БОЛАГА ВАҚТ ҚАДРИНИ ЎРГАТИШ гўдакликдан бошланади

80

Руҳшуносларнинг аниқлашича, жажжи бола қуйидагиларга қараб вақтни англайди: муҳим ҳодиса, ёрқин таассуротлар ёки бирор воқеанинг содир бўлишини кутиш. Бирон-бир ҳодисани катта одам «Бу ўтган ҳафта содир бўлди», деб айтса, бола эса умуман бошқачасига тасвирлайди. Масалан: «Бу нарса менга қизил машина олиб беришганда содир бўлган эди» ёки «Бу нарса бувимникига борганимизда бўлади», деб айтади. Шунга кўра, болалар учун фақат икки замон мавжуд: ўтган ва келаси замонлар. Ҳозирги замон ҳақида эса уларнинг тушунчаси шаклланмаган, ҳозирги замон деганда улар «айнан ҳозир», «шу сония» деб тушунишади.

Ҳатто энг жажжи болачалар ҳам ўзлари кундалик содир бўладиган ҳодисаларни кўриш ва кузатиш орқали вақтни идрок этади: тонг тундан кейин, тун эса кечки овқат ва эртак ёки алладан сўнг келишини. Агар ота-она ҳар куни «хайрли тонг», шунингдек, «хайрли тун» тилайдиган бўлса, жажжи болакай вақтнинг қандай ўтишини тушунишни тез ўрганиб олади. Лекин асосан болакайлар тафаккури кузатиш орқали ривожланади, мавҳум тушунчалар билан ўйлаш эса уларга бир оз мураккаброқдир. Вақт эса айнан мавҳум нарсалар категориясига киради — вақтни кўриб бўлмайди, эшитиб ва ушлаб ҳам бўлмайди. Шунга қарамай барчамиз, ёшимиздан қатъи назар, вақтнинг ўтаётганини ҳис қила оламиз. Ҳатто гўдакларда ҳам табиий вақтни сезиш ҳисси мавжуд — улар ўзларининг биологик соатлари ёрдамида вақтни мўлжаллай олади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, қатъий режим (тартиб)га эга болалар вақт тушунчасини яхшироқ англайди. Уларнинг организмлари маълум ритмга мослашади ва бирор вақт оралиғи ҳақидаги тушунча уларда тезроқ пайдо бўлади. Режими бўлмаган болаларда, масалан, тушлик тановул қилиш пайти ҳар куни ҳар хил бўлган болаларда эса унинг акси бўлади.
Предмет сифатида эса соат болаларни 3-4 ёшда қизиқтира бошлайди. Айниқса, зеҳни ўткир болалар шу ёшдаёқ вақтни аниқлаш салоҳиятига эга бўлади. Соат милларини аниқ билмаса ҳам 3-4 ёшдаги болалар ҳатто ўз ўйинларида ҳам вақтнинг мутаносиблигини белгилай олади. Мисол учун, катталарга тақлид қилган тарзда ўз ўйинларида қўғирчоқ ёки айиқчаларига «Соат уч бўлди, тушлик қиладиган пайт бўлди», деб айтади.

Боланинг тили ширин

Боланинг биринчи олти ойида нутқнинг илк ривожланиши бошланади — шу илк ривож­ланиши ёрдамида кейинчалик боланинг она тилида талаффузи шаклланади. Жараён кечикишсиз содир бўлиши учун эса бола кўпроқ катталар билан уларнинг «тили»да мулоқотда бўлиши керак. Кўпчилик ота-оналар эса эндигина нутқи шаклланаётган болага «яримта» тил билан гапириб, катта хатоликка йўл қўйишади. Натижада болага мутахассис — логопед ёрдами зарур бўлиб қолади.

Аввал ва кейин

Авваламбор, боланинг вақт ҳақидаги тассаввурини ривожлантириш учун 1,5-2 ёшда қуйидаги тушунчалар билан таништириш керак: «аввал», «кейин», «ҳозир», «олдин», «кейин», «яқинда», «анчадан кейин» ва ҳоказо.
Буларни болага ўргатиш учун алоҳида маъруза ёки дарслар керак эмас, фақатгина хатти-ҳаракатларга изоҳ беришнинг ўзи кифоя. Масалан, «Аввал бориб юзимизни ювамиз, сўнг нонушта қиламиз, кейин эса сайр қиламиз», деб изоҳлаш лозим. Айнан шу базавий тушунчалар боланинг хотирасида чуқур жойлашади. Шунингдек, нафақат кундалик ишлар, балки болага айтиб берилаётган ҳар қандай ҳодиса ёки уруғдан ўсимлик ўсиб чиқиши, қуртдан капалак пайдо бўлиши каби табиат қонунлари ёрдамида ҳам вақт тушунчасини сингдириб бориш мумкин.

Ҳафта кунлари

Кейинчалик эса аниқ вақт оралиғини билдирувчи тушунчаларга ҳам ўтса бўлади. Аста-секинлик билан бола бугун, эртага ва кеча каби тушунчаларга эга бўлади. Буни анг­лаш осон бўлмаслиги мумкин — бошида болалар кўпинча бу сўзларни адаштиради (Ахир, бу ҳақиқий мавҳумлик-ку?!).
Ўтилган вақт тушунчаларини мустаҳкамлаш учун болага кўпроқ саволлар бериш даркор. Масалан, «Кеча боғчада қандай ўйин ўйнадинг?» ёки «Эртага қаерга боришимизни биласанми?». Бу тушунчаларни бола батамом ўзлаштириб олгандан кейин эса «индин» ва «кечадан олдинги кун» тушунчаларини ҳам ўргатса бўлади. Шу билан бир вақтда болани тақвимга, яъни ҳафта кунлари ва ойларга ўргатиш мумкин. Болага чиройли расмлар билан безатилган тақвим олиб, хонасига илиб қўйсангиз бўлади.
Албатта, бола бир зумда барчасини эслаб қололмайди — поғонама-поғона ўрганаверсин. Ҳар тонг болага бугун қандай ҳафта куни, сана ва ой эканини таништиринг. Болага кеча ва эртага қандай ҳафта куни эканини тақвим ёрдамида аниқлашни ўргатиш мумкин. Бундай расмлар атайдан уюштирилган бўлиб эмас, балки ўйин, суҳбат ёки бирор бир режа муҳокамасининг бир қисми бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бола ҳафта кунларини яхшироқ эслаб қолиши учун ҳафтанинг душанба куни кечки пайтидан бошлаб якунланиб бораётган кунни тақвимда белгилашни бошланг. Якшанба куни эса етти кун ўтганини, яъни ҳафта якунланаётганини тушунтиринг. Шунда бола кўриш қобилияти ёрдамида ҳам вақт тушунчасига эга бўлади.
Яна бир қизиқарли усул мавжуд. Катта катакли тақвимга ҳар бир кунига пиктограмма каби оддий расмлар чизиш мумкин. Бундай расм айнан ўша куни содир бўлган ҳодисани акс эттиради. Масалан, арғимчоқда учиш, зоопаркка бориш, меҳмонга бориш ёки аквариум учун янги балиқ сотиб олиниши каби. Шунинг­дек, кутилаётган ҳодисаларни ҳам белгилаш мумкин — бассейн, театр ёки тўгаракка бориш. Бундан ташқари, оила аъзоларингизнинг расмларини ёпиштириб, уларнинг туғилган кунларини белгиласа бўлади. Шундай дарслар ёрдамида бола кутилаётган ҳодисаларга ҳозирлик кўришни, вақтни тақсимлаш ва унинг қадрига етишни ўрганади.
Вақтни фаҳмлаш — онгнинг энг ўрганилмаган сирларидан бири. Ҳозирги кунда илм-фан бу ҳодисани ўрганиш тараддудида. Инсоният ёши улғайган сари вақт тез ўтишини аллақачон фаҳмлаган, лекин нега? Илм-фан бу саволга қуйидагича жавоб беради: боланинг онги жуда катта миқдордаги янги маълумотларни қабул қилади. Лекин улғайган сари ойнаи жаҳон, интернет тармоқлари, газета ва журналлардаги битмас-туганмас маълумотлар кўп бўлишига қарамай, янги, ўрганилмаган қирралар борган сари камайиб бораверади.

Йил фасллари

Икки яшар бола йил фасллари нима эканини тўлиқ тушуна олади. Куз, қиш, баҳор ва ёзда қандай ўзгаришлар бўлиши, об-ҳавонинг ўзгариши, дарахтларда қандай янгилик рўй бериши, одамлар об-ҳавога қараб ҳар хил кийинишларига боланинг эътиборини қаратинг. Ҳозирда қор қоп­лаган кўчалар яқиндагина қандай экани, дарахт барглари қандай тусда бўлгани, ариқдаги сув қандай бўлганини биргаликда эсланг. Ана шундай оддийгина суҳбатлар фасллар тушунчасини шакллантиради. Албатта, бола бир зумда ойлар кетма-кетлигини ёд эта олмайди. Уларни қайта-қайта тушунтираверинг. Шунингдек, болага ўқиб бераётган эртакларингиз ҳам вақт тушунчасини ҳосил қилишга ёрдам беради. Чунки деярли барча эртакларда вақт ҳақида айтилган бўлади.

Соат

Бола ҳафта кунлари, ойлар ва фаслларни тўлиқ ўзлаштиргандан кейингина вақт тушунчасининг энг мураккаб ҳисобланган қисмига ўтиш мумкин. Яъни соатга! Бунинг учун у 1 дан 12 гача бўлган сонларни билиши даркор. Бунинг учун махсус болалар соатидан фойдаланиш осонроқ. Чунки бундай соатларнинг соат миллари, рақамлари катта ва аниқ бўлади. Соат мили қандай ҳаракатланишини, сўнг эса дақиқа милларини тушунтиринг. Соат рақамлари ҳақида маълумот беринг. Аввал 0 дан 12 гача бўлган вақт тушунчасини изоҳланг. Болага кечаси соат 3 ва кундузи соат 3 бўлишини таништиринг. 5-7 ёшлар оралиғидаги болакай бу каби маълумотларни тўлиқ қабул қилиши ва эслаб қолиши табиий ҳол.
Сўнгра эса ҳар куни вақт машғулотларини олиб боринг. Масалан, эрталаб бола уйғонган, тушлик қилаётган ёки ухлашга тараддуд кўраётганда соат миллари қаерда бўлиш кераклигини ўргатиш мумкин. Одатда, агар катталар ўта кўп савол беравериб ошириб юбормаса, болалар бундай нарсаларни тез ва бажонидил ўрганади.

Мушарраф ТЎРАБОЕВА,
Уйчи туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси

Бошқа хабарлар