ИШЛАРИНГИЗГА УЛГУРМАЯПСИЗМИ? Шундай бўлса, вақтни тежашни ўрганинг

92

Вақтдан унумли фойдаланиб, кўп ишларга улгуриш чоралари ҳақида ўйлаб юрганимда, «Ishonch» газетасида «Онгдаги бўшлиқ — у вақтни тўғри тақсимлаш орқали йўқолади» сарлавҳали мақолани (57-сон) ўқиб қолдим. Билдимки, унда айни менинг қарашларимга уйғун фикрлар акс этган экан. Айниқса, бўш идишга тош, шағал, қум, сувни навбати билан жойлаштириш усули орқали вақтга қандай муносабатда бўлиш кераклиги тушунтириб берилгани мен учун янгилик бўлди.

Дарҳақиқат, кун давомида ёки ҳафта, ой, йил, ҳатто умр бўйи бажарадиган ишларингизни муҳимидан номуҳимини ажрата олмасангиз, кутилган натижага эришишингиз қийин. Энг ёмони, дилдаги кўп орзуларингиз армонга айланиб қолиши мумкин.
Модомики, шундай экан, нима қилиш керак, деган савол туғилиши табиий. Тайм-менежерлари томонидан таклиф этилаётган оддийгина усуллар бу борада мушкулингизни осонлаштиради ва вақтни тежашингизга ёрдам беради, деб ўйлайман. Қуйида ушбу тавсиялардан айримларини эътиборингизга ҳавола этаман:
1. Шошманг. Одатда шошаётганимизда кўпгина хатоларга йўл қўямиз, сўнг эса ўша хатоларни тўғрилаш учун қимматли вақтимизни сарфлаймиз.
2. Хавотирланманг. Инсон қанчалар кўп ҳадиксираса, шунча кўп даражада ҳеч нарсага улгура олмаётгандек туюлаверади. Унутманг: «Қанчалар кўп вақт йўқотишдан қўрқсак, уни шунчалар кўпроқ йўқотаверамиз».
3. Эрталаб кун давомида бажаришни мўлжаллаган ишларингиз рўйхатини тузинг. Улардан энг муҳимларини танланг. Парет принципини қўлланг: муҳим ишларнинг 20 фоизини танланг ва улар сизга 80 фоиз кутилган натижани беради.
4. Ижтимоий тармоқлар ва дўстларингиз сайтларига кўп вақт ажратманг. Интернетда мулоқот чоғи ўзингизни назорат қилишга одатланинг. Биров билан суҳбатлашмоқчи бўлсангиз, қисқа хабар ёзиб юборинг ёки қўнғироқ қилинг.
5. Супермаркетлар таклиф қилган харидни етказиб бериш хизматларидан фойдаланинг. Агар сиз маълум миқдордаги харидларни олаётган бўлсангиз, етказиб бериш хизмати текин. Касса ёнида йўқотиладиган, йўлингизга кетадиган вақтни тежайсиз.
6. Доим нарсаларни (ишда ҳам, уйда ҳам) ўз жойига ­қўйишни одат қилинг. Бирор ҳужжатни столингиз устидаги уюмлардан излаб топгунингизча қанча вақт кетишини унутманг.
7. Рад жавоби беришдан чўчиманг. Бу ҳеч кимга ёрдам бермаслик дегани эмас. Лекин иш жараёнингиз билан боғлиқ ёки оилангиз билан ўтказишни мўлжаллаган вақтингизни сарфловчи илтимосларга рад жавоби қайтаришнинг­ҳеч ёмон томони йўқ.
8. Ким биландир учрашишингиз керак бўлганда, олдиндан қўнғироқлашиб, сиз кутган вақтда келишига ишонч ҳосил қилинг. Йўқса, дам олиш ёки тушлик пайтига дуч келиб қолишингиз мумкин.
9. Телевизорга «йўқ» денг. Кетма-кет барча дастурларни кўравермай, фақатгина ёқтирганларингизни томоша қилинг. Акс ҳолда, телевизор сизнинг вақтингизни «еб қўяди».
10. Оилангизда мажбуриятларни тақсимлаб чиқинг ва маиший техникаларни қўлланг. Бутун оиланинг юмушларини фақат ўз зиммангизга олманг, балки оила аъзолари ўртасида ишларни тақсимланг. Кир ювиш ёки идиш ювиш машиналари орзу-ҳавас воситалари эмас, балки «кунда-шунда» ёрдамчилардир.
11. Сизга чиндан ҳам ёқимли бўлган машғулот билан шуғулланинг. Иш жадвалингиз қанчалик тиғиз бўлмасин, ўзингиз учун ҳам вақт топинг. Ишдан ташқарида инсон қанчалар ҳордиқ чиқаришни билса, дам олиш кунларидан сўнг ҳам ишга шунчалар кўп янги ғоялар билан кучга тўлиб келади.
Айтганча, ҳисоб-китобли муносабатлардан бироз чекиниб, осмондаги юлдузлар, қуёш ботиши ва тонг отишини кузатишни ёддан чиқарманг.

Нилуфар ОЙМАТОВА

Бошқа хабарлар