«Илмимизни беҳуда сарфламаймиз!»хоразмлик ёш олимларнинг шиори шундай

370

«Энг фаол ёш мутахассис» кўрик-танловининг Хоразм вилояти босқичида «Энг фаол ёш олим» номинацияси ғолиблиги учун баҳслар ниҳоятда қизиқарли кечди. Ёш илм соҳиблари ўз иқтидор ва имкониятларини тўлиқ ишга солган ҳолда, ушбу номга муносиблигини намойиш қилишди. Гарчи, иштирокчилар фаннинг турли йўналишлари бўйича илмий изланишлар олиб бораётган бўлсалар-да, илм эгаларига хос қатъият ва маънавият билан ўз рақобатчиларига фавқулодда саволлар беришди, баҳслашишди, рад қилишди.
Узоқ тортишувлар, савол-жавоблар илм эгаларини эсанкиратиб қўймади. Ўз илмий тадқиқотлари ҳақида батафсил маълумот беришди, чет тилларини қай даражада билишини, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билимларини ғалвирдан ўтказишди. Экспертларнинг улар орасидан энг фаолини танлаб олиши осон кечмади.
Боиси, қўйилган ҳар бир баҳони ёш олимларга изоҳлаб беришга тўғри келди.

Саноат чиқиндисидан  ўрама материаллар

Шаҳло Аитова Урганч давлат университети кимё технологиялар факультети ўқитувчиси, мус­тақил изланувчи. У устози, профессор М. Жуманиёзов бошчилигидаги узоқ йиллик илмий изланишларидан сўнг маҳаллий хом ашёлар ва саноат чиқиндилари асосида рақобатбардош ўрама материаллар олиш технологиясини яратишга муваффақ бўлди.
— Рубироитлар қурилишда ишлатиладиган энг муҳим маҳсулотлардан саналади. Биз унинг такомиллашган авлодини яратдик. Шу пайтгача рубироитлар асосан нефт битумлари асосида тайёрланган. Биз уни гассипол смоласи билан алмаштирдик. Бир ўраманинг ички баҳода сотилиши 50 минг сўмдан тўғри келади. Биз яратган маҳсулот нархи эса 40 минг сўм. Амалдаги ўрамалардан яна бир афзал жиҳати ишлатиш осонлигидир. Рубироитларни табиий ишлатиш муддати 2-3 йилдан ошмайди. Томга ёйганда синади. Биз яратган ўрамаларни ўрнатиш осон ва улар синмайди, совуқда ёрилмайди, — дейди Ш. Аитова.
— Госсипол заҳарли модда. Инсон саломатлигига таъсирини ўрганганмисиз? — деган саволга ёш тадқиқотчи қуйидагича жавоб қайтарди:
— Ўрганганмиз. Госсиполда 3-даражали заҳар бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида уни бартараф қилиш чоралари кўрилади. Шуни ёдда тутиш керакки, заҳарланиш буғланиш ҳарорати 315 даражадан ошганда содир бўлади. Биз маҳсулот тайёрлашни 200 даража иссиқликда амалга оширамиз. Илгарилари госсипол утилизация қилинмаган ва чиқиндига ташланган. Бу табиатимизга ниҳоятда зарарли. Бизнинг технологиямиз ана шу зарарни бартараф қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шаҳлонинг айтишича, ушбу маҳсулотга ички бозорда талаб катта. Бир йилда 150 метр квадарт маҳсулот ишлаб чиқарилса, уни 600 миллион сўмга сотиш мумкин. Шундан 300 миллион сўми фойдага қолади. Бу билан камида 15 нафар кишини доимий иш билан банд қилиш мумкин.
Ёш ихтирочи шу кунларда ўз яратган маҳсулотига патент олиш чораларини кўряпти.
Таъкидлаш жоизки, Шаҳлонинг инглиз тилида равон сўзлашиши, сиёсий билимдонлиги бошқа иштирокчиларникидан анча юқори баҳоланди.

Янги буғдой   навига эҳтиёж

— Хоразмнинг иқлим шароити шўр ва қуруқ бўлгани туфайли бугунги кунда маҳаллий шароитга мос буғдой навини яратиш тақозо қилинади, — дейди Хоразм маъмун академияси илмий ходими Нурбек Ҳамроев. — Мамлакатимизда пахта ва ғалла майдонларини қисқартиришга қаратилган сиёсат амалга оширилаётган даврда бу ниҳоятда муҳим. Чунки ғалла ҳосилдорлигини 80-100 центнерга етказмасдан туриб, бу соҳада сезиларли ютуқларга эриша ол­япмиз, деб айта олмаймиз. Бугун Хоразм шароити­­да буғдойдан ўртача 30-35 центнердан ҳосил олинади. Бунинг учун қанча меҳнат, қанча маблағ сафарбар қилинади. Бир неча йилдан буён буғдойнинг серҳосил навини яратиш устида илмий изланишлар олиб боряпман. Бунинг учун бир қатор чет давлатларида бўлиб, малака оширдим, илмий анжуманларда иштирок этдим. Мамлакатимиздаги селекционер олимлар билан мунтазам ҳамкорлик қиляпман.
— Буғдойни ўзимизда етиштиргандан, қўшни давлатлардан сотиб олган арзон тушади-ку, — дея луқма ташлайди рақобатчилардан бири.
— Худди шунинг учун ҳам маҳаллий шароит­­га мос, серҳосил нав яратиш ғоясини илгари суряпмиз, — дейди ёш олим. — Ғоямиз амалга ошса, бизнинг буғдойимиз таннархи ҳам анча арзонлашади.
— Сифати-чи? Тан олишимиз керак, бизнинг буғдойимиз бошқа давлатларда етиштирилган буғдой билан солиштирганда анча сифатсиз. Шундай экан, буғдой майдонлари ўрнида бош­­қа серҳосил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирган афзал, — дея эътирозларини билдиради яна бир иштирокчи.
— Ҳозирча шундай. Аммо биз изланяпмиз. Буғдойимиз, ҳам арзон, ҳам сифатли, тўйимли бўлишига, албатта, эришамиз.

Шўрланишга чидамли ғишт

Яна бир ёш олим — Урганч давлат университети кимёвий технологиялар кафедраси катта илмий ходими Зокир Жуманиёзов мус­таҳкамлиги юқори, шўрланишга чидамли керамик ғишт ишлаб чиқариш технологиясини яратган.
— Замон талабига тўлиқ жавоб бера оладиган, маҳаллий хом ашёлар ва саноат чиқиндилари асосида тайёрланган ҳамда узоқ муддат ўз сифатини сақлай оладиган юқори мустаҳкамликка эга ғишт масса таркибини ва энергатежамкор усулини топдик. Энг асосийси, юқори сифатга эга бўлган тузли ва сувли муҳитлар таъсирига чидамли бўлган қурилиш ғишт олишнинг илмий асосларини яратиб, технологиясини ишлаб чиқдик ва уни ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш арафасидамиз.
Изланувчи ўзи яратган ғишт намунасини тақдим этди.
— Буни сиз лабораторияда яратгансиз. Бундай шароитда ҳаммаси мукаммал бўлиши мумкин. Ишлаб чиқаришга келганда, сифат талаб даражасида бўлмаса-чи?
— Биз бу ғоямизни кичик саноат ҳудуди ташкил қилиб, амалга оширмоқчимиз. Ҳар томонлама ўйлаганмиз. Биз яратган 500 та ғишт ҳозирда очиқ майдонда ишлатилиб, синовдан ўтказилмоқда.
— Янгилигингиз жамиятга қандай наф келтиради?
— Амалдаги ғиштлар вилоят иқлим шароитига унчалик тўғри келмаяпти. Биз ғиштни шўр тупроқдан тайёрладик. Шўр тупроққа саноат чиқиндилари қўшилиши натижасида ғишт ҳар томонлама мукаммаллашади. Ундан қуриладиган иморатларнинг умри узун бўлади. Уни фасад сифатида ҳам, брусчатка сифатида ҳам ишлатиш мумкин.

***

Баҳс-мунозаралардан кўрдикки, ёш олимларимиз барчаси илм-фан тараққиётига ҳисса қўшиш ниятида изланмоқда. Ёш физик олим Мухтор Каримовнинг қаттиқ жисмлар сиртини ион сочилиш спектроскопияси услуби ёрдамида тадқиқ қилиш, Хоразм Маъмун академияси кичик илмий ходими Моҳира Раҳимованинг термитлар тарқалишининг олдини олиш ва уларга қарши кураш мавзуларидаги тақдимотлари ҳам ана шу тартибда
таҳлил қилинди. Бу эса келажакка умид уйғотади. Зеро, илм-фан тараққиёт йўли ҳисобланади.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар