Рақс тушиш учун лицензиянгиз борми?

182

Севимли газетамизнинг 59-сонида эълон қилинган «Ўзбек ўзгарадими? Ёхуд эски одатлардан қачон қутуламиз?» сарлавҳали мақолада бугунги кунда барчамизни қийнаётган алмойи-алжойи удумлар билан боғлиқ асосли фикр-мулоҳазалар ўртага ташланган. Муаллиф томонидан азалий қадриятларимиз, бошқа халқларнинг тўйлари билан солиштирган ҳолда, бугун турмуш тарзига айланиб улгурган одатларимизга баҳо берилиши кишини ҳушёр торттиради.
Тўй-ҳашамларни ортиқча харажат ва дабдабаларсиз ўтказиш борасида тегишли кўрсатмалар берилган, хусусан, бу борада ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши ҳам кўзда тутилаётган бир вазиятда тўй ва тантаналардаги янгича «тартиб», расм-русумларга чек қўйишда давлат ташкилотлари билан биргаликда жамоатчилик ҳам бор кучи билан ҳаракат қилиши лозим, деб ўйлайман.
Ушбу мавзуда сўз юритганда, санъаткорлар билан боғлиқ ўта муҳим масалани асло четлаб ўтиб бўлмайди. Айтиш жоизки, тўйларда хизмат қилаётган санъат аҳли орасида фаолияти хизмат кўрсатиш саналиши, бунинг учун махсус лицензия кераклиги, олаётган даромадидан солиқ тўлаши лозимлигини хаёлига келтирмайдиганлар анчагина.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабр­даги «Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида миллий мусиқа санъатини янада ривожлантириш, бадиий жиҳатдан юксак асарларни тарғиб қилиш, лицензия талаблари ва шартларини кучайтириш каби вазифалар билан бирга, лицензиатларнинг аҳолига маданий хизмат кўрсатиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштириб берилган. Шунга қарамай, ушбу ҳужжатда белгиланган талабларга эътиборсизлик, таъбир жоиз бўлса, беписандликнинг гувоҳи бўлиш мумкин.
Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан бу йўналишда доимий равишда амалга оширилаётган назорат тадбирлари фикримизнинг исботини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида 40 дан ортиқ профилактик тадбирлар ташкил этилди. Мазкур ўрганишлар давомида 30 та ноқонуний ҳаракат аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ноқонуний концерт-томоша фаолияти билан шуғулланишни ўзига касб қилиб олган санъаткорлар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида 20 га яқин ноқонуний концерт-томоша фаолияти, яъни расмий ҳужжатларсиз сухандонлик, раққосалик, хонандалик ва созандалик билан шуғулланиб келаётган фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.
Хуллас, тўйларимизда учраётган оғриқли муаммоларни бартараф этиш, хусусан, уларда хизмат қилувчи санъаткорларнинг солиқ тўловларига бефарқ бўлмаслигини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш лозим. Давлат ташкилотлари билан фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги кўплаб масалаларга ечим топишда кўмак бериши шубҳасиз.

Дилрабо ҚУРЁЗОВА,
Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси
масъул ходими

Бошқа хабарлар