Бошланиши чакки эмас Кўрамиз — бу ёғи қандай кечаркин?

140

Старт олганига ҳеч қанча вақт ўтмай Россия стадионларида  бошланган бу галги Жаҳон чемпионати
футболга бўлган муносабатга жиддий  ўзгаришлар киритадиган, спортнинг энг оммавий турига нисбатан қизиқишни янги, янада юқори поғонага олиб чиқадиган кўринади.

Кўпни кўрган мухлислар яхши билишади: аввалги мундиалларда чемпионатни бошлаб берган учрашувда аксарият ҳолларда кичик ҳисоб қайд этилгувчи эди. Ҳаяжон зўрлигиданми ёки масъулиятнинг кучли эканлигиданми, ҳар ҳолда ҳадиксирашга ўхшаш вазиятлар туфайли, таъбир жоиз бўлса, қандайдир нурсиз футболни кузатишдан бошқа чора қолмасди.
Кутилмаган ҳол юз берди. Назорат учрашувларидаги ўйин савиясидан норозиланган мутахассислар ва ашаддий ишқибозларни ҳайратга солиб майдон эгалари Саудия Арабистони дарвозасини жавобсиз беш бор ишғол қилиб, сенсациялар занжирининг биринчи ҳалқасини тақдим этишга муваффақ бўлди.
Бугина эмас. Чемпионатнинг уч куни якунига кўра, белгиланган пеналтиларнинг иккитаси ҳавога совурилди. Икки футболчи эса ўз дарвозасига гол уриб қўйди.
Яна сенсацияларга қайтамиз. Кимсан Аргентина ўртаҳол жамоа ҳисобланмиш Исландия билан дурангга (ҳисоб — 1:1) имзо чекади деб ким ҳам ўйлабди дейсиз. Бразилияни айтмайсизми?! Швейцария билан 1:1 ҳисобида ўйнаб, чемпионатга қандай юксак мақсадлар билан ташриф буюрганини исботлай олмай ўтирибди! Германия эса…
Очиғи, буни ҳеч ким кутмаганди. Ҳатто мексикаликларнинг ўзи ҳам. Амалдаги чемпион учун гарчи кичик ҳисоб билан бўлса-да, мағлубиятга учраш ўта аламли эканлигини, албатта, тушуниш мумкин.
Ҳаммасидан ҳам оммавий ахборот воситаларида тарқалган мана бу антиқа хабарни айтмайсизми?! Эмишки, мексикаликлар рақиблари дарвозасига киритилган голни шу даражада бақириб-чақириб, тинимсиз ва ёппасига сакрашлар билан кутиб олгани 2 баллик зилзилага олиб келибди! Мана буни футбол, мана буни олқишлаш деса бўлади…
Бошқа ўйинларга нисбатан ҳам кўплаб ҳайратомуз фикрларни айтиш мумкин. Хабарингиз бор, Португалия ва Испания терма жамоалари ўртасидаги учрашув 3:3 ҳисобида ҳақиқий маънода жанговар дуранг билан якун топди. Пириней ярим оролида жойлашган қўшни давлатлар «чарм тўп» усталари бутун дунёга футбол қанақа бўлишини кўрсатиб қўйишди. Айниқса, моҳир ҳужумчи Криштиану Роналдунинг юлдузи чарақлаб порлади. У ҳар уччала гол муаллифига айланди ва чемпионатда биринчи хет-трикка эришди.
Дарвоқе, мундиалнинг амалга оширилган биринчи пеналтиси ҳам Роналдуга тегишли. Энг қизиғи, иккинчи пеналтини ижро этишда Аргентинанинг биринчи рақамли футболчиси Лионель Месси оқсоқликка йўл қўйди. Унинг тепган тўпини Исландия терма жамоаси дарвозабони бартараф этиб, учрашув қаҳрамонига айланди.
Икки футболчи эса… Марокаш ва Эрон термалари ўртасидаги тиғиз ва муросасиз баҳсда африкалик ҳимоячи Азиз Буҳаддузнинг ўз дарвозасини боши билан ишғол қилиб қўйиши туфайли 0:1 ҳисобидаги ачинарли мағлубият қайд этилди.
Худди шундай ҳолат хорватияликлар билан кечган ўйинда Нигерия терма жамоаси аъзоси Этебо билан ҳам юз берди.
Чемпионатда яна бир янгилик амалда ҳаётга татбиқ этилди. Яъни, икки марта видеотакрор аралашуви билан ҳакамлар ўз қарорини ўзгартириб, ўйин қоидаси бузилгани учун пеналти белгилади. ­Австралия билан кечган учрашувда ф­­­­ранцузлар бу имкониятдан сўнг олдинга чиқиб олган ва якунда 2:1 ҳисобида зафар қучган бўлсалар, перуликлар бу туҳфани бой беришди.
Ўз-ўзидан савол туғилади. Жорий этилган янгилик ҳакамлар нуфузига салбий таъсир этмайдими? Ким билсин, адолат қарор топиши учун бу фақат яхшиликка хизмат қилар.
Шак-шубҳасиз, ўйинларнинг савияли ўтиши ҳакамларга бевосита боғлиқ бўлиб, бу жиҳатдан биз ҳамюртимиз Равшан Эрматов билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
— Равшан ака шу пайтгача 9 та учрашувни бошқарган, — дей­ди ФИФА рефериси Ахрол Рис­қуллаев. — Бу — рекорд натижа. Ўз-ўзидан тушунарлики, ушбу рекорд яна янгиланади: 11 тами, 12 тами, балки ундан ҳам кўпроққадир.
Биз эса Равшан Эрматовнинг биринчи рақамли ҳакам сифатида эътироф этилишига чин дилдан тилакдошмиз.
Дастлабки ўйинларни кузатган мухлислар, ўйлаймизки, маълум даражада тегишли хулосаларни чиқариб олишди. Кўриб турибмизки, Ўзбекистон термаси ҳам бемалол ушбу кучли ўттиз иккиталикдан жой олишга ҳақли экан. Таассуфки…

З.РИХСИЕВ

Бошқа хабарлар