«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»: мақсад ва вазифалар

212

Ҳукуматимиз томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига, жумладан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, давлат ташкилотлари, корхоналар, меҳнат жамоалари ҳайдовчилари, пиёдалар ва болалар ўртасида профилактик тадбирларни олиб бориш, транспорт воситаларининг техник ҳолатини, йўлларнинг аҳволини яхшилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилиб, соҳага тааллуқли қатор меъёрий ҳужжатлар ҳаётга тадбиқ этиб келинмокда.

Чунончи, 2017 йил 11 июлдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ соҳада комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Яна бир эътиборли жиҳат — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг автоматлаштирилган тизимини кенгайтириш бўйича ички ишлар органлари ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартиби белгиланди.
Аммо амалга оширилаётган ишларга қарамасдан йўл ҳаракати хавфсизлигини ишончли таъминлаш, пиёдалар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ишларида ҳали-ҳамон камчиликлар мавжуд.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш, йўллар сифатини ошириш, шунинг­дек, йўл ҳаракати барча иштирокчилари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ишларини тубдан ўзгартириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли карори билан тасдиқланди. Биз ушбу муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳияти юзасидан ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиев билан суҳбатлашдик.

— Давр шиддат билан олға бормоқда. Бундан буён эскича усулда, хотиржамлик билан ишлаб бўлмайди, — деди суҳбатдошимиз. — Шундай экан, соҳани тубдан ислоҳ қилишимиз, унга янгидан-янги ахборот-коммуникация тизимларини жорий этишимиз ва пировардида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишлари самарадорлигини оширишимиз керак.
Ана шу йўналишдаги ишлардан бири ва назаримда, энг муҳими, 2018 — 2022 йилларда мамлакат йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясининг қабул қилингани бўлди. Мазкур концепциянинг асосий йўналишлари, бу — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, шу жумладан, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузганлик учун жавобгарлик чораларини янада кучайтириш, йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш, йўллар сифатини яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шароитлар яратиш ҳамда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданияти, зарур билимлари ва малакасини ошириш, интизомини мустаҳкамлашдир.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Респуб­ликаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган «2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси» ва «2018 — 2019 йилларда Ўзбекис­тон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» соҳамизда улкан ўзгаришлар, тизимда туб бурилиш ясашга хизмат қилади. Бу қарор манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига Концепциянинг асосий йўналишлари ва «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва самарали амалга оширилиши учун шахсий жавобгарликни юклайди. Зеро, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тор доирадаги ёки бир соҳага тегишли иш эмас. Шуни назарда тутган ҳолда биз Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифни киритган эдик. Бу таклиф маъқулланди ҳамда Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари белгилаб берилди. Ҳозир олдимизда ана шу Жамоатчилик кенгашининг таркибини тузиш ва тасдиқлаш вазифаси турибди.

— Шу ҳақда батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз.

— Жамоатчилик кенгаши, биринчидан, йўл ҳаракати коидаларига риоя қилиш ва ушбу соҳада хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини тизимли асосда ўрганиб боради. Бу жуда муҳим, чунки кўпчиликнинг ­фикр­ини билиш, ўрганиш ва бу фикрларни қонун нуқтаи назаридан амалиётга татбиқ этиш ўзининг ижобий самарасини беради.
Иккинчидан, ушбу кенгаш томонидан Концепция ва «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг қандай амалга оширилаётгани ва унинг натижалари мониторинги олиб борилади. Мониторинг натижаларига асосланган ҳолда тизимни янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Учинчидан, кенгаш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари фаолиятининг қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга йўналтирилган таклифларни тайёрлайди ва киритади.
Жамоатчилик фикрларига асосланган ва шу нуқтаи назардан тайёрланган таклифлар халқчил бўлиши шубҳасиз.

— Билишимизча, концепцияга асосан ҳафтанинг ҳар жума кунини «Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни» деб белгилаш режалаштирилмоқда. Аҳоли буни қандай қабул қилаётир? Қолаверса, бу соҳа ходимларига муайян қийинчилик туғдирмайдими?

— Бу биз учун бажарилиши мушкул бўлмаган, синовдан ўтган тадбир. Бу борада тажрибаларимиз етарли, энди уни янада такомиллаштириб, ҳаётга татбиқ этиш талаб қилинади. Шунинг­дек, йўлларда хавфсизлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, автотранспорт воситаларисиз ҳаракатланиш мумкинлиги ва зарурлигини намойиш қилишга, унинг барча қатнашчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишга оммавий чақиришга йўналтирилган «Автомобилсиз кун» ойлик акциясини мунтазам асосда респуб­ликанинг барча ҳудудларида ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Чунки, ҳозир автомототранспортлар сони соат сайин ортиб бормоқда. Бу эса кўчаларимизда тирбандликларни юзага келтириш билан бирга экологик муҳитга ҳам салбий таъсир кўрсатиши табиий. Автомототранспорт воситалари двигателидан чиқадиган заҳарли моддалар инсон саломатлигига, дов-дарахтларга қанчалар зарар етказишини эса ҳаммамиз яхши биламиз. «Автомобилсиз кун» акциясини тўғри йўлга қўйиб олсак, бу фақат фойда келтиради.

— Пиёдалар қоидабузарлиги ҳеч вақт ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Концепцияда бу масалага ҳам эътибор каратилганми?
— Ҳа, албатта. Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда пиёдаларда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда қоидабузар пиёдаларнинг шахсини аниқлаш механизмини ва улар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик­лар тўғрисида электрон протоколларни расмийлаштириш тартибини жорий этишга йўналтирилган амалий чора-тадбирлар кўрилиши лозимлиги белгиланди. Пиёдаларнинг ҳаракатни тўхтатиши ва бош­лаши тўғрисида огоҳлантиришнинг замонавий сигнал берувчи тизимларини жорий этиш, пиёдалар учун янги ўтиш жойларини ташкил этиш кўзда тутилаяпти.
Ёшларда, энг аввало, умумтаълим муассасалари ўқувчиларида йўл ҳаракати доирасида зарур билимлар, ўқувлар, хавфсиз ва қонунга итоат қилиш хулқ-атвори кўникмаларини шакллантириш, йўл ҳаракати барча қатнашчиларининг маданияти ва фуқаролик онгини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилади.
Бундан буён концепция талабларидан келиб чиққан ҳолда мутасадди вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда мактаб ўқувчиларида хавфсиз ва қонунга итоаткор хулқ-атвор бўйича билим, маҳорат ва кўникмаларни шакллантириш йўналишида мунтазам равишда иш олиб борилади. Мактаб­гача таълим муассасаларида болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини ўқитиш тизими йўлга қўйил­ади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш асосларини ўргатувчи дастурларни ўз ичига олган «Ҳаётий фаолият хавфсизлиги» мажбурий фани умумтаълим мактабларида жорий этилади. Болаларга йўл ҳаракати қоидалари, шу жумладан, велосипед ҳайдаш кўникмалари ва йўллардан ўтиш тартиби чет эл тажрибалари асосида ўргатиб борилади. Бунинг учун Норвегия тажрибаси асосида йўл ҳаракати қоидалари ўргатилишини ташкил этиш учун махсус жиҳозланган автобурчаклар яратилади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бош­ланғич ташкилотлари томонидан нур қайтарувчи қурилмалар мактабгача ёшдаги болалар ва таълим муассасаларининг кичик синф ўқувчилари орасида бепул тарқатилади.
Бугина эмас, 18 ёшга тўлган, таълим олган ва имтиҳонни белгиланган тартибда муваффақиятли топширган шахсларга «А» ва «В» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш ҳуқуқини берадиган шаҳодатномаларни таълим муассасаларида бериш йўналишида ҳам тегишли ишлар олиб борилади. Умумтаълим мактабларидаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» фанига доир ўқув курс­лари шу соҳага ихтисос­лашган олий таълим муассасаларида ташкил этилади. Умумтаълим мактаблари, коллежлар ва лицейлар ўқувчилари орасида «Яшил чироқ», «Йўл ҳаракати қоидалари билимдони», «Энг намунавий пиёда» каби викториналар ўтказилиши йўлга қўйилади.
Ана шу механизмлар муваффақиятли йўлга туширилса, пиёдалар томонидан содир этиладиган қоидабузарликлар сезиларли даражада камайишига умид қилса бўлади. Демакки, йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳам камаяди. Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда ҳар иккита йўл-транспорт ҳодисасининг биттаси пиёда иштирокида содир этилмоқда.

— Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда тарғибот йўналишидаги ишлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналишда қандай чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда?

— Авваламбор, республика ва маҳаллий телеканалларда ички ишлар органлари масъул ходимларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмасликнинг сабаблари ва оқибатлари, шу жумладан, йўл ҳаракати доирасида пиёдаларнинг масъулияти масалаларини профессионал ва тушунарли ёритишни таъминлашга йўналтирилган чиқишлари, интервью ва учрашувлари ташкил этилади. Тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказишга жамоатчилик ва фуқаролик жамияти инс­титутлари вакиллари ҳам кенг жалб этилади. Илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш асосида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйи­­ча ўтказиладиган тадбирларнинг муҳимлиги ва қўллаб-қувватлаш зарурлигини тарғиб қилишга суғурта, уяли алоқа компаниялари ва реклама ташкилотларини жалб этишнинг сифат жиҳатидан янги механизмлари жорий қилинади. Ўз навбатида, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш соҳасидаги моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти мус­таҳкамланади.
Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Респуб­лика кенгаши билан биргаликда хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида ижтимоий роликлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу туркум ролик­лар мунтазам равишда тайёрланади ва эфирга узатилади. Интернет ахборот тармоғининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда йўл ҳаракати барча қатнашчиларининг маданияти ва онглилигини оширишга йўналтирилган тадбирлар ўтказилади.

— Сир эмаски, орамизда халқ тилида «ўпкаси йўқ» деб таърифланмиш ҳайдовчилар ҳам топилади. Концепцияда бу ҳақда нималар ­дейилади?

— Адлия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 декабргача бўлган муддатда илғор хорижий ­тажрибани ўрганиш асосида йўллардаги безорилик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш тўғрисида таклиф киритиш топшириғи берилган. «Йўллардаги безорилик» деганда, биринчи нав­батда, транспорт воситасини бошқариш маданиятига риоя қилмаслик, йўлда ўзини номақбул тутиш назарда тутилади. Яъни ҳаракатнинг эгаллаб турилган полосасини бу ҳақда бурилиш сигнали билан огоҳлантирмасдан кескин ўзгартирган ҳолда тажовузкорона ҳайдаш, хавф бўлмаса-да товуш сигналидан фойдаланиш шулар жумласига киради.
Қоидабузарликларга қарши курашда жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлардан олинадиган видеоёзувлардан кенг фойдаланилади. Бу видеоёзувларни тезкор тўплашнинг марказлаштирилган тизими жорий этилади. Бунда шахсий маълумотларнинг махфийлигини сақлаб қолиш имконияти таъминланган ҳолда уларни рағбатлантириш механизмлари ҳам жорий этилади. Шунингдек, видеорегистраторларнинг нархини арзонлаштириш ва ҳамма учун сотиб олишга кулай бўлишини назарда тутиб, маҳаллий шароитларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

— Яна бир нозик масалага эътиборингизни тортаман. Баъзан ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходимларидан норози экани тўғрисида гап-сўзларлар эшитилиб қолади. Бунга нима дейсиз?

— Ўз-ўзидан тушунарлики, Концепцияга асосан, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг хизмат фаолияти натижаларини баҳолаш мезонлари ҳам ишлаб чиқилади. Автомобиль йўлларида транспорт воситаларини тўхтатиш ва махсус тадбирларни ўтказиш тартиби такомиллаштирилади ҳамда бунинг учун асослар рўйхати тузилади. Яъни, ДЙҲХХ инспекторлари томонидан автомототранспорт воситаларини тўхтатиш тартиби, уларни қай йўсинда тўхтатиш, ҳайдовчилар билан муомала қилиш, махсус тадбирларни ўтказиш тартиблари белгиланади. Албатта, бунда жамоатчилик фикрига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ишини ташкил этиш, шу жумладан, Қорақалпоғис­тон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлиш тамойиллари ҳисобга олинган ҳолда, ДЙҲХХнинг куч ва воситаларини оқилона тақсимлаш чора-тадбирлари кўрилади.
— Транспорт воситалари эгалари яна нималарни билиб қўйишлари зарур деб ҳисоблайсиз?

— Транзит ва давлат ички транспорт оқимини амалга ошириш учун мақбул шарт-шароит яратишга йўналтирилган халқаро автомобиль йўллари инфратузилмаси такомиллаштирилиб, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилишини назарда тутувчи республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўллар тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Бунда автомобиль йўлларининг ҳолати, йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўладиган «авария ўчоқлари»ни ўрганиш, аниқланган камчиликларни тезда бартараф этиш чораларини кўриб бориш режалаштирилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлик, ДЙҲХХ ходимларининг транспорт воситасини тўхтатиш бўйича қонуний талабларини бажармаганлик, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган жойни тарк этганлик, хавф остида қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари бўлган ва ДЙҲХХ рухсатисиз транспорт воситаларини таъмирлаб олган шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш чоралари кўрилади.
Чет эл тажрибаларини ҳар томонлама ва атроф­лича ўрганиб чиқиш ҳисобига балл тўплаб бориш тизимини жорий этишга қаратилган меъёрий-ҳуқукий ҳужжат лойиҳаси ҳам тайёрланади. Мисол учун, ҳар йили ҳар бир ҳайдовчилик гувоҳномасига 12 балл берилади. Бу баллар ҳайдовчи томонидан содир этилган қоидабузарликлар турига қараб камайиб боради. Айтайлик, ҳайдовчи ўша 12 баллнинг ҳаммасини ишлатиб қўйса, яъни шунча баллик қоидабузарлик содир этса, у маълум муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Балл тизимини қўллашда жарима баллари «Йўл ҳаракати қоидалари» бузилишининг оғирлик даражаларига қараб белгиланади. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Агар ҳайдовчи жарима балларини ишлатмаса, яъниким муайян вақт ичида «Йўл ҳаракати қоидалари»ни бузмаса, қоидабузарлик содир этмаса, бундай ҳайдовчиларни рағбатлантириш механизмлари жорий этилади. Шу тариқа фақат жазо бериш йўли билан эмас, балки рағбатлантириш йўли билан ҳам «Йўл ҳаракати қоидалари»га риоя этишнинг афзалликлари тарғиб қилиб борилади. Бу усул қўлланиши билан ҳаракат иштирокчиларида қоидаларни чуқурроқ ўрганиш ва уларга қатьий амал қилишга бўлган интилиш ортади. Бу эса кўнгилсиз ҳолатларнинг кама­йишига, инсонлар ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга имкон ярата­ди.
Бундан ташқари, жаҳон андозалари асосида светофорнинг тақиқловчи чироғи ёниб турганда, ўнг­­га бурилишга рухсат берадиган йўл белгилари ва ишоралари жорий этилади. Хабарингиз бор, бу иш тажриба тариқасида Тошкент шаҳри, Фарғона ва Жиззах вилоятларида синовдан ўтказилган эди.
Автотранспорт воситаларида болаларни ушлаб турадиган қурилмалардан фойдаланиш, шунинг­дек, уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чоралари кўрилади. Йўл белгилари, шу жумладан, радарлар борлигидан хабардор қилувчи йўл белгилари замонавий халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда янгиланади.
Кун ёруғ бўлган вақтда олдинда кетаётган транспорт воситасини яхшироқ кўриш мақсадида енгил ва юк транспорт воситалари учун кундузги юриш чироқларидан мажбурий тарзда фойдаланиш йўлга қўйилади.
Охирги уч йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган транспорт воситалари инвентаризация қилинади ва утилизацияга топшириладиган ёки реализация қилиш мақсадида қисмларга бўлинадиган транспорт воситаларини ДЙҲХХ органлари ҳисобидан мажбурий тарзда ўчириш тартиби белгиланади. Транспорт воситаси утилизация ёки ­реализация қилиш мақсадида қисмларга бўлишга топшириладиган бўлса, уни мажбурий техник кўрикдан ўтказишга ўз вақтида топширмаганлик учун маъмурий жарима ундириш тўғрисидаги меъёрий қоида чиқариб ташланиши кўзда тутилмоқда. Шунинг­дек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат ташкилотларни кенг жалб қилган ҳолда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тартиби мажбурийлиги ва муҳимлигини мунтазам тарғиб қилиш йўлга қўйилади.

— Бундан кўриниб турибдики, соҳа ходимларининг юмуши янада кўпаяр экан-да?

— Халқаро тажрибани (Буюк Британия, Корея, Ҳиндистон, Бангладеш, Шри-Ланка, РФ) ўрганиш асосида ДЙҲХХ қошида йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммолари билан шуғулланувчи Илмий-тадқиқот маркази тузилади. Бу марказ йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини ўрганишга доир тадқикотлар ўтказилиши ва мувофиқлаштирилишини ташкил этади, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий ва техник тартибга солишни такомиллаштиришда иштирок этади. Йўл ҳаракати иштирокчиларини йўл-транспорт ҳодисасидан ҳимоя қилиш даражасини оширишнинг ҳуқуқий, муҳандислик-техник, ахборот, ташкилий-методик муаммоларини ҳал қилишга доир вазифаларни бажариб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишига кўмаклашадиган омилларни ва шарт-шароитларни аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказиш, жароҳат олишни бартараф этиш ва камайтиришнинг устувор йўналишларини илмий асослаш, ДЙҲХХ фаолиятидаги долзарб муаммоларни, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ва уни татбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ноябрь ойига қадар Ахборот технологиялари ва қоммуникацияларни ривожлантириш, Ички ишлар, Адлия, Молия вазирликлари ва манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда йўл-патруль хизмати инс­пекторларини маълумотлар йиғиш, қайта ишлаш, узатиш учун мобиль электрон воситалар билан таъминлаш, йўл ҳаракати соҳасида содир этилган қоидабузарликларни рўйхатлашнинг марказий электрон тизимини такомиллаштириш, йўл ҳаракати соҳасида алоҳида маъмурий қоидабузарликлар бўйича материалларни кўриб чиқиш ва рўйхатга олиш юзасидан электрон тизим жорий этилади. Қидирувга берилган шахслар ва транспорт воситаларини аниқлаш ҳамда транспорт воситалари эгалари томонидан мажбурий фуқаролик суғуртаси талаб­лари бажарилиши юзасидан назорат бўйича дастурий бошқарув комплекси жорий этилади. Шунинг­дек, фуқаролар томонидан транспорт воситаларини рўйхатга қўйиш, қайта рўйхатга қўйиш ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш ҳақидаги аризаларни рўйхатга олувчи электрон тизим яратилади.
2019 йилнинг декабрь ойига кадар ИИВ, ФВВ, ССВ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мобиль қутқарув гуруҳлари тузиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланади.
Унга кўра йўл-транспорт ҳодисаларида жароҳатланганларга дастлабки ёрдам кўрсатиш учун ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг куч ва воситалари жалб қилинади. ФВВ ва ИИВни замонавий қутқарув техникаси, асбоб-ускуналар ва тиббий мулк билан жиҳозлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланади. Зарур ҳолларда, санитария авиацияси кучларини жалб килиш, шунингдек, жароҳат олганларга ўз вақтида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун ихтисос­лашган қутқарув вертолётларини бос­қичма-босқич харид қилиш масалалари ҳал этилади. Шунингдек, ФВВ таркибида қутқарув-парамедиклар гуруҳини ташкил этиш, шу жумладан, Респуб­лика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Ўқув маркази базасида қутқарув-парамедиклари тайёрланиши назарда тутилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларида жароҳатланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун авария юз бериш эҳтимоли катта бўлган автомобиль йўллари участкаларида экипажлар жойлаштириш, йўл-транспорт ҳодисалари юз берганда экипажларни ягона телефон рақами билан огоҳлантириш механизмини яратиш ва йўл-транспорт ҳодисаси юз берганда жароҳатланган шахсни даволаш учун бюджетдан сарфланадиган харажатларни аварияда айбдор бўлган шахс томонидан қоплаш механизмини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Биз концепция ва «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларнинг энг муҳимларини санаб ўтдик. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилган яна жуда кўплаб вазифалар белгиланган. Бу вазифаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилган. Бу вазифалар, таъкидлаб ўтганимиздек, битта соҳанинг иши эмас. Мухтасар айтганда, «сеники, меники» демасдан, бир ёқадан бош чиқариб ишлаш зарур. Бунинг учун эса барча шароитлар етарли. Гап фақат интилиш ва янгилик­ларни ҳаётга татбиқ этишда қолган.

Суҳбатдош: Акмал ЮНУСОВ

Бошқа хабарлар