Қадр кечасининг етти аломати

1,205

Рамазон — пайғамбарлар орзу қилган ой. Бу ой Қуръон ўқиш, хайр-у саховат улашиш ва меҳр кўрсатиш мавсумидир. Айниқса, бу ойда муборак бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқ дея таъриф қилинади. Ким ўша кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўп савобга эришади.

Ислом динида «Лайлат ул-қадр» — Қадр кечаси улуғланиши барчага аён ҳақиқат. Ушбу муборак кечани мусулмонлар орзиқиш билан кутади, алоҳида эҳтиром билан ибодатлар ва яхши амаллар қилади. Қадр кечасининг аниқ қайси кунда бўлиши маълум эмас. Бу борада олимлар ўртасида жуда кўп ва кучли ихтилофлар мавжуд. Фақиҳлар томонидан Қадр кечасининг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд фикр ва тахминлар айтилган. Аслида, Қадр кечаси қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди.
Мазкур муборак кеча рамазон тунларидан бирига яширинган. Демак, инсонлар вақтнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиши керак, барча тунларни қадр билиб, ҳар бир сониядан ижобат онлари сифатида унумли фойдаланмоқлари даркор. «Лайлатул-қадр» сўзи йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча, деган маъноларни билдиради.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади», дедилар (Имом Насаий).
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалги-ю ­кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Қадр кечасининг еттита аломати
1. Қадр кечасида сокинлик ҳукм суради. Атроф мусаффо, ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади.
2. Осмондаги юлдузлар учмайди, бошқа жисмлар қалтис ҳаракат қилмайди. Касалликлар пайдо бўлмайди.
3. Ҳаво мўътадил бўлади, жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам бўлмайди.
4. Эрталаб қуёш қизариб, тоғорага ўхшаш, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Чунки ўша тун ва кунда кўп фаришталар ерга тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини ҳам тўсиб қўяди.
5. Қадр кечасида ёмғир-қор ёғмайди, ёғса ҳам ўта майин ва ёқимли бўлади. Шўр сувлар чучук бўлади.
6. Дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туради.
7. Ўша куни шайтонлар чиқишига йўл қўйилмайди.
Қадр кечасининг Рамазон ойига яширилишининг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёматни яшириш ҳикмати кабидир. Шунинг учун Қадр кечаси мўминлар тоат этишга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги лозим.
Барчамизни Қадр кечасини топишга муваффақ айласин.

Зулфия ХОЛМУҲАММЕДОВА
тайёрлади.

Бошқа хабарлар