«Қора бозор»нинг қора томонлари

214

Таҳририятимиз Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди. Унга мувофиқ, эндиликда газета саҳифаларида долзарб мавзудаги таҳлилий материаллар, муҳим қарорлар ва ҳужжатлар моҳияти, улар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги турфа материаллар, хабар ва мақолалар чоп этиб борилади. Қуйида шу йўналишдаги дастлабки материал ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда.

Давлат иқтисодиётига жиддий зарар етказувчи, тадбиркорлик муносабатларини чалғитувчи валюта савдосининг «қора бозори» яқин-яқингача банк-молия тизимига тушов бўлиб келди. Маълумотларга қараганда, Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан 2017 йил ва жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида 5 миллион 250 минг 463 АҚШ доллари ҳамда 16 миллиард 260 миллион сўм миқдоридаги валюта қимматликларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилган. Бу рақамлар ортида қанчадан-қанча жиноий ишлар, ноқонуний хатти-ҳаракатлар борлиги, уларни аниқлагунга қадар кечган жараёнларни тасаввур этиш қийин эмас.
Илгари кўча-кўйда «Доллар, рубль, танга оламиз», дея кўлида бир даста пулни айлантириб турган «шоввозлар»га кўп бора дуч келганмиз. Кимлардир уларнинг «беминнат» хизматидан фойдалангани ҳам айни ҳақиқат. Бундай «тижорат»нинг ноқонунийлиги, қонунда белгиланган тартибда жазога тортилиши аниқлиги ўз йўлига. Лекин унинг давлатга, халққа қанчалик зарар етказаётгани алоҳида масала.
Айримлар бир қарашда «100-200 доллар билан нима ўзгарар эди», деган фикрга келиши мумкин. Бироқ «Оз-оз йиғилиб, дарё бўлур» нақли ҳали-ҳануз эскирмаган. Эшматжон юз доллар, Тошматжон яна шунча, яна фалончи пистончилар билан қўшилиб, бу рақамлар ана-мана дегунча миллионларни қоралаб қолади. Департамент ходимлари томонидан келтириб ўтилган миллион-миллион доллар ҳисоби ўйлаб топилмаган ва ёки осмондан олиб ёзилмаган. Бу ҳозирга қадар фош этилганлари, холос. Ҳали хуфёна қолгани, фаолиятини яширинча давом эттираётганлари қанча?
«Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйи­­ча биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони мамлакатимизда чет эл валютасининг кириши ва чиқиши, ички айланмаси ва айирбошланишида қатор имкониятлар яратгани сир эмас. Валюта бозорини эркинлаштириш сиёсати туфайли доллар расмий курсининг пасайиши кузатилмоқда. Бу тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулай шароит вужудга келаётганидан далолат.
Барча тижорат банкларида валюта айирбош­лаш шохобчалари фаолият юритмоқда. Эндиликда фуқаролар валюта олиш ва уни сўмга алмаштириш операцияларини эркин амалга ошир­япти. Валютани нақдлаштириб олиш учун махсус банкоматлар ҳам ўрнатилган. Бироқ айрим кимсалар яратилган имкониятдан фойдаланиш ўрнига ҳамон «қора бозор»дан кўнгил узмаётир. Бозорга йўлингиз тушса, «валюта сотиб оламан», деб ўтирган эски «валютафуруш»ларга ҳамон кўзимиз тушади. Уларнинг хизматидан воз кеча олмаётганлар ҳам кам эмас.
Бош прокуратурадан маълум қилишларича, департаментнинг Чилонзор тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Ш.Ғ. ва Ж. ўзаро олдиндан тил бириктириб, ҳар бир АҚШ долларини «қора бозор» нархида 8150 сўмдан ҳисоблаб, 27 минг АҚШ долларини ноқонуний даромад орттириш мақсадида 220 миллион сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Уларга энди суд томонидан зарурий чора кўрилади.
Шу ўринда давлат фойдасига мусодара қилинган 5 миллиондан зиёд АҚШ доллари иқтисодиётимизга ҳалол йўл билан киритилганда қандай самара беришини бир мисол ёрдамида кўриб чиқамиз. Шартли тарзда банкка тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этиш учун умумий қиймати 4 миллион 723 минг 888 АҚШ долларига тенг бўлган бизнес-режа тақдим этилиб, унга мувофиқ 7 йилга худди шу миқдордаги валюта маблағлари кредит тарзида берилиши сўралган, деб тасаввур қилайлик.
Хўш, бу кредит тақдим этилса, нима бўлади?
Биринчидан, олис бир вилоятда 150 та қўшимча иш ўрни яратилади. Бу ҳар бир оилада кам деганда 5 нафар киши истиқомат қилишини инобатга олсак, 750 нафар кишининг ҳаёт фаровонлиги ошишига имкон яратади. Қолаверса, бу камида 300 киши хорижга ишлаш учун эмас, аксинча, малакали мутахассис сифатида ўқиш ва иш ўрганиш учун боради, деганидир.
Иккинчидан, олис қишлоқларга саноат индус­т­рияси кириб келади. Бунинг натижасида у ердаги йўл, электр энергияси ва табиий газ таъминоти яхшиланиб, қўшимча инфратузилмалар яратилади.
Учинчидан, Ўзбекистон бозори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари билан бойийди, бир йилда 3 миллион 482 минг 672 АҚШ долларига тенг бўлган тўқимачилик маҳсулотлари ва ётоқ жилд­ларини хориждан валютага сотиб олмаймиз.
Тўртинчидан, мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг ошишига ҳисса қўшилади. Оқибатда миллий иқтисодиётга қўшимча валюта тушуми кўпаяди, кейинроқ яна шунақа корхоналар очилишига замин яратилади.
Бешинчидан, маҳаллий бюджетга айнан шу лойиҳа бўйича жами 2 371 349 АҚШ доллари миқдорида солиқ ва бошқа тушумлар амалга оширилади. Демакки, олис туманлар ва қишлоқларнинг бюджет имконияти ошади, пенсия ва бошқа тўловлар кечиктирилишининг олди олинади.
Кўриниб турганидек, биргина валюта соҳасидаги қонунбузарлик мамлакатимиз иқтисодига қанчалик зарар келтирса, пухта ўйланган қонуний саъй-ҳаракат шунчалик кўп фойда келтириши маълум бўлади. Бинобарин, қонунга риоя қилиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ҳисобланади.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар