Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича АХБОРОТ

107

(Циндао шаҳри, 2018 йил 9-10 июнь)

2018 йил 9-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Н.Моди, Қозоғистон Республикаси Президенти Н.Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти С.Жээнбеков, Покистон Ислом Республикаси Президенти М.Ҳусайн, Россия Федерацияси Президенти В.Путин, Тожикистон Республикаси Президенти И.Раҳмон ва Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев иштирок этдилар.
Мажлисга Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин раислик қилди.
Мажлисда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитаси директори ­Е.Сисоев иштирок этди.
Тадбирда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти А.Ғани, Беларусь Республикаси Президенти А.Лукашенко, Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳ.Руҳоний, Мўғулистон Президенти Х.Баттулга, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари А.Муҳаммад, Жануби-шарқий Осиё давлатлари уюшмаси Бош котиби Лим Жок Хой, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижрочи котиби С.Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби ­Ю.Хачатуров, Осиёда Ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Ижрочи директори Гун Цзяньвэй, Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Т.Саркисян, Жаҳон банки вице-президенти В.Квава, Халқаро валюта фонди департаменти директори Ли Чан Ён иштирок этдилар.

Аъзо давлатлар раҳбарлари 2017 йилги Остона саммити якунларининг ижросини ҳамда жаҳон сиё­сати ва иқтисодиётида кечаётган жараёнлар асносида ШҲТни янада ривожлантиришга доир биринчи галдаги вазифаларни кўриб чиқдилар. Томонларнинг ўзаро келишилган позицияси қабул қилинган Циндао декларациясида ўз ифодасини топди.
Аъзо давлатлар ШҲТ Хартиясининг мақсад ва принципларига риоя этган ҳамда «Шанхай руҳи»га таянган ҳолда ШҲТни 2025 йилгача мўлжалланган ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошираётганлари қайд этилди. Бугунги кунда ШҲТ ноёб, нуфузли ва обрўли минтақавий бирлашма сифатида қарор топгани, Ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон аъзо бўлгандан сўнг унинг салоҳияти сезиларли даражада ошгани таъкидланди.
Сиёсат, хавфсизлик, савдо ва иқтисодиёт, жумладан, молия, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги амалий ҳамкорликни, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашни давом эттириш борасидаги истак-хоҳишлар муштарак экани билдирилди. ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси маъқулланди.
Долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйи­­ча фикр алмашиш асносида ШҲТ маконида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, янги мазмундаги халқаро муносабатлар ва ягона тақдирга эга бўлган инсоният ҳамжамиятини яратишнинг муштарак ғоясини шакллантиришга кўмаклашиш йўлида ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Аъзо давлатлар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принциплари доирасида Афғонистон, Сурия, Яқин Шарқ, Корея ярим оролидаги ва бошқа минтақавий низоларга барҳам беришнинг қатъий тарафдоридир. Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни тартибга солиш бўйича Қўшма ялпи ҳаракатлар дастурининг изчил ижросини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Аъзо давлатлар БМТнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлайди. Улар БМТнинг халқаро терроризмга қарши кураш бўйича кенг қамровли конвенцияси, шунингдек, Қозоғистон Рес­публикасининг БМТ майдонида Терроризмдан холи тинчликка эришиш бўйича хулқ кодексини илгари суриш ташаббусини қабул қилиш масаласида муросага эришиш муҳимлигини таъкидладилар.
Аъзо давлатлар раҳбарлари Қирғизистон Рес­публикаси ва Тожикистон Республикасининг БМТ Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзолигига ўз номзодларини илгари суриш истагини қайд этдилар.
ШҲТнинг хавфсизликка нисбатан таҳдидга ва хавф-хатарларга қарши самарали курашиш бўйича ўзаро мувофиқлашган муносабати ўзгармас бўлиб қолмоқда. ШҲТга аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури бу борадаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Уни амалга оширишда ШҲТ МАТТ асосий роль ўйнайди.
Қайд этилган йўналишларда томонларнинг ўзаро алоқалари учун муҳим платформа вазифасини ўтаган терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалалари бўйича Халқаро конференция якунлари (Душанбе шаҳри, 2018 йил 3-4 май) юксак баҳоланди.
Аъзо давлатлар раҳбарлари ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, ёшларни бузғунчи ҳаракатларга жалб этилишининг олдини олиш бўйи­­ча комплекс ишларни йўлга қўйиш тарафдоридир. Шу муносабат билан Ёшларга қўшма мурожаат ва унинг қоидалари ижроси бўйича Ҳаракатлар дастури қабул қилинди, Ўзбекистон Республикасининг БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Аъзо давлатлар бундан буён ҳам ШҲТнинг 2018-2023 йилларга мўлжалланган наркотикларга қарши стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури, шунингдек, наркотик воситалар ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш бўйича ШҲТ Концепцияси асосида наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттиради.
ШҲТ ахборот хавфсизлигини таъминлаш, давлатларнинг ахборот маконидаги масъулияти ва ўзини тутиши билан боғлиқ универсал халқаро қоидалар, норма ва тамойилларни ишлаб чиқиш соҳасидаги кўп кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.
ШҲТга аъзо давлатлар барқарор тараққиёт соҳасидаги Глобал масалаларни амалга оширишда БМТ марказий ўрин тутишини ёқлаши таъкидланди. Очиқ турдаги жаҳон иқтисодиётини шакллантириш мақсадида асоси Жаҳон савдо ташкилоти ҳисобланган глобал иқтисодий бошқарув, кўп қиррали савдо тизимини изчил бошқариш ва ривожлантириш архитектурасини такомиллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
ШҲТ савдо ва сармоя, савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича вазифаларни ҳал этиш, электрон савдони рағбатлантириш, хизматлар индустрия­­си ва хизматларни сотишни ривожлантириш бўйича қўшма ёндашувларни белгилаш учун қулай шароит яратишга интилмоқда. Микро, кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилади.
Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказиш тўғрисидаги ташаббус қўллаб-қувватланди. Экология муаммоларига эътиборни кучайтириш мақсадида ташкилотга аъзо давлатлар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини қабул қилди. ШҲТга аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлиги дастури лойиҳаси бўйича ишлар давом эттирилди.
Тожикистон Республикасининг «Сув — барқарор тараққиёт учун, 2018-2028 йиллар» Халқаро ҳаракат ўн йиллиги ҳамда БМТ шафелигида ушбу мавзуга бағишланган юқори даражадаги халқаро конференцияни ўтказиш (Душанбе шаҳри, 2018 йил 20-22 июнь) тўғрисидаги ташаббуси юксак баҳоланди.
Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Респуб­ликаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Хитой Халқ Республикасининг «Бир макон, бир йўл» ташаббусини қўллаб-қувватлаши тасдиқланди, уни биргаликда амалга ошириш, жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва «Бир макон, бир йўл»ни ўзаро мувофиқлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар қайд этилди.
Аъзо давлатлар раҳбарлари ШҲТ маконида кенг, очиқ, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли шерикликни шакллантириш мақсадида минтақа мамлакатлари, халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама бирлашмалар салоҳиятидан фойдаланиш тарафдоридирлар.
ШҲТда Ҳудудлар раҳбарлари форумининг ташкил этилиши ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Форумнинг биринчи мажлисини 2018 йилда Челябинск шаҳрида (Россия Федерацияси) ўтказиш мўлжалланмоқда.
ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилади.
Банк-молия соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ШҲТ Тараққиёт банки ва ШҲТ Тараққиёт фонди (Махсус ҳисоб)ни ташкил этиш масаласи бўйича умумий ёндашувлар излашни давом эттиришга доир ижобий позиция тасдиқланди.
Давлат раҳбарлари гуманитар ҳамкорликнинг халқлар ўртасида ўзаро англашув, ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашдаги алоҳида ўрнини тасдиқлаб, маданият, таълим, фан ва техника, соғлиқни сақлаш, туризм ва спорт соҳаларидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривож­лантириш тарафдори эканини билдирдилар.
ШҲТ кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан кўп тармоқли ҳамкорликни ривожлантиришга интилиши қайд этилди.
Мажлис якунида Давлат раҳбарларининг савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги баёноти ва Давлат раҳбарларининг ШҲТ маконида эпидемия таҳдидларига қарши биргаликда курашиш тўғрисидаги баёноти ҳам қабул қилинди. 2019-2020 йилларда ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги дастурини амалга ошириш бўйича Биргаликдаги ҳаракатлар режаси, ШҲТ доирасида микро, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйи­­ча ўзаро англашув меморандуми, Туну кун ишлайдиган алоқа шохобчаларининг CENcomm RILO-­­МОС­К­­­ВА тезкор платформа каналларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган ўзаро ахборот ҳамкорлиги регламенти, Озонни емирувчи моддалар ва хавфли чиқиндиларнинг трансчегаравий ҳаракати кучайиши ҳақида ахборот алмашув тўғрисидаги меморандум имзоланди.
ШҲТ Бош котибининг ШҲТнинг ўтган йилги фаолияти ҳамда Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгаши директорининг 2017 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди ва тасдиқланди.
ШҲТга аъзо Давлатлар раҳбарлари кенгаши ­В.И.Норовни (Ўзбекистон Республикаси) ШҲТ Бош котиби лавозимига ва Ж.Ф.Ғиёсовни (Тожикистон Рес­публикаси) МАТТ Ижроия қўмитаси директори лавозимига 2019 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврга тайинлади.
Остона саммитидан (2017 йил 8-9 июнь) кейинги даврда Ҳукуматлар раҳбарлари (Бош вазирлар) мажлиси (Сочи шаҳри, 2017 йил 30 ноябрь – 1 декабрь), хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашуви (Пекин шаҳри, 2018 йил 21-22 май), ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари ва навбатдаги мажлислари (Нью-Йорк шаҳри, 2017 йил 20 сентябрь, Пекин шаҳри, 2018 йил 24 апрель), Миллий координаторлар кенгаши мажлислари (Янчжоу шаҳри, Мос­ква, Пекин, 2017 йил август – 2018 йил июнь), Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгаши мажлислари (Пекин, 2017 йил 17 сентябрь, Тошкент, 2018 йил 5 апрель), ваколатли органлар чегара хизматлари раҳбарлари мажлиси (Далянь шаҳри, 2017 йил 29 июнь), фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш масалалари билан шуғулланувчи идоралар раҳбарлари мажлиси (Чўлпон ота шаҳри, 2017 йил 24-25 август), адлия вазирлари мажлиси (Тошкент, 2017 йил 20 октябрь), Олий судлар раислари мажлислари (Тошкент, 2017 йил 25-27 октябрь, Пекин, 2018 йил 25 май), санитария-эпидемиологик фаровонликни таъминлаш учун масъул хизматлар раҳбарлари мажлиси (Сочи, 2017 йил 31 октябрь), ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул вазирлар мажлиси (Москва, 2017 йил 15 ноябрь), бош прокурорлар мажлиси (Санкт-Петербург, 2017 йил 29 ноябрь), фан ва техника вазирликлари ва идоралари раҳбарлари мажлиси (Москва, 2018 йил 18-21 апрель), ШҲТ Форуми (Остона, 2018 йил 4-5 май), миллий туризм маъмуриятлари раҳбарлари (Ухань шаҳри, 2018 йил 7-11 май), мудофаа вазирлари (Пекин, 2018 йил 24 апрель), маданият вазирлари (Санья шаҳри, 2018 йил 15 май), наркотикларга қарши курашиш ваколатига эга ваколатли органлар раҳбарлари (Тяньзинь шаҳри, 2018 йил 17 май) учрашувлари, ШҲТ Хотин-қизлар форуми (Пекин, 2018 йил 15-17 май), ШҲТ ОАВ форуми (Пекин, 2018 йил 1 июнь), ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви (Пекин, 2018 йил 6 июнь) ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси Кенгаши (Пекин, 2018 йил 5-7 июнь) мажлислари, шунингдек, турли даражадаги бошқа тадбирлар ўтказилди.
Давлат раҳбарлари Хитой Халқ Республикаси томонидан ШҲТга раислик даврида амалга оширилган ишларга юқори баҳо бердилар ва Хитой томонига меҳмондўстлик ва Циндао шаҳридаги саммитнинг юксак даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирдилар.
Ташкилотнинг навбатдаги даврига раислик Қирғизистон Республикасига ўтди. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2019 йилда Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтади.

Бошқа хабарлар