Кўзбўямачиликми ёки?..

97

Бир гал пойтахтга таксида келарканмиз, ҳайдовчининг ҳаракати эътиборимни тортди. У ҳар бир вилоят чегарасига яқинлашганда, хавфсизлик камарини тақар ва чегарадан ўтгач ечиб қўярди. Бу ҳолатдан ҳайрон қолиб турганимда, ҳамроҳларимиздан бири ҳайдовчига гап қотди:

— Кечирасиз-у, нега пешонангиз ғурра, кўзларингизнинг таги кўкарган? Нима бўлган ўзи?
Ҳайдовчи мийиғида кулиб қўйди-да, бўлиб ўтган воқеани сўзлай бошлади:
— Уч-тўрт кун олдин кафеда яқин ­дўстимнинг туғилган кунини нишонладик. Базм тугагач, спиртли ичимлик ичганим учун машинани ўша жойда қолдирдим ва таксида уйга йўл олдим. Бироз юргач, тўсатдан кўчани кесиб ўтаётган ёш болали аёлни кўриб ҳайдовчи машинани кескин тўхтатди. Орқада келаётган автомобилнинг зарб билан келиб урилиши оқибатида олд ўриндиқда ўтирганим учун беихтиёр олдинга қалқиб кетдим. Ойна синиб, пешонамни кесиб юборди.
Буни эшитиб, ҳайдовчи билан бирга ёнидаги йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши кераклигини хаёлимдан ўтказдим. Ўйлаб келаётган гапларимни айтишга имкон топилганидан фойдаланиб, ҳайдовчига дедим:
— Ўшанда хавфсизлик камарини таққан бўлганингизда, бу кўнгилсизликнинг олди олинган бўларди. Кузатиб келаяпман, сиз ҳозир ҳам фақат йўл назоратчиларини кўргандагина камарни тақиб, ўтишингиз билан ечиб ташлаяпсиз. Аслида, камар эҳтиёт чора учун эмас-ку?
— Ҳа, тўғри айтасиз. Аммо шу камарни тақсам, нимагадир юрагим сиқилгандек бўлаверади-да, — деди ҳайдовчи хижолат чекканча ва хавфсизлик камарини тақиб олди. Ёнидаги йўловчи ҳам шундай қилди.
Йўлда давом этар эканмиз, суҳбатимизни исботламоқчи бўлгандек, йўлимизни бир қора ит кесиб ўтди. Ҳайдовчи шошилинч тарзда тормозни босди. Орқа ўриндиқда ўтирган бўлсак-да, биз ҳам олдинга отилиб кетишимизга бир баҳя қолди. Чўчидикми, ҳамма бир зум жим бўлиб қолди. Орадаги жимликни ҳайдовчининг ўзи бузди:
— Худога шукур, синглим, сизнинг гапингиз асқотиб, бизга ҳеч нима қилмади. Камарни таққанимиз фойда берди.

Дилафрўз Ўрол қизи
Навоий вилояти

Бошқа хабарлар