Саёҳатга чорлаётган воҳа

197

Инсон борки, дам олиш кунлари ёки таътил вақтида сайр-у саёҳатга чиқиш ва табиатнинг хушманзара гўшаларида бўлиш пайида бўлади. Ахир, бундай саёҳатлар дилни яйратиб, кишига хушкайфият бағишлайди-да!

Туристик маданиятни юксалтириш, мазмунли дам олишни ташкил этиш ҳамда дунё сайёҳларини жалб этиш борасида мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Бетакрор табиатга эга бўлган Сурхон воҳасида ҳам ушбу йўналишда салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган ҳудудда замонавий транспорт коммуникация тармоқлари, кўркам бино ва иншоотлар, хизмат кўрсатиш ва сервис объектларининг барпо этилаётгани саёҳат қилувчилар учун қулайлик яратаётир. Термиз шаҳридаги қадим меъморчилигимизнинг бетакрор намуналари, Бойсунтоғ, Ҳисортоғ тизмалари бағрида жойлашган табиат мўъжизалари, турфа маданиятлар уйғунлигини ифода этувчи археологик топилмалар, Сурхон фольклори ва этнографияси каби маданий мерос барча-барчада катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Кейинги йилларда воҳадаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар, бетакрор сўлим табиат манзараларидан баҳраманд бўлиш учун келаётган сайёҳлар сони тобора ортиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Бу ўз ўрнида янгидан-янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга туртки бераётир. Бошқача айтганда, туризм ҳудуд тараққиётида муҳим ўрин эгалламоқда.
— Ҳозирги кунда вилоятда 30 тадан ортиқ замонавий меҳмонхона мавжуд. Улар хорижлик сайёҳларга йилига 400 минг АҚШ долларига тенг бўлган турли хизматларини кўрсатаяпти. Эътиборлиси, туризм бўйича ташкил этилган тадбиркорлик субъектларида янгидан-янги иш ўринлари яратилаяпти. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган кўплаб маҳаллий гидлар «Ўзбектуризм» миллий компанияси илмий ўқув консалтинг марказида ўз малакаларини ошириб, халқаро даражадаги гид сертификатига эга бўлишди. Термиз шаҳридаги Ал-Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота, Қирққиз ёдгорликлари ёхуд Марказий Осиёда ягона бўлган Термиз Археология музейида жамланган экспонатлар, Бойсун туманидаги Мачай қишлоғида жойлашган Тешиктош ғори, Шерободдаги Зараутсой битиклари ҳар бир сайёҳни ўзига мафтун қилади. Туристик йўналишларни таклиф этишда мана шундай эътибор ва эътирофга сазовор жиҳатларни эътиборга олаяпмиз, — дей­ди «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг Сурхондарё вилоятидаги ҳудудий вакили Шуҳрат Иброҳимов.
Ҳозирги пайтда Термиздаги 20 тага яқин тарихий ва меъморий иншоотлар, Шерободдаги Абу Исо ат-Термизий ва бошқа кўплаб мақбаралар қайта таъмирланиб, зиёратчилар ва туристлар учун қулай шароитлар яратилди. Бундан ташқари, экотуризм бўйича олис қишлоқлардаги хушманзара ҳудудларга янги йўналиш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Туризм ривожида ҳудудларнинг инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш, шу жумладан, меҳмонхона хизматларининг даражаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Манзилли дастурлар асосида амалга оширилаётган ишлар бу жиҳатларни халқаро андозаларда ташкил этиш учун имкон яратмоқда. Шунингдек, туризм соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳам изчил тадбирлар режалаштирилган бўлиб, хусусан, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Термиз давлат университетида янги «меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш», «туризм» йўналиш­лари очилиб, кўплаб йигит-қизлар ўқишга қабул қилинди. Айни вақтда уларга малакали мутахассислар томонидан касб сирлари ўргатилмоқда.
— Ўқишда олган билимларимни келажакда амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қиламан. Эндиликда сайёҳларга нафақат тарихий масканларимиз ёхуд экотуризм объектлари, балки замонавий шаҳарсозлик намуналарини ҳам фахр билан таклиф этиш имкониятига эгамиз, — дей­ди университет талабаси ­С.Мардонова.
Мутахассисларнинг таъкидлаши­­ча, Сурхон воҳаси тарихий, этнографик ва экотуризмдан ташқари алпинизм, рафтинг, велотуризм сингари ўнлаб сердаромад ва истиқболли туристик йўналиш­ларни ривожлантириш бўйи­­ча юқори имкониятларга эга. Туризм соҳаси иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш баробарида аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар