Ҳақ эгасининг ҳаққи

150

Ижтимоий ҳимоя деганда, аввало, аҳоли орасида иқтисодий жиҳатдан қийналган, ўзининг эҳтиёжини қоплаш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш тушунилади. Шу маънода Қуръони карим ва ҳадиси шарифда бу масалага жуда катта эътибор қаратилган. Чунончи Қуръони каримда ижтимоий ҳимоя мавзусида 263 та ўринда сўз юритилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади: «Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва ­дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас». («Қасос» сураси, 77-оят). Ушбу оятдан Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг ҳақиқий эгаси экани ва бандаларини Ўзи белгилаб берган меъёрга мувофиқ иш юритишга буюргани маълум бўлади. Бу меъёр охиратда Аллоҳнинг розилигини топиш умидида бу дунёда унга итоат қилишдан иборат. Ибодатларни тўлиқ адо этиш, хайр-садақа ва закот бериш ушбу итоатлар сирасига киради.
Бойларга яхшилик тариқасида Аллоҳ томонидан берилган молдан жамиятдаги муҳтожларга эҳсон қилишга буюриш эса шу молда Аллоҳнинг ҳам ҳақи борлигини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шу ҳақни фақир ва муҳтож бандаларига беришга буюради. Фақир ва мискинлар бойлардан садақаларни олишни ўзларига ор деб билмаслиги учун муҳтожларнинг молдаги насибаларини уларнинг ҳақлари деб қарайди. Улар Қуръон оятига биноан ўз ҳақларини худди шерикчилик орқали топилган даромаддаги ўз улушларини олгандек қабул қилишлари лозим бўлади.
Ислом динида, фақирлик муаммосини ҳал қилишда, аввало, ўша фақирларни меҳнат қилишга, бирор-бир касб-ҳунар билан шуғулланишга тарғиб қилиш, дангасаликдан қочишга чақириш билан эришиш лозимлиги таъкидланади. Шу билан бирга, жамиятда меҳнатга ярамайдиган ёки муносиб иш топа олмаётган ёки иши бор-у, бироқ ундан оладиган даромади эҳтиёжини қоплашга етмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга нисбатан ҳам Ислом дини ўзига хос тарзда раҳнамолик қилишга йўллайди. Ислом дини учта асосий қисм — эътиқод, шариат ва ахлоқдан ташкил топган бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга раҳнамолик қилиш мана шу қисмларнинг ҳар бири билан чамбарчас боғлиқдир. Эътиқод ва имон билан боғлиқлик жиҳати «Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг эгаси», деган ақидага таянади. Албатта, Аллоҳ бандаси қўлидаги молидан бир қисмини муҳтожларга беришни амр қилган. Мўмин киши эса ўз ақидасига содиқ қолган ҳолда ушбу буйруқни амалга оширади. Чунки Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар: «Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб қорни тўқ ётган киши мўмин эмас» (Ҳоким ривояти).
Ижтимоий ҳимоянинг шариат билан боғлиқлиги Ислом арконларидан бири бўлмиш закотда яққол намоён бўлади. Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли бўлган кишиларни Қуръони каримда бирма-бир баён қилган: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир». («Тавба» сураси, 60-оят). Ижтимоий ҳимоянинг Ислом дини ахлоқий жиҳати билан боғлиқлигини бошқа садақалар борасида кўриш мумкин. «Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): «Бизлар сизларни фақат Аллоҳ «юзи» учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз». («Инсон» сураси, 7-9-оятлар). Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исломдаги ижтимоий ҳимоя фақат моддий томон билан чекланиб қолмайди, балки ижтимоий ва руҳий қўллаб-қувватлаш билан ҳам ўзига хосдир. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар: «Биродаринг­нинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақа, яхшиликка буюришинг ҳам садақа, ёмонликдан қайтаришинг ҳам садақа, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб юборишинг ҳам садақа, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам садақа, йўл юзида ётган тошни, тиканни, суякни четга олиб қўйишинг ҳам садақа, челагингдаги сувдан биродарингнинг челагига қуйиб беришинг ҳам садақадир». (Термизий ривояти).
Ислом динида бетоб кишиларни зиёрат қилиш, таниган ва танимаганга салом бериш, ҳатто инсонни сўнгги йўлга кузатиш, яъни жанозасида иштирок этиш, унинг яқинларига таъзия билдириш борасида ҳам етарли кўрсатмалар берилган ва бу амаллар учун улуғ савоблар ваъда қилинган. Буларнинг барчаси инсонларнинг кўнглига хурсандлик киритадиган, ижтимоий алоқани яна ҳам мустаҳкамлайдиган исломий фазилат саналади. Айни пайтда Ислом динида муҳтожга ёрдам қўлини чўзишдан қочиш, бундан бўйин товлаш қаттиқ қораланади. Қуйидаги ҳадисдан шу маънони англаш мумкин: Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: «Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла айтади: Эй, Одам боласи! Мен бетоб бўлдим, сен эса мени кўргани келмадинг! У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай кўргани бораман? У айтади: Фалон бандам бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, ўша ерда мени топ­ган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Сендан таом сўрадим, сен эса бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай таомлантирай? У дейди: Фалон бандам сендан таом сўраганда сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни ҳозир шу ерда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, сенга қандай қилиб сув берай? У дейди: Фалон бандам сендан сув сўради, сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни менинг ҳузуримдан топишингни билмасмидинг? (Муслим ривояти).
Исломда ижтимоий ҳимоя нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида бўлиши, балки бу имтиёздан ғайридин вакиллари ҳам фойдаланиши, мусулмон жамиятида яшаётган бошқа дин кишиларига ҳам ғамхўрлик қилиниши лозим экани таъкидланган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қилганлар: «Ким зиммийга азият етказса, мен у билан хусуматлашаман. Мен ким билан хусуматлашсам, қиёмат кунида ундан ҳаққимни оламан».
Зикр қилинишича, Умар ибн Абдулазиз Басра шаҳридаги волийси Адий ибн Артоътга йўллаган мактубда шундай ёзган экан: «…Қарамоғингдаги аҳли зиммалардан қайсиларининг ёши кексайиб, қуввати заифлашиб, касб қилишга қурби етмай қолган бўлса, уларга байтул молдан етарли миқдорда нафақа ажратилишини жорий қилгин. Шунинг учунки, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб р.а. уйма-уй юриб, одамлардан тиланчилик қилиб юрган аҳли зиммалардан бўлмиш бир қарияга «Ёшлик вақтингда сендан жизя олсагу, кексайган вақтингда қаровсиз қолдирсак, сенга нисбатан инсофсизлик қилган бўламиз», деганлар ва унга етарли миқдорда байтул молдан нафақа беришни жорий қилганлар». Бундан келиб чиқадики, Ислом тарихида биринчи марта давлат хазинаси ҳисобидан кексаларга ижтимоий таъминот учун нафақа тайинланиши Умар ибн Хаттоб давридан бошланган. Бу эса Ислом дини ижтимоий ҳимоя борасида ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этишга кенг тарғиб қилувчи дин эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Муқаддас Раззоқова
тайёрлади.

Бошқа хабарлар