини айтишди. Эътиборсизлик туфайли мавжуд музейларнинг сони ҳозирча тўрттага камайди. Аҳвол шу тарзда кетса, кейинги йилларда уларнинг сони яна камайиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Халқимиз бугун яхши шароитда яшасин!

Жиззах шаҳри марказини Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшган давлат арбоби Шароф Рашидовнинг залворли ҳайкали безаб турибди. Бу буюк арбоб номи билан аталадиган кўча ўзининг ободлиги билан ажралиб туради.
Кенг кўчанинг икки ёнида замонавий маъмурий бинолар, савдо комплекслари ва ­бошқа иншоотлар қад ростлаган. Кўриб ҳавасингиз келади. Бу, албатта, нафақат жиззахликлар, балки ­Ўзбекистоннинг ютуғи ва юзи.
Шу йўлдан фахрланиб кетарканмиз, бизни чиройли бинолар ортида нима борлиги, аниқроғи, ҳаёт қандайлиги қизиқтирди.
Йўлни шу томонга бурдик. Бошқа асрга ўтиб қолгандек бўлдик. Йўллар ўйдим-чуқур, атроф нотоза, икки қаватли уйлар тўкилай деб турибди…
Бу «Зилол» маҳалласи экан. Маҳалладаги уйга яқинлашарканмиз, ён-атрофнинг ахлат уюмларига тўлгани, уй атрофидаги ерларнинг қаровсиз ётгани, уйнинг олд қисмидаги ёриқлар ва кўчган сувоқ излари дилни хира қилди.
Уйдаги 4-хонадон эшигини тақиллатдик. Ўзини Гулчеҳра Омонова деб таништирган уй бекасини суҳбатга тортдик.
Хонадон соҳибаси мутасаддилар ободонлик ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани, бунга бош бўлмаётганидан ранжишини маълум қилди. Уй ичида ҳам муаммолар йўқ эмас экан. Ичимлик суви гоҳ келса, гоҳ келмайди.
Бу муаммолардан Жиззах шаҳар ҳокимлигининг хабари борми?
Биз яна шаҳар ҳокимининг ўринбосари Сойибжон Ортиқовга қўнғироқ қилиб, саволларимизга жавоб сўрадик.
— Мазкур маҳалла «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Бу ерда ободонлик ишлари 2019 йилда амалга оширилади, — деди у.
— Унгача одамлар шу аҳволда яшайверадими?
— Йўқ, албатта. Камчиликни тузатишга ҳаракат қиламиз. 2019 йилни кутмасдан бошқа имкониятларни ишга солиб, аҳолига қулайлик яратишга ҳаракат қиламиз.
Ҳа, ҳеч бўлмаса мутасаддилар камчиликни тан олиб, уни бартараф этишга ваъда бермоқда. Бу ҳам бир масъулият.
Истагимиз Президентимиз айтганидек, халқимиз келажакда эмас, бугун яхши шароитда яшасин.

Ночор аёлдан ким хабар олади?

Жиззах йўллари четига бир-бирига туташ қурилган намунавий лойиҳадаги замонавий уйлар кўрк бағишлаб турибди. Туташ уйлар — туташ тақдирлар…
Бу каби янги уй соҳибларининг барчасида янги орзу-умид, келажакка янгича нигоҳ борлигига шубҳа йўқ. Шу жиҳатдан улар бир-бирига жуда ўхшаш.
Шароф Рашидов тумани бўйлаб катта йўлда кетарканмиз, ана шу фикрлар хаёлимизни банд этганди.
Кўпчилик қишлоқ аҳлининг замонавий шароитда яшаётгани қувонарли ва бу ютуқлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бироқ шу одамларга тақдири туташ-у, уйи туташ бўла олмаган одамлар борлиги кишини ўйга толдиради.
Гап шундаки, йўл-йўлакай эски, ташландиқ аҳволга келган ҳаммом ёнида ёш болаларни кўриб қолдик. Беихтиёр йўлимизни шу томонга бурдик.
Ён-атрофни кўздан кечирарканмиз, қурилганига камида юз йил бўлган ҳаммомнинг йиқилай деб турган деворларига туташ пастак томли, оғилхонага ўхшаш бино ёнида аёл ўчоққа ўт қаларди. Ҳаво исиб кетган, аёл эса тирикчилик ташвишида бунга парво қилмасди. Унга боқиб «эҳ, сабрли ўзбек аёли», деган ўй кўнглимиздан кечди.
Қачонгача сабр қиласан-а, ахир қайси асрда, қайси замонда яшаяпсан?
Бизни очиқ чеҳра билан кутиб олган Қундуз Тўйчиеванинг турмуш тарзи билан танишарканмиз, тўрт фарзанднинг онаси бўлган бу ёлғиз аёлнинг ҳаётидан нолимаслиги бизни ҳайрон қолдирди. Уйсиз, ишсиз, шароитсиз, ортиқча маблағсиз, умидсиз бўлсангиз нима қилардингиз? Бу саволга жавоб беришнинг ўзи оғир. Шундай эмасми? Аммо 45 ёшни қаршилаган Қундуз Тўйчиева шу аҳволда ҳаёт кечирмоқда. Қишда иситиб бўлмайдиган, томидан узлуксиз чакки томадиган, ёзда нафас олиш қийин бўлган шу ташландиқ бинодан бошпана топганига шукр қилади.
Тўғри, тақдир бу аёлга кулиб боқмаган. Турмуш ўртоғи тўрт қизи билан ташлаб кетган. Чеварлик қилиб топган пулини болалари қорнини тўйғизишдан орттириб, уй-жой қила олмаган. Бунинг учун у ҳеч кимни айбламайди. Онда-сонда хабар олиб турадиган «Учтепа» маҳалла фуқаролар йиғини раисидан ҳам мингдан-минг рози. Аммо бу аёлни шу ҳолда ташлаб қўйиб бўладими? Наҳотки, бу ночор аёлнинг ҳолидан хабар олгувчи бўлмаса?!
Бу масалада Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Назира Мухторовага мурожаат қилдик. У аёлга оид барча маълумотларни ёзиб олди ва унга ёрдам кўрсатилишини, шахсан ўзи назоратга олишини билдирди. Тўғриси, бундан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

Мангулик масканига эътибор қаратилади

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани бўйлаб кетарканмиз, «Мангулик» қабристони эътиборимизни тортди. Ўт-ўланлар босган бу маскан анча қаровсиз ҳолда экан.
Шу ерлик аҳоли вакилларидан қабристон тарихи ҳақида сўрадик. Улар қабристон ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан буён мавжудлигини маълум қилди. Қизиғи, бу маскандан вафот этган турли дин вакиллари қўним топган.
Ўт-ўланлар ўсиб қабртошларни босиб кетаётган бўлса ҳам негадир на мутасаддилар, на аҳоли вакиллари, ва на марҳумларнинг яқинлари ­қабристонни, қабртошлар атрофини тозалаб, ободонлаштиришни ўйлаб кўрмаган.
Ушбу масалада Пахтакор тумани ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилдик. Бошқарма бошлиғи Рўзмон Завқиев ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, қабристонга дарвоза ўрнатилиб, атрофи девор билан ўралаётгани, тез кунларда мангулик масканида тозалаш ишлари амалга оширилишини маълум қилди.
Ҳа, савоб ишнинг кечи бўлмайди.

Мирзачўлни уйғотган умид

Ўтган асрнинг 60-йиллари «кашфиёти» бўлган Мирзачўл ҳақиқатан ҳам Жиззахнинг адоқсиз чўллари қоқ ўртасида бунёд этилган. Чўлда яшаш осон эмас. Энг ёмони, бу туманнинг бир жойда қотиб қолгани бўлди.
Гап шундаки, бу ерда қурилган сон-саноқсиз уйларга юртимизнинг турли ҳудудларидан одамлар кўчиб келиб, истиқомат қилган. Пахтачилик, ғаллачилик билан шуғулланиб, тоғ-тоғ хирмонлар бунёд этган. Ўтган йиллар давомида бундай меҳнаткашларнинг авлоди бир неча бор янгиланди. Аммо ҳаёт, турмуш янгиланмади.
Қурилганига 50-60 йил бўлиб кетган уйлар эскириб кетган, ишсизлик, умидсизлик одамларнинг силласини қуритган, улар илинж излаб турли томонга кета бошлаган эди…
Аммо кейинги бир йил Мирзачўлга умид келтирди, уни ғафлатдан уйғотди!
Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бош­ланган ислоҳотлар бу чўл бағрига ҳам етиб келди. Халқ манфаати учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратишга киришилди. Давлат томонидан туманга ўз ишининг устаси бўлган фидойи раҳбар тайинланди.
Туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев билан аҳолини қийнаётган муаммолар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳақида суҳбатлашдик.
Одми кийинган, куюнчак инсонлиги гап-сўзларидан билиниб турган ҳоким бу маҳаллада «Обод қишлоқ» дастури бўйича туб ўзгаришлар амалга оширилишини тасдиқлади. «5-6 ойдан кейин келсангиз, бу ерни танимай қоласиз», деди у.
Ҳоким бизни Мирзачўлни уйғотган умидлар билан таништирди. Мактаб, болалар боғчаси, шифохонада таъмирлаш ишлари бажарилган. Ҳар бир маҳаллада иш ўрни яратишга ҳаракат қилинган. Ўндан ортиқ маҳаллада тикувчилик цехлари очилиб, юзлаб аёллар иш билан таъминланган. Қурилиш моллари ишлаб чиқариш цехлари фаолияти йўлга қўйилиб, унда маҳалла аҳли меҳнат қилмоқда.

Мирзачўлга энг катта умидни берган бу — «Ғалаба» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури доирасида бунёд этилаётган янги уй-жойлардир. Пишиқ ғиштдан бунёд этилаётган бу уйларда, улар атрофида аҳоли замонавий шароитда яшаши учун барча қулайликлар яратилмоқда. Уйлар қуриб битказилса, 400 тага яқин оила ҳавас қилгулик «ватан»га эга бўлади.

Бу хонадонлар яшаш жойи талабга жавоб бермай қолган, уй-жойга муҳтож оилаларга берилади. Энг муҳими, янги уйга кўчиб ўтганлар учун янги маҳаллага туташ жойда иш ўрни яратилган. Кўплаб ҳомийларни жалб қилган ҳолда қурилиб, ишга туширилган «Мирзачўл тикувчилик мажмуаси»да айни пайтда 200 нафардан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланган.
Катта цехда, замонавий шароитда қўли-қўлига тегмай ишлаётган опа-сингилларимизга ҳавасимиз келди. Уларнинг кўзларидаги шижоат, ишонч — халқимиз қалбига умид солган ислоҳотлар меваси.
Бизни қувонтиргани Президентимизнинг доимо халқ билан мулоқотда бўлиб, турмуш шароитини яхшилаш, фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари чекка-чекка ҳудудлар, қиш­лоқ ва овулларга ҳам етиб борганини ўз кўзимиз билан кўрганимиз бўлди.
Юртни кезиш бизни оддий одамларга яқинлаштирди гўё… Ватандошларимиз эртанги кунга катта ишонч туйиб яшаётгани, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитидан кўнгилларимиз сув ичгандек бўлди. Ва халқимиз ҳаётига янада чуқурроқ эътиборда бўлишимиз муштарак эҳтиёж эканини ҳам ҳис этган ҳолда пойтахтга қайтдик.

Норгул АБДУРАИМОВА,
Сайёра ШОЕВА,
ЎзА мухбирлари
Гулсум Шодиева,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар