Минг ойдан афзал кеча

212

Айни кунларда мўмин-мусулмонлар қадр кечасини кутиб олишга ҳозирлик кўришмоқда.
«Лайлатул-қадр кечаси» номи билан мусулмонлар томонидан интиқлик билан кутиладиган ушбу кеча ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида Яшнобод тумани бош имом хатиби, «Али ибн Абу Толиб» жомеъ масжиди имом хатиби Фазлиддин Аллаёров билан суҳбатлашдик.

— Қадр кечаси ойнинг нечанчи куни келади?
Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Лекин саҳобалар Расуллулоҳдан (с.а.в.) уни аниқлаб беришини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлиги, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Бундан ташқари, кечанинг аломатларини айт­ганларидан сўнг у 27-кеча экани маълум бўлган (Имом Бағавий тафсири). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ким Лайлатул-қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар (Муслим, Бухорий, Термизий ривояти).
— Бу кечада қандай амаллар бажарилади?
— «Лайлатул-қадр» кечаси тонг отгунча саломатлик, тинчлик ва омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом беради. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Кимки «Лайлатул-қадр» кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятича, Бу кечани бедор ўтказиш — намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироат қилишдан иборат.
Бундан ташқари, «қоим» лафзи луғатда тик туриш маъносини билдиради. Истилоҳда эса кечани ибодат ила ухламай ўтказиш деган маънода ишлатилади. «Лайлатул-қадр»ни бедор ўтказиш, қандоқ бўлади, деган саволга уламолар батафсил жавоб беришган. Аввало, бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кеча хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак. Чунки ҳадисда «ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади», дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса «ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг яримини бедор ўтказган бўлади», дейилади. Қолаверса, кечанинг қолган қисмида нафл намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр-у дуо қилиб чиқиш керак. Ана шунда кеча бедор ўтказилган бўлади ва ҳадисда «Лайлатул-қадр»ни иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда — ўтган гуноҳларнинг мағфират бўлишига эришилади.
Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечасида бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёр-у дўстларни ҳам ибодатга чорлаб туриш лозим.
Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажр-у савобидан кўра яхшироқ ажр-у савоб беришидан ­умидвор­ бўлиш керак.
Бу ишни ҳар бир шахс, ҳар бир оила, ҳар жамоа, ҳар бир қавм яхшилаб йўлга қўйиши керак. Чунки баъзи бир ҳолларда «Лайлатул-қадр» кечасини шунчаки бедор ўтказишга уринишлар ҳам йўқ эмас. Бу кечада таом, бекорчи гап-сўзлар биринчи ўринга чиқиб қолмаслиги лозим.
Бир кеча бедор ухламасдан, ибодат, зикр, Қуръон ва намоз ўқиб саҳарликкача ўтирса, минг ойдан зиёд савоб берилади. Яъни, бир кеча бедор ибодатда бўлиш минг ой яшаб тинимсиз ибодат қилгандан афзал.
Барча ватандошларимизга бу муборак кечада солиҳ амалларни бажариб, Аллоҳ ризосига эришишни тилаган ҳолда юртимизга тинчлик-хотиржамлик, хонадонларимизга фаровонликни ато этишини Яратгандан тилаб қоламиз.

«Ishonch» мухбири
Муқаддас РАЗЗОҚОВА
суҳбатлашди.

Бошқа хабарлар