Ижтимоий ҳаётда фаоллик олий таълимнинг асосий вазифаси бўлиши керак

73

Президентимизнинг 2018 йил 19-20 январь кунлари вилоятимизга ташрифидан сўнг Сурхондарёда бир эмас, олти олий ўқув юртининг пайдо бўлиши воҳамиз аҳли томонидан ҳеч кутилмаган янгилик, совға сифатида қабул қилинди. Бугунги кунда вилоятда ТерДУ, ТерДУнинг Денов филиали, Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали, Тошкент Тиббиёт академияси, Тошкент давлат техника университети, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, сиртқи бўлимларнинг ташкил этилиши, айниқса, оила қурган ёшларимиз учун катта имкониятлар эшигини очди.

Президентимизнинг 2018 йил 5 июндаги «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ўқиб, биз педагоглар қувончига яна қувонч қўшилди.
Аввало, қарорда олий таълим муассасаларидаги таълим сифатини яхшилаш учун кўриладиган чора-тадбирларни белгилашдан олдин, бу жараёнга тўсиқ бўлаётган омиллар бирма-бир санаб ўтилди. Ҳақиқатдан ҳам, касалликнинг сабабини билмасдан туриб, уни даволаш мумкин эмас. Ана шу тўсиқлардан бири олий таълим даргоҳларига кириш имтиҳон тестлари абитуриентларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлаш имконини бермаётганидир. Бу ҳолат кўпгина иқтидорли талабгорларнинг норозилигига сабаб бўлиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мисол учун айтадиган бўлсак, филология, журналистика йўналишига кирмоқчи бўлган абитуриент яхши шеър, ҳикоя ёза олади, ҳуснихати, имло саводи жойида, лекин тест саволларида учраб турадиган мураккабликлар, ғализликлар туфайли паст балл олиб қолиш эҳтимоли юқори. Бу ҳолатда ҳақиқий истеъдод эгаси ўқишга киролмайди ёки нари борса, шартнома асосида қабул қилиниши мумкин. Давлатимиз раҳбарининг қарорида тегишли мутасадди идораларга олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги тест саволларини тайёрлаш услубларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқиш ва уларни такомиллаштириш вазифаси қўйилгани бу борада адолатли танловга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Мазкур ҳужжатда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ОАВ орқали халқимизга тушунтиришда олийгоҳларнинг фаол иштирок этмаётгани кўрсатиб ўтилди. Дарҳақиқат, олий таълим муассасаларида меҳнат қилаётган олимлар нега бугунги ислоҳотларни таҳлил қилиб, одамларга тушунтиришга ошиқмайди? Бу уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол эмаслиги, жараёндан узилиб қолгани, таъбир жоиз бўлса, илм-фан ва ҳаётнинг бир-биридан узоқлашиб кетганини англатмайдими? Мамлакат ривожини таъминлашда барча соҳаларни қамраб олган ҳолда илмий таҳлилга асосланган хулоса ва тавсиялар бериш олимларнинг вазифасига кирмайдими?
Масалан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда ҳар йили «сел келди, қурғоқчилик бўлди, касаллик тегди», деган бир сабаб топилади. Нима учун ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришнинг ўзига хос усуллари йўқ? Иқлим қандайлигидан қатъи назар, керак бўлса, об-ҳаво ҳақидаги ўзгаришларни ҳам олдиндан прогноз қилиб, деҳқонларни огоҳлантириш, олдиндан шунга қарши чоралар кўришга ўргатиш каби ишлар бошида илм аҳллари туриши керак эмасми?! Мамлакат ҳаётини, одамларнинг турмушини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кўр-кўрона мақтайдиганлар эмас, уни асослаб, келажагини кўрсатиб бера оладиган олимлар, институтлар керак.
Назаримда, Президентимизнинг ушбу қарорида белгиланган муҳим вазифалар ана шу саволларга жавоб топишда муҳим омил бўлади. Шунинг­дек, қарор билан олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари, суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилишга рухсат берилиши ҳам катта аҳамиятга эга. Муҳими, бунда чет мамлакатлар билан дўстлик алоқалари мустаҳкамланади, Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг нуфузи ошади. Бу ерда Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви ва қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитиш ҳамда икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиётининг жорий этилиши ҳам назарда тутилгани эътиборга молик.
Илғор хорижий тажрибада абитуриент бир фандан юқори балл, иккинчисидан паст балл олиб, биринчи йили ўқишга кира олмаса ва агар у истаса, кейинги танловларда юқори балл олган фандан имтиҳондан озод этилади ҳамда ўша ўтган сафар олган юқори бали ҳисобга олинади. Бу тажрибадан мазкур қарорда ҳам илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subjest ҳоказо) сертификатига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар тест синовидан озод этиш тартибини жорий этиш услубидан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу эса ўқишга иқтидорли болаларни жалб этиш имкониятини кучайтиради.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор олий таълим тизимидаги кўплаб муаммоларга ечим бўлиши шубҳасиз. Қолаверса, бу эртага сафимизга қўшиладиган ёш кадрларининг ҳар томонлама жаҳон талабларига жавоб бера оладиган, бозор иқтисодиётида мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам жой олишига хизмат қиладиган фидойи ходимлар бўлиб камол топишини таъминлайди.

Шоҳида ОРИПОВА,
сенатор

Бошқа хабарлар