Катта дунёнинг кичик суврати

123

Дам олиш куни болалар билан телевизор «талашиб» қолдик. Улар «Ёшлар»даги ҳинд сериали зўр жойига келиб қолганини айтишди, мен эса «Кинотеатр»дан берилаётган «Гладиатор»ни кўрмасам бўлмаслигини билдирдим. Уйда телевизор битта, томошабин эса бешта. Хуллас, ўша куни озчилик кўпчиликка енгилди, яъни «ёш томошабинлар» — болалар устун келишди. Мен эса ўн марталаб кўрган бўлсам ҳам хаёлан яна ўша кинога қайт­дим, унинг нақадар маҳорат билан тасвирга олинганини ўйлаб энтикиб қўйдим.
Энтикишимнинг боиси шуки, Голливуднинг зўр актёрлари, «Оскар»дан баланд турадиган кинолари бор. Голливудни шу даражага етказган, унинг нуфузини таъминлайдиган ноёб иқтидор эгаларидан бири Рассел Кроу­дир. «Гладиатор»да бош ролни ижро этган бу актёр фильмдаги ижроси орқали миллионлаб дилларни забт этди, кино санъатининг бетакрор таъсир кучига эга эканини амалда яна бир карра исботлади. Актёрнинг маҳорати боис, бу фильмни бутун дунёда эътироф этишади. Ҳолбуки, ундаги воқеалар тўқима, холос. Савол туғилади: йўқ жойдан шундай ажойиб кино олиш мумкин экан, нега бизда бой тарихимиз, дунёни титратган аждодларимиз ҳақида пичоққа илинадиган фильмлар йўқ?

Шунақа: кино учун миллионлаб маб­лағ сарфланади, фойда эса ўн баробар кам. Моддий зарарни-ку қўя туринг, маънавий зарарчи? Голливудда эса аксинча: масалан, бир кинога ўн миллион АҚШ доллари сарфланса, юз баробардан зиёд фойда кўрилади. «Ҳа, энди уларда маблағ муаммо эмас, актёрлар ҳам катта гонорар олади», ­дейдиганлар топилади. Гап маблағдаям эмас, ишга чин дилдан, ихлос билан ёндашишда. Грузия, Эрон, баъзан ҳинд киноларини кўрганда ҳамма гап пулга бориб тақалишига оид мулоҳазаларга қўшилиш қийин. 2017 йил 3 августда Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда «Бизнинг нафақат тарихимиз, балки бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган бу вазифани амалга ошириш учун биз катта миқдордаги маблағларни, керак бўлса, эркин муомаладаги валюта маблағларини ҳам топиб беришга, киночиларимизни чет давлатларга ижодий сафарларга юборишга ҳам тайёрмиз. Худога шукур, бугунги иқтисодий аҳволимиз бунга имкон беради», дея таъкидлагани юксак эътибордир.
Ўзбекона андиша, истиҳола, одоб-ахлоқнинг илдизи шу қадар ­мустаҳкамки, у асрлар давомида шакл­ланиб, бугунги кунгача ҳам сақланиб келмоқда. Шунинг учун бўлса керак, халқимизга хос хислатлар кино ёхуд бошқа сериалларда акс этса, бундай асар одамлар қалбидан чуқур жой олади. Бунга мисол қилиб «Воиз», «Соғинч соҳили», «Эркак», «Новда», «Кичкина табиб», «Ватан», «Осмондаги болалар», «Чавандоз» каби кўп­лаб бадиий фильмларни келтириш мумкин. Ушбу киноларда биз ўзлигимизни кўрамиз, ён-атрофимиздаги кишиларнинг феъл-атвори ёхуд айнан шунга ўхшаш воқеа­лар маҳалламиз ёки қишлоғимизда рўй берганини таъкидлаймиз. Негаки, уларда ҳаёт нафаси уфуриб туради, шу боис бундай асарларни томоша қилганда, албатта, маънавий завқ оламиз. Юриш-туришимиз, гап-сўзимиздаги айрим ноқисликларни тузатишга киришамиз. Бир сўз билан айтганда, оммага ҳавола этиладиган ҳар қандай намойишда ибрат мужассам экан, у беиз кетмайди.
Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев бир йилда кино соҳаси вакиллари билан уч марта учрашди. Жумладан, 2017 йил 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустрияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари: «Маънавий йўналиш­ларимиз иқтисодий йўналишлардан ўн қадам олдинда юриши керак. Ана шунда биз ҳозирда қилаётган катта-катта режаларимиз, дастурларимиз амалга ошади. Ёшларимизни тарбия қилиш нуқтаи назаридан энг катта нарса — одамларимиз бир пайтлари «Ўтган кунлар» ёрдамида ғурур, ифтихор, маънавий озуқа олган. Бугунги «Ўтган кунлар», бугунги қаҳрамонлар қани, деган масала мени жуда қийнайди», деган эди.
Дарҳақиқат, кейинги пайтларда ғоя нуқтаи назаридан дунёқарашимизга зид, миллий қарашларимизга кўпам тўғри келмайдиган кинолар пайдо бўлди. Уларнинг аксарияти сохта, ҳаётдан узоқ, кишининг ғашига тегадиган даражада бачкана.
Бир-бир ярим соатлик баъзи киноларни ўн дақиқа кўриб бўлмайди, афсус. Масалан, «Фарҳод ва Ширин» киносини кўриб, қандай хулоса чиқариш мумкин?
Бу каби саволлар нафақат бизни, кўплаб муштарийларимизни ҳам ташвишга солаяпти. Мана, қўлимизда Сурхондарё вилояти, Узун туманилик Расул Тилововнинг хати. Унда айни шу кино хусусидаги мулоҳазалар бор.
«Болалигимизда ота-онам биз, фарзандларни «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатувини қолдирмасдан кўришимизга алоҳида эътибор қаратишарди, — деб ёзади муаллиф. — Энди ўзим ота бўлиб, оила бошлиғи сифатида англаяпманки, ота-онамнинг бундай йўл тутишлари ўзига хос тарбия усули экан. Ўз оиласига вафодор бўлиш, яқинларини қадрлаш, меҳр-оқибат, хайр-у саховат каби ўлмас ­қадриятларимизнинг ўзига хос тарзда экранда намойиш этилишидан таъсирланардик. Бугунги кунда ҳам ибратли кинолар суратга олинаяпти. Аммо яқинда «Фарҳод ва Ширин» деб номланган кинони бериб қолишди. Унда топиш-тутиши яхши бўлган бир йигит гулдек қизни ташлаб бош­­қа қизга кўнгил беради…
Унинг ҳолатини кўрган бешинчи синфда ўқийдиган қизим «Дада, энди бу йигитнинг иккита хотини бўладими?», деб сўраб қолди. Очиғи, қизимнинг саволига жавоб беролмадим. Айтмоқчиманки, аксарият лавҳаларнинг мавзуси бир хил. Яъни, қайнана-келин, қуда-анда можароси ёки оиладаги хиёнат «тарғиб» қилинади. Ахир, ҳаётда ундай эмас-ку! Биз томонларда бундай воқеалар деярли учрамайди. Шунинг учун бу каби лавҳаларни тушуниш қийин. Ахир, томошабинни жалб қилиш умидида хориж сериалларига тақлидан, зўрма-зўраки ишланаётган айрим кинолар фарзанд­ларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутмайлик…»
Бу мулоҳазаларда жон бор. Ҳеч эътибор берганмисиз, халқимизга хос хислатлар ҳақида гап кетганда, меҳр, оқибат, саховат, мурувват, андиша, одоб, ахлоқ каби фазилатлар, албатта, тилга олинади. Бундай бетакрор, фақат миллатимизга хос бўлган маънавиятимиз сарчашмаларини ҳар қанча кўз-кўз этсак арзийди.
Давлатимиз раҳбари тарбиявий аҳамиятга эга бўлган киноларимиз, шоҳ асарларимиз бор, хўш, ўшаларни ҳам бир пайтлар бизга ўхшаган одамлар яратган-ку, дея таъкидлагани бежиз эмас. Бинобарин, Шуҳрат Аббосов, Латиф Файзиев, Мелис Абзалов, Собир Назармуҳаммедов, Зулфиқор Мусоқов, Аюб Шаҳобиддинов, Ёлқин Тўйчиев каби режиссёрларимизнинг ажойиб, фахрланса арзигулик кинолари бор. Ёшлар орасида ҳам истеъдодли режиссёрлар ярқ этиб кўзга ташланмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш зарур деб ўйлаймиз.
— Ўзбекистонлик икки талаба — Ботир Абдураҳмонов ҳамда Абдуазим Илҳомовнинг «Она» деб номланган фильмини бир йил олдин бадиий кенгашда илк бор томоша қилган эдим, — дейди таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов. — Ўша даврда бу фильм «Ўзбеккино» буюртмаси бўйи­­ча 9 май кунига бағишлаб суратга олинган эди. Ютуқларини эътироф этиб, баъзи эътироз­ларимизни айт­ган эдик. Бундай ҳаққоний, кўзбўямачиликсиз ютуқлар ҳар куни ҳам содир бўлмайди. Афсуски, биронта жойда бу воқеа ҳақида ўқимадим. Ҳолбуки, бу фильм Венециядаги «Ca’ Foscari Short Film Festival» кинофестивалида энг яхши деб топилибди. Лекин улар фестивалга боришга пул тополмади. Ҳайронман, ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали ёшларга ёрдам берамиз, деб гапиришади. Ёки бу ёрдам фақат ҳар куни меъёрсиз пиар қилинаётган, аниқ сараланган битта-иккита ёшларга бериладими?..

Миллий киноларимизда орамиздаги одамлар, хусусан, ўз эзгулиги, хулқи, саховати билан намуна бўлаётган, қиш­лоғидан битта ножоиз гап чиқса, ҳаловатини йўқотадиган, тун-у кун ёшлар тарбияси йўлида жонбозлик кўрсатаёган юртдошларимиз, ҳар бир гапи ҳикматга тенг кайвони онахонларимиз-у нуроний отахонларимиз ҳаёти ибрат қилиб кўрсатилса, шу орқали тарбия­мизга, онг-у шууримизга ёт жиҳатларга ўрин бермаслик ҳар биримизнинг ҳар кунлик юмушларимиз қаторидан жой эгалласа, айни муддао бўлар эди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, агар биз аждодларимиз хотирасини улуғламоқчи, шу асосда ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни, биринчи навбатда, кино санъати орқали амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ

Бошқа хабарлар