Мўъжизавий фавворалар шаҳарга чирой, аҳолига хушнудлик бахш этмоқда

143

Сув рақси — фаввораларни томоша қилмаган киши бўлмаса керак. Атрофида туриб фавворани кузатсангиз, қалбингизда ажиб наъшидалар жўш уради. Кайфиятингиз кўтарилади, чарчоғингиз тарқаб кетади. Ўзингизни енгил ҳис этасиз. Дилингиздаги орзу ҳаваслар фавворадан озиқ олгандек бўлади гуё. Эзгуликларга эш меҳр мавжланади.Ширин хаёлот дунёсига ғарқ бўласиз. Фавворанинг кўз илғамас чолғуларидан таралаётган оҳанг асабларингизни эркалайди, руҳингизга тетиклик бағишлайди. Ўзингизни бахтиёр сезасиз, ранг баранг шаклда, ажиб манзаралар касб этиб жилваланаётган сув рақсига янада мафтун бўлиб боқасиз.
Шифокорларнинг таъкидлашича, фавворалар рўпарасида ўтириш, унинг атрофида сайр қилиш инсон саломатлиги учун жуда фойдали экан. Мусаффо сув, унинг ёқимли овози кишига ҳузур ва ҳаловат бағишлаб, танада қон айланишини яхшилайди. Алал-оқибат кишига руҳий қувват бахш этиб, асаб тизимига ором бағишларкан.

Ёз мавсуми, айниқса, кечки пайтларда фавворалар атрофи байрамона тус олади. Одамлар оқими бир баҳя бўлса-да, асло тинмайди. Бунинг боиси фавворанинг гўзаллиги, жозибадорлиги, ажойиб мусиқалари ва роҳатбахшлиги билан изоҳланади. Бу ерга қадам ранжида қилган киши ўзини сирли ва сеҳрли оламга кириб қолгандек сезади. Шаффоф сувнинг нафис ўйинлари киши диққатини ўзига тортади.Рақсга монанд таралаётган ажиб мумтоз ашулалар, дилга хушнудлик бағишлайди. Майин шаббодалар эпкини салқин тортганча юзингизни силайди. Турли хил ­шакллар ҳосил қилаётган фавворадан сачраган зарраларни ёқимли қониқиш билан сезасиз. Жилоланаётган нурлар, ранг-баранг чироқлар сеҳри сизни орзулар осмонига парвозга чорлайди.
Фавворанинг мусиқали дастури давом этади. Яна куй, яна тарона… Машҳур киноларимизда ижро этилган, халқимиз қалбининг энг тўридан жой олган хониш­лар янграйди. Бу ашулаларни эшитишингиз билан биихтиёр кинолардаги тас­вирлар, ҳолатлар кўз олдингизга келади. Таассуротлар ва хаёлот уммонида дилингиз сархушлиги янада ортади.
Фавворалар атрофи мудом кичкинтойлар билан гавжум бўлади. Улар фавворага энг кўп талпинади. Ундан энг кўп завқ оладиганлар ҳам болалар. Фавворанинг мўъжизавий сеҳри болаларга хос тасаввурга монанд бўлса, ажаб эмас. Бу ерга жамулжам бўлган жажжилар қувончининг чеки йўқ. Шодон қийқириқлар, болаларга хос жўшқинлик, мўъжизалар оламидаги каби беқиёс ҳайрат. Фаввора ёнида 2-3 нафар кичкинтой рақсга тушмоқда, куйга монанд, оҳангга мос. Атрофдагилар ҳавас билан, завқ билан боқишаётганидан улар бехабар, митти юракларидаги қувонч дунёга сиғмайди. Болага айланиб қолгинг келади шундай пайтларда. Болаларнинг завқланаётганидан ота-оналарнинг кўнгли хотиржам, дили чароғон. Ҳаётнинг лаззати, бахт деганлари, аслида, шу эмасми?
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда фавворалар жойлашган майдонлар кўпчиликнинг ором оладиган, ҳордиқ чиқарадиган севимли масканларига айланган. Қувонарли жиҳат шундаки, илгари фавворалар катта шаҳарларда қурилган бўлса, эндиликда барча шаҳар ва туманларда ҳам замонавий фавворалар барпо қилинаётир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда «Фавворалар сайли»ни ўтказиш одат тусига кирди. Бу қизиқарли маросим юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда. Сайил куни фавворалар атрофида турли хил тадбирлар, интеллектуал беллашувлар, танловлар, спорт мусобақалари, кўргазмалар ташкил қилинаётгани одамлар эътиборини ўзига жалб этмоқда. Уларда санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, зиёли ва спортчиларнинг иштирок этиши эса байрам шукуҳига янада кўтаринкилик бахш этаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бу эса, ўз навбатида, фавворалар яратаётган гўзаллик ва завққа янгича мазмун-моҳият бағишламоқда.

Амрилло АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
ижодий уюшмаси аъзоси

Бошқа хабарлар