ҒАЙРИҚОНУНИЙ БУЙРУҚ 2 млн. 467 минг сўмга тушди

96

Ўзбекистон туманининг «Янги ҳаёт» мавзесида яшовчи фуқаро Баҳром Шаматовнинг ишга тиклашда амалий ёрдам сўраб ёзган аризаси ҳуқуқшуносларимиз томонидан ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Б.Шаматов 2015 йилдан буён «Қўқон ёғ-мой» АЖда «Ёнғиннинг олдини олиш» бўлими қоровули вазифасида ишлаб келган.
Иш берувчи томонидан жорий йилнинг 22 январь куни чиқарилган буйруққа асосан, Б.Шаматов билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат Кодексининг 99-моддасига кўра бекор қилинган. Буйруқ чиқаришга Б.Шаматовнинг 22 январь куни ёзган аризаси асос қилиб кўрсатилади.
Меҳнат Кодекси 99-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ёки тарафлар келишуви бўйича белгиланган огоҳлантириш муддати давомида ходим берган аризасини қайтариб олишга ҳақли эканлиги кўрсатилган бўлса-да, иш берувчи томонидан огоҳлантириш муддатига риоя этилмаган. Яъни, ходимнинг 2018 йил 22 январь куни берган аризасига шу куннинг ўзидаёқ буйруқ расмийлаштирилган. Яъни, аризачининг огоҳлантириш муддати даврида аризани қайтариб олиш ҳуқуқи бузилган.
Шунга кўра, иш берувчининг фуқаро Б.Шаматов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғини бекор қилиш ва Б.Шаматовнинг ишга тиклангунга қадар мажбурий бекор юрган кунларига ўртача ойлик иш ҳақини ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, Б.Шаматовнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, унга мажбурий бекор юрган даври учун 2 млн. 467 минг 901 сўм ундириб берилди.

Авазхон ТЎРАХЎЖАЕВ,
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими етакчи юристьконсульти

Бошқа хабарлар