Етти ўлчаб ташланган қадам

153

Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари ­бўйича вакили (Омбудсман) томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда «Миллий первентив механизмни ташкилий-ҳуқуқий ривожлантириш: халқаро ҳужжатлар, хориж амалиёти ва Ўзбекистон тажрибасининг хусусиятлари» мавзусида ўтказилган халқаро давра суҳбатида иштирок этдим.

Тадбирда БМТнинг Миллий первентив механизмни ривожлантиришга оид халқаро ҳужжатларининг хорижий мамлакатлар амалиётидаги ижросининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини умумлаштириш ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан қийноқларга солиш ҳамда муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи миллий первентив механизм вазифасини амалга ошириш тўғрисидаги низом кенг муҳокама этилди.
Унда БМТ ва халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилишдан аввал миллий первентив механизмни татбиқ этиш бўйи­­ча мулоқотга киришгани эътироф этилди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини рив­ожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйи­­ча Ҳаракатлар стратегияси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини янги сифат босқичига олиб чиқиш имконини бергани алоҳида таъкидланди.
Экспертлар жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, қамоққа олинган, шунингдек, маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахслар ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ташкилий-ҳуқуқий таъминлаш бўйича комплекс норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга замин яратган «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти фармони аҳамиятини алоҳида қайд этишди.
Яқин вақт ичида қабул қилиниши мўлжалланган миллий первентив модель асосига, шунингдек, жорий йил 12 майда Президентимиз томонидан қабул қилинган ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг давлат ҳимояси тизимини мустаҳкамлаш учун чуқур институционал аҳамиятга эга «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда шу йил 14 майда имзоланган «Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори миллий қонунчилик ва халқаро норматив ҳужжатлар уйғунлашувига, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этишга хизмат қилиши шубҳасиз. Миллий первентив ҳужжатнинг экспертлар эътиборини тортган жиҳати, унда халқаро амалиётнинг кўплаб қоидалари ҳисобга олинган. Шу билан бирга, ушбу ҳуқуқий ҳужжат юртимизда халқаро ҳуқуқ нормаларининг кучли билимдонлари борлигидан далолатдир.
Умуман олганда, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди, айниқса, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида цензура тақиқлангани ҳамда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилганини демок­ратиянинг ҳақиқий тантанаси дейиш мумкин.
Миллий первентив механизмнинг қабул қилиниши юртимизда ҳуқуқий демократик жиҳатдан яна бир поғона юқорилашинини таъминлайди. Мазкур ҳужжат жойларда фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлишига ишонаман.

Камолиддин ОҚБЎТАЕВ,
Олий Мажлиснинг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили
(Омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили

Бошқа хабарлар