Эзгулик йўли «Вақф» хайрия жамоат фонди иш бошлади

184

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Мазкур фондни тузишдан кўзланган асосий мақсад хайр-эҳсонларни тўғри йўналтириш ва назорат ўрнатишдан иборат. Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, диний таълим муассасалари тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш каби бир қатор хайрли ишлар учун сарфланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, фондга хайрия маблағларини элект­рон тўлов тизими орқали ҳам ўтказиш мумкин. Бундан ташқари, вақф, закот, ушр, фитр ва бошқа хайрия маб­лағларини пластик карталар орқали ўтказиш имкони ҳам бор. Тошкент шаҳридаги 12 та масжид ва «Зангиота» зиёрат мажмуасига инфокиоскалар ўрнатилди. Келгусида улар бошқа масжидларда ҳам ўрнатилади.
Шу ўринда вақф, закот, ушр, фит­р­­­­­нинг маъноси ва уларнинг бир-биридан фарқи нима, деган савол туғилиши табиий. Уларнинг мазмун-моҳиятига қисқача тўхталадиган бўлсак, бирор мулк­­ни Аллоҳнинг мулки ҳисобида сақлаш «вақф» деб аталади. Вақф қилинган мулк унинг эгаси мулкидан ажратилади ва уни вақф этишда тайинланган жиҳатга сарф қилинади ва савоби абадий бўлади. Бундай мулк сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
Энди закотга тўхталадиган бўлсак, у давлати зиёда кишиларга тааллуқлидир. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 16 000 000 сўм ёки ундан кўп маблағи бор инсонлар унинг қирқдан бирини закот учун бериши фарз ҳисобланади.
Фитр садақаси закотдан кенг қамровлилиги билан фарқ қилади. Абдуллоҳ ибн Умар (рози­я­л­­­лоҳу анҳумо)нинг ривоят қилишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини мусулмонлардан ҳар биттасига — хоҳ озод, хоҳ қул, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин хурмодан бир соъ — 2,917 кг. ёки арпадан бир соъ тарзида (бермоқни) фарз қилдилар».
Ушр садақаси эса деҳқончиликдан келадиган даромаднинг ўндан бири ҳисобидан хайр-эҳсон қилиш демакдир. Мазкур садақаларнинг миқдори ҳар йили диний идора томонидан белгиланади.
«Вақф» фонди фақат вақф мулкидан иборат эмас. Унинг маб­лағлари 3 қисмга бўлинади: 1. Хайрия бўлими. 2. Вақф бўлими. 3. Закот, ушр, фитр ва фидя бўлими. Ҳозирги кунда учта бўлимнинг ҳам алоҳида-алоҳида ҳисоб рақами мавжуд. Ҳар ким ўзи хоҳлаган бўлимнинг ҳисоб рақамига маблағ ўтказса, ўтказилган маб­лағ шариатда айтилган ўринларга сарф қилинишига шак-шубҳа йўқ. Кимдадир фонд фаолиятига нисбатан шубҳа уйғонадиган бўлса, эҳсон беришда иккиланишга ҳожат йўқ. Чунки холис ният билан эҳсон берган киши ўз ниятига яраша савобга эга бўлаверади, ўзига тегишли бўлмаган маблағни биров ўзлаштирган тақдирда ҳам садақа берувчининг савоби камайиб қолмайди. Эҳсонни суиистеъмол қилганлар эса қиёмат куни ўз қилмишларига яраша жазоланади. Қолаверса, «Вақф» фондининг ҳар бир хайрия тадбири жамоат­чилик назорати остида амалга оширилади. Вақти-соати етганда вақф мулки ва маблағлари ўз эгаларини топаверади.

Шаҳзода ҲАКИМОВА
тайёрлади.

 

«Вақф» хайрия жамоат  фондига пул ўтказиш усуллари:

Манзили: 100002, Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уй. СТИР: 207276595. Банк реквизитлари: Ҳ.р. 20212000800881753001.
Банк ҳисоб рақамлари:
АТИБ «Ипотека-банк» Юнусобод филиали;
МФО: 00837; СТИР: 207276595;
Ҳ.р. 20212000000881753002 — «Хайрия»
Ҳ.р. 20212000100881753003 — «Закот, фитр, ушр, фидя»;
Ҳ.р. 20212000300881753004 — «Вақф».
Clik:8801100#ussd ёки «Clik Uzbekistan» иловаси ва @clicuz телеграм боти, «Payme» ва «Mbank» иловаси орқали.
Пул ва тилла буюмлар закоти:
1. 2018 йил учун 16000000 сўмдан 400000 сўм.
2. 85 грамм ёки ундан кўп тиллоси бор киши қирқдан бирини ёки унинг қирқдан бир қийматини берса ҳам бўлади;
Чорва ҳайвонларининг закоти:
1. 1 тадан 39 тагача закот йўқ;
2. 30 тадан 39 тагача — бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ;
3. 40 тадан 59 тагача — икки ёшли урғочи бузоқ;
4. 60 тадан 69 тагача — 2 та эркак ёки урғочи 1 ёшли бузоқ;
5. 70 тадан 79 тагача — 1 та 2 ёшли урғочи ва 1 та 1 ёшли эркак бузоқ;
6. 80 тадан 89 тагача — иккита 2 ёшли урғочи бузоқ;
7. 90 тадан 99 тагача — учта 1 ёшли бузоқ;
8. 100 тадан — иккита 1 ёшли, битта 2 ёшли, битта бузоқ ва ҳоказо.
Қўйнинг закоти:
1. 1 тадан 39 тагача закот йўқ;
2. 40 тадан 119 тагача — битта қўй;
3. 120 тадан 200 гача — иккита қўй;
4. 201 тадан 399 тагача — учта қўй;
5. 400 тадан 499 тагача — тўртта қўй;
6. 500 тадан 599 тагача — бешта қўй ва ҳоказо.

Эслатма: Мазкур ҳайвонлардан закот беришда
уларнинг олти ойдан кўпроқ вақт мобайнида
яйловда ўтлаб юрган бўлиши шартлиги
ҳисобга олиниши зарур.

Бошқа хабарлар